Энди ходимлар ишхона ҳисобидан саёҳатга чиқиши мумкин

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Республика иқтисодиётида туризмни стратегик даражага кўтариш, ички туризм хизматларини диверсификация қилиш ва ҳажмини кескин кўпайтириш, фуқароларни мамлакатимизнинг туризм салоҳияти билан таништириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, тақдим этилаётган туризм хизматлари сифатини яхшилаш ва жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини ошириш, туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча имкониятлар яратиш, замонавий хизматлар инфратузилмасини жадал ривожлантириш, шунингдек, аҳолини иш билан таъминлаш ва уларнинг даромад манбаини кенгайтириш мақсадида:

1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2022 йил 1 июндан бошлаб “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида:

жамоа шартномаларига иш берувчилар томонидан ходимлар учун йилига бир маротаба маҳаллий саёҳатга чиқиш имконини яратиш қоидалари киритилади;

саёҳат харажатларининг бир қисми иш берувчиларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қоплаб берилади.

2. Қуйидагилар “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида ички туризмни ривожлантириш учун масъул этиб белгилансин:

ёшлар, айниқса, таълим муассасалари ўқувчи-талабалари учун туризмнинг тарихий билим берувчи, маданий-кўнгилочар, экстремал, экологик, этно- ва пляж туризми турлари бўйича – Ёшлар ишлари агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги;

меҳнат, маҳаллалар жамоалари учун туризмнинг ишбилармонлик, экстремал, экологик, агро-, этно- гастрономик турлари бўйича  Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги;

хотин-қизлар учун туризмнинг зиёрат, маърифий, ижтимоий, маданий-кўнгилочар, экологик, этнотуризм турлари бўйича – Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги;

фахрийлар, нуронийлар ва пенсионерлар учун туризмнинг зиёрат, тиббиёт, соғломлаштириш туризми турлари бўйича – Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва “Нуроний” жамғармаси.

Мазкур масъул ташкилотлар ўз йўналишлари бўйича ҳар йили иш берувчилар билан биргаликда ходимлар республика бўйлаб саёҳатга чиқиши учун саёҳат графикларини тасдиқлашни ҳамда саёҳатни амалга оширишни таъминласин.

3. “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида ички туризмни ривожлантиришни мувофиқлаштириб бориш учун масъул этиб Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари белгилансин.

4. Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари (кейинги ўринларда – маҳаллий туристлар) учун “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида республика ҳудудлари бўйлаб ички саёҳатларни амалга ошириш харажатларининг бир қисмини қайтариш (“Cashback”) (кейинги ўринларда – Саёҳат харажатларини қайтариш) тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) Саёҳат харажатларини қайтариш ички саёҳатларни режалаштириш ва маблағларни қайтариш ҳамда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида тақдим қилинадиган чегирмалар, тайёр туристик пакетларни мустақил шакллантиришни назарда тутувчи электрон платформа, шу жумладан, унинг мобиль иловаси (кейинги ўринларда – Платформа) орқали амалга оширилади;

б) Саёҳат харажатларини қайтариш саёҳат қилиш давомида бир вақтнинг ўзида қуйидагилар назарда тутилганда амалга оширилади:

авиа, темир йўл ва (ёки) автомобиль транспортидан фойдаланиш;

жойлаштириш воситалари хизматларидан фойдаланиш;

маданият ташкилотларига ташриф буюриш;

в) Саёҳат харажатларини қайтариш ҳар бир туристга қуйидаги миқдорларда амалга оширилади:

авиақатнов орқали бориб-келиш чиптаси нархининг 15 фоизи, лекин 150 минг сўмдан ошмаган миқдорда;

темир йўлда ёки автобусда бориб-келиш чиптаси нархининг 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;

жойлаштириш воситасида тунаб қолиш харажатининг 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;

театр, музей, цирк ва бадиий галереяларга ҳар бир ташриф чиптаси нархининг 50 фоизи, лекин 20 минг сўмдан ошмаган миқдорда;

г) саёҳат харажатлари фақатгина Платформа орқали амалга оширилган ички саёҳатлар учун унинг якуни билан маҳаллий туристларнинг банк карталарига қайтарилади;

д) Платформа Давлат солиқ қўмитасининг махсус мобиль иловаси (SoliqUz) билан интеграция қилинган ҳолда, харажатлар ҳаққонийлиги мобиль илова ёрдамида текширилиб, харид чекининг матрицали штрих кодини (QR-код) ҳамда маҳаллий туристларнинг доимий яшаш жойларини кўрсатиш орқали саёҳатлар рўйхатдан ўтказилади.

5. Молия вазирлиги республика бюджетининг қўшимча маблағлари ҳисобидан саёҳат харажатларини қайтаришни молиялаштириш учун жорий йилда жами 30 миллиард сўм, жумладан, унинг биринчи босқичини молиялаштириш учун бир ҳафта муддатда 10 миллиард сўм миқдоридаги маблағларнинг Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасига (кейинги ўринларда – Жамғарма) ажратилишини таъминласин.

Туризм ва маданий мерос вазирлигига Платформани ишлаб чиқиш бўйича буюртмачи бўлиш, унга хизмат кўрсатиш, унинг фаолиятини такомиллаштириб бориш ва доимий равишда техник қўллаб-қувватлаш функциялари юклатилсин.

6. Қуйидагилар:

а) Туризм ва маданий мерос вазирлиги (А.Абдухакимов):

2022 йил 1 сентябрга қадар Платформани ишлаб чиқиш ва ишга тушириш;

2022 йил 1 октябрга қадар жойлаштириш воситалари, туроператор ва турагентлар, гид (гид-таржимон), йўриқчи-йўл бошловчи ва экскурсия етакчилари Платформа орқали ўз хизматларини йўлга қўйишлари учун барча шароитларни яратиш;

туризм соҳаси субъектлари ўртасида Платформа имкониятларини доимий тарғиб қилиб бориш;

Платформага хизмат кўрсатиш ва кейинчалик модернизация қилиш ҳамда доимий равишда техник қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш;

б) Транспорт вазирлиги (И.Махкамов):

Транспорт вазирлигининг “Uztrans” ягона интерактив ахборот тизими, шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Uzbekistan airways” АЖ ва бошқа йўловчи ташиш лицензиясига эга ташкилотларнинг электрон чипталарни харид қилиш порталларини Платформага интеграция қилиш ва доимий равишда узлуксиз фаолият олиб боришини таъминлаш;

темир йўл қатновлари сонини кўпайтириш ва аҳолининг саёҳат қилиши учун уларнинг қулай логистикасини яратиш;

Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда туроператор ва турагентлар таклифларига асосан туризм салоҳияти юқори бўлган туман ва шаҳарларни ўзаро боғловчи темир йўл ва автобус қатновларини тезкорлик билан йўлга қўйиш;

в) Маданият вазирлиги (О.Назарбеков) ва Маданий мерос агентлиги (Ш.Нуруллоев) маданият ташкилотлари, шу жумладан, моддий-маданий мерос объектлари чипта чекининг фискал белгисини матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш орқали Платформада рўйхатдан ўтказиш учун шароит яратиш;

г) Давлат солиқ қўмитаси (Ш.Кудбиев) махсус мобиль илова (SoliqUz)ни Платформа билан интеграция қилиш, шунингдек, унинг узлуксиз фаолият олиб бориши ҳамда хизмат кўрсатиладиган объектларда чипта чекининг фискал белгисини матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш орқали Платформада рўйхатдан ўтказиш учун шароитлар яратилганлиги ҳолатини ўрганиш мақсадида мунтазам профилактика ишлари олиб борилишини ташкил этиш;

д) Адлия вазирлиги (Р.Давлетов) “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларининг ягона электрон архиви” ахборот тизимини Платформага интеграция қилиш ва узлуксиз фаолият олиб бориши юзасидан шахсан масъул этиб белгилансин.

7. Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Сув хўжалиги вазирлигининг “Ўзбекистон туризм магистрали” туризм транспорт коридори (кейинги ўринларда – Туризм транспорт коридори) бўйлаб автомагистраль йўллари ва йўл бўйидаги инфратузилма ҳолатини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи таклифларига мувофиқ, белгиланган тартибда Туризм транспорт коридори бўйлаб ер участкаларини реализация қилиш ва автомагистраль йўллари бўйлаб замонавий стандартларга жавоб берадиган “Карвонсарой”ларни ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

8. Белгилансинки, Туризм транспорт коридори бўйлаб туризм хизматлари йўлга қўйиладиган объектлар Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган ва тасдиқланадиган намунавий лойиҳалар асосида барпо этилади. Бунда:

ҳар бир “Карвонсарой”нинг ташқи кўриниши анъанавий архитектура ва ушбу ҳудуднинг ўзига хослигини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилиши;

ҳар бир “Карвонсарой”да туризм хизматлари, ҳунармандчилик ва маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси, автомобилларга, шу жумладан, электромобилларга хизмат кўрсатиш шохобчалари, автотураргоҳ ҳамда замонавий санитария-гигиена шохобчаларининг мавжуд бўлиши;

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар бир “Карвонсарой” атрофида дарахт ва бута кўчатларини экиш назарда тутилади.

9. Туризм ва маданий мерос вазирлиги Қурилиш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда замонавий “Карвонсарой”ларни ташкил этиш бўйича манзилли рўйхатни шакллантирсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Бухоро, Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда тегишлича Ақчакўл, Ашши кўл, Зикри кўли, Айдаркўл, Тузкон кўли ва Тўдакўл ҳудудларида ҳайвонот дунёси объектларини муҳофаза қилиш мақсадида уларнинг яшаш муҳити, хусусан, асосий тўпланиш жойи сифатида белгиланган ҳудудларга кирмайдиган ер майдонларида пляж зоналарини ташкил қилиш учун ер участкаларини 10 йилгача бўлган муддатга белгиланган тартибда ижарага бериш чораларини кўрсин.

Белгилансинки, пляж зоналари ҳудудида экологик ва санитария талабларига жавоб берадиган енгил конструкцияли бино ва иншоотлар барпо этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Бухоро, Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказилаётган қишлоқ хўжалиги ер майдонларини реализация қилишда қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги нобудгарчилигининг ўрнини қоплаш бўйича компенсация тўловлари ер майдони ажратиб бериладиган юридик ва жисмоний шахслар томонидан қопланишини таъминласин.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги ва Қурилиш вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда пляж зоналарининг батафсил режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқсин.

11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари туризм соҳасини ривожлантиришга доир лойиҳаларни самарали амалга ошириш мақсадида:

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда инвесторлар билан музокаралар ўтказиш чораларини кўрсин;

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур ер участкаларини белгиланган тартибда инвесторларга ажратиб бериш масаласини кўриб чиқсин;

Туризм ва маданий мерос вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда 2023-2024 йилларда ички туризм йўналиши бўйича ҳудудларда бошланадиган йирик туризм лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

12. Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Хусусий туризм ташкилотлари уюшмаси ҳамда Ўзбекистон рестораторлари ва отельерлари уюшмасининг туризм хизматларини диверсификация қилиш мақсадида қуйидагиларни назарда тутувчи тунги вақтда (соат 18:00 дан 06:00 га қадар) амал қиладиган механизмларни жорий қилиш ва ривожлантириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:

махсус ташкил этиладиган “туризм кўчалари”да жойлашган умумий овқатланиш корхоналари, кўнгилочар ва савдо объектлари, маданият ташкилотлари (кейинги ўринларда – туризм намойиши объектлари) фаолиятини жамоат хавфсизлиги ва аҳоли осойишталигини таъминлаган ҳолда тўсқинликсиз амалга ошириш;

туризм намойиши объектларининг узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлаш учун зарур инфратузилма ва муҳандислик-коммуникациялар тизимини янада яхшилаш;

маданий-кўнгилочар ва концерт томоша тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш учун зарур шароитлар яратиш;

махсус автобуслар (shuttle-bus) қатновини йўлга қўйиш;

туризм намойиши объектларининг фаолият олиб боришига рухсат беришнинг ягона тартибини жорий қилиш ва туризм намойиши объектларини қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш.

13. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) тунги вақтда фаолият олиб борувчи туризм намойиши объектларининг узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлаш учун давлат томонидан қуйидагилар амалга оширилади:

фаолият юритаётган туризм намойиши объектлари атрофи узлуксиз ёритилиши таъминланади, шу жумладан, мазкур ҳудудлар энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбалари билан жиҳозланади;

туризм намойиши объектлари “Хавфсиз шаҳар” концепциясига интеграция қилинади;

“туризм кўчалари”да жамоат хавфсизлиги нормалари ва талаблари доирасида “хавфсизлик чақирув тугмалари” ўрнатилади ҳамда “Wi-Fi” зоналари ташкил этилади;

б) тунги вақтда фаолият олиб бораётган туризм намойиши объектларига:

объектларнинг ички қисми, хизмат кўрсатиш хоналари, кириш ва чиқиш, шу жумладан, фавқулодда вазиятлар юз берган тақдирда ҳаракатланиш ва фуқароларни эвакуация қилиш жойларида маълумотларни камида ўттиз кун давомида сақлаш имконини берувчи видеокузатув тизимини ўрнатиш ва “Хавфсиз шаҳар” концепциясига интеграция қилиш;

биноларнинг ён-атрофи, автотураргоҳ ва уларга тегишли бошқа ҳудудларни камида 10 метр масофада ёритиш;

объектларни тўлиқ товуш ўтказмайдиган тарзда жиҳозлаш. Бунда, тунги вақтда мусиқа ва товуш кучайтиргич асбоб-ускуналаридан аҳолининг тинчлигини бузмаган ҳолда фойдаланилади;

объектларни ёнғин ўчириш воситалари, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур дори воситалари ва тиббий буюмлар тўпламига эга тиббий ёрдам қутичалари билан таъминлаш;

бинонинг барча учун кўринарли жойларида ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятлар юз берган тақдирда ҳаракатланиш ва фуқароларни эвакуация қилиш чизмаси ҳамда тезкор ва қутқарув хизматларининг телефон рақамлари акс эттирилган маълумотларни акс эттириш талаби белгиланади.

Давлат органларига белгиланган тартибда тунги вақтда фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашиш, улар фаолиятига бюрократик тўсиқлар қўйиш билан боғлиқ бўлган ҳар қандай ҳаракатлар тақиқлансин.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда заруратга қараб, ҳар бир ҳудудда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 январдаги ПҚ-104-сон қарори билан тасдиқланган Махсус хизмат кўрсатиш кўчаларига айлантириладиган марказий кўчалар рўйхатида келтирилган айрим кўчаларда махсус “туризм кўчалари”ни ташкил этсин ва ушбу кўчаларда тунги вақтда туризм намойиши объектларининг фаолият олиб боришини таъминласин.

14. Ички туризмни диверсификация қилиш дастури 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 февралдаги ПФ-6165-сон Фармони билан тасдиқланган Транспорт-логистика масалаларини тезкор кўриб чиқиш бўйича идоралараро комиссия (А.Абдухакимов, С.Умурзаков) икки ҳафта муддатда:

Фарғона ва Самарқанд, Фарғона ва Бухоро, Фарғона ва Термиз ҳамда Фарғона ва Урганч шаҳарлари орасида авиақатновларни қайта йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилишини;

Фарғона – Мўйноқ – Фарғона йўналишида авиақатновлар ташкиллаштирилишини таъминласин.

16. 2022 йилдан бошлаб июль ойида “Ёшлар туризми ойлиги”, 2023 йилдан бошлаб эса январь ойининг биринчи декадаси ва март ойининг учинчи декадасида – “Ёшлар туризми ҳафталиги”ни ўтказиб бориш йўлга қўйилсин.

Белгилансинки:

а) “Ёшлар туризми ойлиги” ва “Ёшлар туризми ҳафталиги” доирасида ўқувчи, талаба ва ёшларнинг саёҳат гуруҳларини ташиш махсус жиҳозланган хизмат автомобилларида ички ишлар органлари ҳамроҳлигида Ички ишлар вазирлиги Махсус бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

б) “Ёшлар туризми ойлиги” доирасида “Ёшлар туризми” қурултойи ташкил этилади. Бунда:

республиканинг ҳар бир ҳудудидан 50 нафар иқтидорли, ижтимоий ҳимояга муҳтож, шу жумладан, ногиронлиги бўлган ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ўқувчи, талаба ва ёшлар жалб қилинади;

китобхонлик кунлари, миллий ва этноспорт турлари бўйича спорт мусобақалари ҳамда маданий-кўнгилочар тадбирлар ташкил этилади;

юқори натижаларга эришган ҳамда ёшларга ўрнак кўрсатадиган спортчилар ва мураббийлар ҳамда санъат ва маданият, илм-фан ва бизнес соҳаларининг намояндалари иштирокида “маҳорат дарслари” ўтказилади;

ёшлар учун бизнесни ташкил қилиш, ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлаш бўйича давра суҳбатлари ташкил этилади;

ёшлар билан таниқли театр ва кино ижодкорларининг ижодий мулоқотлари уюштирилади;

“Ёшлар туризми” қурултойи ташкил этиладиган ва унга яқин ҳудуддаги (вилоят, шаҳар) туризм намойиши объектларига саёҳатлар ташкил этилади;

“Ёшлар туризми” қурултойини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Жамғарма маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

в) Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари “Ёшлар туризми” қурултойини юқори савияда ўтказишга масъул ҳисобланади.

17. Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

Дин ишлари бўйича қўмита билан биргаликда уч ой муддатда ташкилот ва идораларга бириктирилган муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳларни динлар таснифи бўйича (исломий обидалар, яҳудийлик, христианлик, буддавийликка оид зиёратгоҳлар ва бошқалар) тўлиқ хатловдан ўтказсин;

моддий маданий мерос объектларини халқаро стандартлар асосида хатловдан ўтказсин;

2022 йил 1 сентябрга қадар республикадаги Муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳларнинг рўйхатини шакллантирсин ва “Uzbekistan.travel” ягона миллий туристик ахборот порталига жойлаштирсин;

Хусусий туризм ташкилотлари уюшмаси билан биргаликда Муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳлар рўйхатидаги объектларнинг республика ҳудудларининг “чорлов нуқтаси” сифатида туризм йўналишларига киритилишини ва кенг тарғиб қилинишини таъминласин.

18. Вазирлар Маҳкамаси:

а) бир ой муддатда Тошкент шаҳрининг туризм инфратузилмасини ривожлантириш орқали, уни минтақавий туристик марказга айлантириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи қарор лойиҳасининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилишини таъминласин:

йирик кўнгилочар ва туризм объектларини (аквапарк, сафари парк, астрономия ва гул боғи) қуриш бўйича янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шу жумладан, уларнинг молиявий манбаини аниқлаш;

Тошкент шаҳридаги йирик музейлар ва Ўзбек давлат циркини реконструкция қилиш, замонавий ахборот технологиялари асосида интерактив хизматларни йўлга қўйиш, музейларнинг архив фондини тартибга солиш;

Тошкент шаҳрида 2022-2024 йилларда ташкил этиладиган маданий-кўнгилочар тадбирлар ва фестиваллар, шу жумладан, халқаро тадбирлар календарь режасини белгилаш;

Тошкент шаҳрининг замонавий ва таниқли туристик брендини ишлаб чиқиш ва уни тарғиб қилиш бўйича чора-тадбирларни тасдиқлаш;

б) икки ой муддатда республикада янги дор йўлларини тегишли хавфсизлик даражасини таъминлаган ҳолда қуриш ва жиҳозлашни жадаллаштириш бўйича дастурни тасдиқласин. Бунда, дор йўлларини қуриш учун юқори салоҳиятга эга ҳудудларни аниқ белгилаш ва ташаббускорларга кредит маблағлари ажратиш назарда тутилсин.

19. Туризм ва маданий мерос вазирлиги (А.Абдухакимов) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.Норқулов) билан биргаликда махсус солиқ режими жорий этилган 28 та туман ва шаҳарнинг 135 та маҳалласи кесимида туризмни ривожлантириш бўйича “йўл хариталари”ни тасдиқлаб, уларнинг ижроси бўйича ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин. Бунда:

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.Норқулов) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда ушбу туман ва шаҳарларнинг маҳаллаларида инфратузилмани ривожлантириш лойиҳаларини амалга оширсин;

Молия вазирлиги (Т.Ишметов) жорий йилда ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун республика бюджетидан 250 миллиард сўм ажратсин.

