Эковазият жиддий. Зўравон амалдорларга кимнинг кучи етади?
Таҳлил
−
25 Ноябрь 5847 7 дақиқа
Ўзбекистонда атмосфера ҳавосини заҳарли тутунлар, ажралмалардан муҳофаза қилиш, Тошкентдаги заҳарли ҳавони бартараф этиш кун тартибида турибди. Вазият жиддий ва соғлиққа ўта хавфли. Омиллар кўп. Албатта, табиий чангланиш, чўлланиш, иқлим ўзгариши, қурғоқчилик, глобал исиш каби сабаблар қаршисида иссиқхоналарда кўмир, автомобиль шинаси ёқилиши каби омиллар ҳам мавжуд. Дарахтлар қирғини эса экологияга нисбатан энг катта хавф.
Республиканинг катта-ю кичик раҳбарлари экология масаласида бош қашлаётган бир пайтда, Фарғонада дарахт кесиш авжида ва табиатни ҳимоя қилганларнинг ўзи ҳимоясиз қолмоқда.
Айни вақтда Бувайда туманида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси инспектори Ахроржон Ниёзовга туман ҳокими ўринбосари Саидали Хидиров куч ишлатиб, Миллий гвардия ходимлари ёрдамида туман Ички ишлар бўлимига олиб кетгани шов-шувларга сабаб бўлмоқда. Аҳоли мурожаатига асосан, дарахт кесилаётган жойига тезкор етиб борган Экология қўмитаси инспектори ноқонуний дарахт кесиш ҳолатини аниқлаб, уни тўхтатиб, белгиланган тартибда ҳужжатларни расмийлаштирмоқчи бўлган. Унинг қонуний ҳаракатига зўравонлик йўли билан қаршилик қилинган.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси маслаҳатчиси Расул Кушербоев Қўмита ҳоким ўринбосари ва бошқа масъул шахсларнинг бу ҳаракатини кескин қоралайди ва уларнинг қонуний жавобгарликка тортилиши чораларини кўришини билдирди.
Видеодан кўринадики, Бувайда тумани ҳокими ўринбосари Саидали Хизиров Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси инспектори Ахроржон Ниёзовга зўрлик ишлатишига Миллий гвардия ва Ички ишлар ходими томошабин бўлиб тургани етмагандек, ҳатто, Миллий гвардиячи экологни ёқасидан тутганча олиб кетган. Хўш, буни қандай тушуниш мумкин? Қачонгача ҳуқуқни муҳофаза қилиши керак бўлганлар ҳокимларнинг ҳуқуқни бузишига кўмакчи бўлади?
Ҳозирча Миллий гвардия ва Ички ишлар бу ҳолатга муносабат билдиргани йўқ.
Президент Шавкат Мирзиёев экология масаласига жиддий эътибор қаратмоқда. Бир неча фармон ва қарорлар имзоланди, Махсус комиссия тузилди. Шу вазиятда сиёсатни англамаган айрим зўравон амалдорлардан соҳа ходимларини фақат Президент ҳимоя қила оляпти.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 19 ноябрь куни қабул қилинган “Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг ҳудудий бўлинмалар ва туман (шаҳар) бўлимлари ходимлари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тузилмасига кирмайди ҳамда ўз фаолиятини мустақил амалга оширади ва Экология қўмитаси олдида ҳисобдор бўлади, деб ёзилган. Фармон имзоланганидан бир ҳафта ўтгани ва мамлакатда экология масаласи кун тартибида турганига қарамай, ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари экологларни менсимай, уларга куч ишлатиши, фаолиятига тўсқинлик қилиши давом этмоқда. Ё улар Президент имзолаган фармонни ўқимайди, ё ўқиса ҳам худди уларга тегишлимасдек, бошқа республикада яшайдигандек пинагини ҳам бузмайди.
Ўзи бугунгача етиб келган ачинарли вазиятимизда айрим дарахткуш ҳокимлар ва уларнинг ўринбосалари ҳиссаси яхшигина катта. Энг қизиғи, Президент имзолаган ҳужжат ҳам уларнинг дарахтларни арралаш ва табиатни заҳарлашга узатилган қўлларини калта қилолмаяпти.
Мараторий дейилди, “Яшил макон” дейилди, табиатни асраш ҳақида минбарлардан туриб танқид айтилди, натижа табиат ҳимоячиларига зўравонлик билан тугаяпти.
Шу ўринда, бугунги муҳим ҳужжат билан таништириб ўтсак. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, пойтахтда экологик вазиятни яхшилаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича махсус комиссия тузилди.
Аслида, дарахт кесиш ва ҳоким ўринбосари зўравонлиги каби муаммолар нафақат Фарғона, балки Тошкент учун ҳам бегона эмас. Тошкент заҳарли чангга тўлмасидан бир неча кун аввал, жорий йилнинг октябрь ойи охирида Тошкентнинг Яккасарой тумани Нукус ва Бобур кўчалари кесишмасидан бошлаб автомобиль йўли ёқасида жойлашган жами 174 туп дарахт ва бута мораторий талабларига зид равишда кесиб ташланганди. Ушбу хатти-ҳаракат билан табиатга 1 млрд 460 млн 952 минг сўм зарар етказилганди.
Ўшанда Расул Кушербоев ушбу ҳолат ҳақида бонг уриб, дарахтлар Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновнинг ўсиб турган дарахтлар ўрнига бошқа дарахтлар экиш тўғрисидаги топшириғига асосан, ободонлаштириш бошқармаси томонидан тунги вақтда кесиб ташланганини айтиб чиққанди.
Аммо дарахтлар қирғини ортидан Раҳмоновга ҳеч қандай чора кўрилмади, у яна сувдан қуруқ чиқди. 8 ноябрь куни ободонлаштириш бошқармаси мансабдорлари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисмига (ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни қонунга хилоф равишда кесиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлиши) асосан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди.
“Қизиғи, дарахт кесиш топшириғини берган шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов яна сувдан қуруқ чиқмоқда. Унинг ўрнига топшириқни бажарган, “танка”си йўқ ободонлаштириш ходимлари жавоб берадиган кўринади. Мана бу ҳақиқий номардлик”, деган эди Экология, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Расул Кушербоев.
Президент фармони билан тузилган махсус комиссия фаолиятига тўхталсак. Комиссияга табиий чангланиш кучайган пайтда саноат корхоналари, транспорт, иссиқлик таъминоти ва бошқа соҳаларда чекловларни жорий қилиш, транспортлар ҳаракатини чеклаш, атмосфера ҳавоси сифатига салбий таъсир қилувчи моддалар ёққан иссиқхона ва бошқа объектлар фаолиятини вақтинча ёки тўлиқ тўхтатиш, Тошкент шаҳридан бошқа ҳудудларга кўчирилиши мажбурий бўлган саноат корхоналари ва саноат зоналарини белгилаш, қурилиш ишларини амалга оширишга чеклов ва уларга талаблар жорий қилиш, шу жумладан, қурилиш вақтида чангни бартараф этувчи ускуналарни ўрнатиш ваколати берилмоқда.
Фармон билан тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар томонидан маиший ҳаво тозалаш ускуналари (TIF TN код 8509 80)ни мамлакат ҳудудига олиб кирилганда божхона божидан озод этилмоқда. Шунингдек, Тошкентда анъанавий суғориш каналлари тармоғи – ариқлар тизимини қайта тиклаш ишлари бошланади.
Махсус комиссия бир ҳафта муддатда Тошкент шаҳрида қурилиш учун ажратилган 500 кв метр ва ундан ортиқ майдонларда, объект умумий майдонининг 25 фоизи кўкаламзорлаштирилгани, қурилиш майдонларида сувпуркагичлар ўрнатилгани, қурилиш майдонларининг кириш-чиқиш йўлакларида автотранспорт воситаларининг ғилдиракларини ювиш ҳовузларининг барпо этилгани, қурилиш материаллари ва маиший чиқиндиларни ташишда транспорт воситаларининг брезент ёки ПВХ қопламали материаллардан тайёрланган, тент ёпилган тарзда ҳаракатланиши, қурилиш майдонининг чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга доир мажбурий талабларни бузиш ёхуд ушбу ҳудудларда ифлослантирувчи моддаларнинг йўл қўйиладиган доирадаги нормативдан ортиқ даражада атмосфера ҳавосига чиқарилишига йўл қўйилмаётгани бўйича комплекс тукширувлар ўзтказади.
Ўрнатилаётган янги тартибга кўра, майдони 1000 кв метрдан кўп бўлган қурилиш участкаларида фон мониторинг станцияларини ўрнатиш ва уни Экология қўмитасига интеграция қилиш қурилишни давом эттиришнинг энг асосий шарти этиб белгиланмоқда.
Энг муҳим янгилик шу. Бир ҳафта муддатда пойтахт Тошкент ва унга туташ ҳудудлардаги барча иссиқхоналарга табиий газ етказиб берилади. Шунингдек, Энергетика вазирлиги бир ҳафта муддатда Тошкент шаҳри ва унга туташ бўлган ҳудудлардаги барча иссиқхона объектларига табиий газ етказиб бериш бўйича шартномалар тузилишини ташкил этиш ва узлуксиз табиий газ етказиб берилишини таъминлаши белгиланди.
Фармонга мувофиқ, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси бир ҳафта муддатда майдони 200 кв метр ва ундан юқори бўлган иссиқхоналарда чанг-газ тозалаш ускуналари носоз ишлаши ёки мавжуд бўлмаганлиги учун маъмурий жарималар миқдорларини юридик шахсларнинг мансабдор шахсларига 5 бараварга ва жисмоний шахсларга 3 бараварга ошириш ҳамда майдони 200 кв метр ва ундан юқори бўлган иссиқхоналарда ёқилғи моддалар, материал ва чиқиндилар (шина, битум, мазут, ишлатилган автомобиль мойи плёнка, резина, жун толаси ва бошқалар) ёқилгани аниқланганда иситиш қозонхонасини давлат фойдасига мусодара қилишни назарда тутувчи жиноий жавобгарликни жорий этиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиши керак.
Маълумот учун, Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда жами 6517 та иссиқхона рўйхатга олинган бўлиб, улардан 2925 таси фаолият юритмайди. 195 тасида ностандарт қозонхоналар мавжуд, шундан 53 таси табиий газга уланган, 100 тасида фильтрлар бор, 1827 тасида фильтр йўқ, 3592 таси кўмирдан фойдаланади.
Хўш, махсус комиссия таъсирчан бўла оладими? Натижа кўринадими? Тошкентда ҳаво сифати бир неча кунга эмас, мудомга ўзгарадими? Ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари дарахт кесишга қарши чиққан экологларга куч ишлатаётган бир пайтда, катта экологик ўзгаришлар бўлишини кутиш тўғрими? Воқеалар ривожини QALAMPIR.UZ’да кузатиб боринг.
Live
Барчаси