Энди судга бормаган мансабдор шахслар жазоланиши мумкин
Жамият
−
20 Январь 2898 2 дақиқа
Ўзбекистонда асоссиз сабаблар билан судга бормаган мансабдор шахсларга нисбатан суд жарималари қўлланилиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 20 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида маълум қилинган фуқаролар ва тадбиркорлар учун иқтисодий ҳамда маъмурий судларга мурожаат қилишда қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган қонун лойиҳасида сўз боради.
Лойиҳа маъмурий суд ишларини юритиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, уни замонавий ва халқаро стандартларга мос механизмлар билан бойитишни назарда тутади. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс ҳамда “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши режалаштирилмоқда.
Лойиҳага мувофиқ, давлат органининг қарори ёки ҳужжатига ишониб, виждонан ҳаракат қилган фуқаро ёки тадбиркорнинг ҳуқуқлари қатъий ҳимоя қилинади. Давлат органи хатоси учун ҳалол фаолият юритган шахс жавобгарликка тортилмаслиги қонун даражасида мустаҳкамланмоқда.
Қонун лойиҳасидаги энг муҳим янгиликлардан бири – давлат органлари мансабдор шахсларининг суд мажлисларида иштирок этиши мажбурий этиб белгиланмоқда. Эндиликда асоссиз сабабларга кўра суд мажлисларига бормаган мансабдор шахсларга нисбатан суд жарималари қўлланилиши назарда тутилмоқда. Бу чора давлат органлари масъулиятини ошириш, суд жараёнларида ҳақиқий тортишув ва очиқликни таъминлашга хизмат қилиши таъкидланган.
Шунингдек, маъмурий суд ишларини юритишда дастлабки эшитув институти жорий этилмоқда. Ушбу босқич суд муҳокамасигача далилларни тўплаш, даъво талабларини аниқлаштириш ва тарафларни келиштириш имконини беради. Натижада ишларни кўриб чиқиш муддати қисқариб, суд харажатлари камайиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, судга ҳурматсизлик қилганлик ёки суднинг хусусий ажримларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарликка тортиш ваколатини бевосита маъмурий судларнинг ўзига бериш таклиф этилмоқда. Бу суд ҳокимиятининг нуфузи ва таъсирчанлигини янада кучайтириши кутилмоқда.
Йиғилишда яна бир муҳим масала — қарздорлар учун суд харажатларини енгиллаштиришга қаратилган норма муҳокама қилинган. Қонун лойиҳасига кўра, агар кредитор, давлат солиқ хизмати органи ёки бошқа ваколатли идора томонидан қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик бўйича иш қўзғатилса ва ушбу иш алоҳида тартибда кўрилмасдан қолдирилса, қарздор томонидан тўланган давлат божи қайтарилади. Бу такрорий аризалар билан боғлиқ ортиқча молиявий харажатларнинг олдини олишга қаратилган.
Муҳокама якунида қонун лойиҳаси депутатлар томонидан концептуал жиҳатдан маъқулланиб, биринчи ўқишда қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ота исмидан ҳам фамилия сифатида фойдаланишга рухсат берилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси