Электрон тижоратчилар учун солиқ имтиёзи берилади – Президент қарори

Жамият

image

2024 йил 1 январга қадар Рақамли экотизимга интеграциялашган электрон тижорат платформалари операторлари учун фойда солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг бугун, 17 ноябрь куни имзолаган “Электрон тижорат маъмурчилигини такомиллаштириш ва уни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган. 

Қарорга кўра, электрон тижоратнинг “Очиқ рақамли экотизими” ахборот тизимлари мажмуасини (кейинги ўринларда – Рақамли экотизим) 2022 йил 1 июлдан бошлаб тўлиқ ишга туширилади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Электрон кооперация портали маркази Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошидаги Рақамли трансформация маркази (кейинги ўринларда – Марказ) этиб қайта ташкил этилади.

Шунингдек, марказ зиммасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилади:

•    Рақамли экотизимни шакллантириш ва унинг оператори функцияларини бажариш;

•    мулкчилик шаклидан, идоравий ва тармоққа мансублигидан, ҳудудий жойлашувидан қатъи назар, электрон тижорат платформаларига ўзининг мижозлар базасидан тенг фойдаланиши ҳамда уларга хизматлар кўрсатиши учун шароитлар яратиш;

•    Рақамли экотизимнинг “эскроу” тизими функцияларини бажариши муносабати билан битта шахсий ҳисобварақдан ҳисоб-китоблар ва тўловлар ҳамда томонларнинг шартнома мажбуриятлари кафолатли (аккредитив тамойили бўйича) бажарилишини таъминлаш.

Бундан ташқари, қуйидагича тартиб ўрнатилади:

•    Рақамли экотизимга интеграциялашган электрон тижорат платформаларида товарлар ва хизматларни сотиш тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилиши шарт. Бунда, нархи кўрсатилмаган товар ва хизматларни сотиб олиш бўйича битимлар тузишга йўл қўйилмайди;

•    2024 йил 1 январга қадар Рақамли экотизимга интеграциялашган электрон тижорат платформалари операторлари учун фойда солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилади;

•    товарлар (хизматлар) электрон савдосини амалга оширувчи солиқ тўловчилар учун, улар Электрон тижорат иштирокчиларининг миллий реестрига киритилган ёки киритилмаганлигидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 337 ва 467-моддаларига мувофиқ фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича пасайтирилган солиқ ставкалари қўлланилади.

Молия вазирлиги икки ой муддатда мазкур банддан келиб чиқиб, Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Электрон тижоратнинг “Очиқ рақамли экотизими”ни ташкил этиш бўйича “Йўл харитаси” иловага мувофиқ тасдиқланади.

Марказ Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда 2022 йил 1 июлга қадар Рақамли экотизим орқали солиқ органларига реал вақт режимида маълумотларни узатиш имконини берувчи электрон маълумотлар базаларининг ўзаро интеграциясини таъминланади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда мазкур қарор мазмун ва моҳиятининг, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғи орқали кенг тушунтирилишини таъминланади.

Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари A.Б. Воитов белгиланади.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.У.Умурзаков зиммасига юкланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

38

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг