Энди Путинни танқид қилган релокантларнинг мулки тўлиқ ҳибсланади
Олам
−
23 Май 2406 2 дақиқа
Энди Россияни тарк этган ҳокимият танқидчиларининг мол-мулки уларга қўйилган жарима миқдоридан қатъи назар ҳибсга олинади. Давлат думасининг Давлат қурилиши ва қонунчилик қўмитаси тегишли қонун лойиҳасининг иккинчи ўқиши учун шундай тузатишни маъқуллади. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси базасидаги материалларда келтирилган.
Ҳужжатга кўра (Дума уни янгиланган кўринишда 26 май куни кўриб чиқади), ҳибсга олинган мол-мулкнинг қиймати жарима миқдоридан ошмаслиги кераклиги ҳақидаги норма сиёсий моддалар бўйича айбланган релокантларга (хорижга кўчиб кетганларга) нисбатан бекор қилинади. Ушбу моддалар қаторига Россия Қуролли кучларини “дискредитация қилиш”, “номақбул ташкилотлар” фаолиятида иштирок этиш, “чет эл агенти” фаолияти тартибини бузиш, санкцияларга чақириш ва бошқалар киради.
Депутатлар тегишли ўзгартиришларни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг мол-мулкни ҳибсга олишни тартибга солувчи 27.20-моддасига киритишни таклиф қилмоқда. Қонун лойиҳасининг 2024 йилда Думага тақдим этилган дастлабки версиясида бу норма мавжуд эмас эди. Эндиликда тузатишлар тасдиқланганидан сўнг, судлар хориждаги россияликларнинг миллионлаб рубллик мулкини, ҳатто жарима миқдори бир неча баробар кам бўлса ҳам ҳибсга олиши мумкин бўлади.
Шу билан бирга, ишлар сиртдан кўриб чиқилади: чет элдаги шахсга суд қарори билан давлат ҳимоячиси тайинланади. Қонун 2026 йил 1 сентябрдан кучга кириши керак.
“Хорижий давлатлар ҳудудларида турли жамоатчилик етакчилари ва фаоллари томонидан Россия Федерацияси манфаатларига қарши қаратилган фаолият амалга оширилаётганига оид ёрқин мисоллар мавжуд”, дейилади лойиҳага илова қилинган тушунтириш хатида.
Депутатлар ушбу қонуннинг қабул қилинишини релокантларга нисбатан “профилактик таъсир чораларини қўллаш”, шунингдек, “Россиянинг ҳудудий яхлитлиги ва конституциявий тузуми асосларини бузишга қаратилган чақириқлар билан боғлиқ ҳаракатларга чек қўйиш” зарурати билан изоҳламоқда.
Мазкур қонуннинг қабул қилинишини 2023 йилдаёқ Дума спикери Вячеслав Володин эълон қилган. У мамлакатга “оммавий равишда лой чаплашда” давом этаётган, кетган россияликларнинг мулкини мусодара қилишни бошлашни талаб қилган.
“Бу аблаҳлар бизнинг мамлакатимиз туфайли фаровон яшамоқдалар. Хорижда туриб кўчмас мулкларини ижарага беришади, Россия фуқаролари ҳисобидан гонорарлар олишда давом этишади. Шу билан бирга, аскар ва офицерларимизни ҳақорат қилишади. Одил судлов уларга етиб бора олмайди деб ўйлаб, ўзларини жазосиз қолгандек ҳис қилишмоқда”, деб ёзган Володин.
Live
Барчаси