20.  Белгилансинки:

2022 йил 1 июлдан бошлаб “Туризм маҳалласи”, “Туризм қишлоғи” ёки “Туризм овули” мақоми берилган фуқаролар йиғинлари ҳудудларида меҳмон уйлари, овқатланиш, кўнгилочар жойлар ташкил этган тадбиркорлар учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 январдаги “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-104-сон қарори 2-бандининг “а” ва “в” кичик бандларида назарда тутилган солиқ имтиёзлари ва қоидалари татбиқ этилади;

оилавий меҳмон уйларини таъмирлашга 100 миллион сўмгача, мебель, маиший техника ва бошқа буюмлар билан жиҳозлашга 50 миллион сўмгача ҳамда сузиш ҳавзаларини ташкил этишга 200 миллион сўмгача лойиҳаларни молиялаштириш учун тадбиркорларга кредитлар берилади.

Бунда, Молия вазирлиги (Т.Ишметов) меҳмон уйларини ташкил этиш ва уларни таъмирлаш мақсадида 2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурларини молиялаштириш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан 100 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар йўналтирилишини таъминлансин.

21.  Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (А.Воитов) Марказий банк (Б.Зохидов) ҳамда Туризм ва маданий мерос вазирлиги (Б.Шахриёров) билан биргаликда туризм соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш, шу жумладан, жойлаштириш воситалари ва йирик овқатланиш шохобчалари ҳудудларида замонавий сузиш ҳавзаларини барпо этиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 19 апрелдаги “Ҳудудларда тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш механизмларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-212-сон қарорида назарда тутилган маблағларнинг 50 миллион АҚШ долларини йўналтирсин.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ҳафта муддатда жойлаштириш воситалари ва йирик овқатланиш шохобчалари ҳудудларида замонавий сузиш ҳавзаларини барпо этиш бўйича манзилли лойиҳаларни шакллантириб, Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.

22. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси 2022 йил 1 декабрга қадар ов туризмини ривожлантириш мақсадида ташаббускорларни жалб қилган ҳолда ов хўжалигининг тегишли инфратузилмасини (қирғовулхона, ҳайвонлар боқиш жойи) биринчи навбатда Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида жорий қилиш чораларини кўрсин.

23. Туризм соҳасини ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштириш учун:

Марказий банк (Б.Зохидов) тижорат банклари билан биргаликда бир ой муддатда 1 триллион сўм миқдорида кредит ресурсларининг;

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Ш.Вафоев) 2022 йилнинг якунига қадар 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларнинг жалб қилинишини таъминласин.

24. Туризм ва маданий мерос вазири ўринбосарлари:

Б.Шахриёров – инвестиция дастури ижросини таъминлаш, янги иш ўринларини ташкил этиш, туризм инфратузилмасини, туристик-рекреацион зоналар ва кластерларни ривожлантириш, Саёҳат харажатларини қайтариш тартибини жорий этиш, вазирликнинг молия ва бухгалтерия масалалари;

Б.Ибрагимов – ташқи, зиёрат ва ички туризм оқимларини ошириш, оммавий тадбирларни ташкил этиш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари;

Н.Зикриллаев – таълим, туризм соҳасини рақамлаштириш, методология ва нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ишлаш, лицензиялаш, сертификатлаштириш ва стандартлаштириш масалалари бўйича масъул этиб белгилансин.

Бош вазир ўринбосари А.Абдухакимов уч кун муддатда туризм ва маданий мерос вазири ўринбосарларининг ўзларига юклатилган вазифалари бўйича 2022 йил давомида ойма-ой амалга ошириладиган тадбирларни назарда тутувчи иш режаси ва мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланишини таъминласин.

25. Ҳисоб палатаси маданий мерос объектларининг хатловдан ўтказилиши ва мазкур қарорга мувофиқ бериладиган имтиёз ва кредитларнинг белгиланган тартибда ажратилишини назорат қилиб борсин.

26. Туризм ва маданий мерос вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

27. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

28. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев

Тошкент шаҳри, 2022 йил 30 апрель 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

71

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг