Дунёнинг энг чиройли шаршаралари: уларни томоша қилиш неча пул?

Бу қизиқ

image

Табиат мўъжизалари ҳақида гап кетганида, шаршараларнинг ўз ўрни бор. Табиий рельеф натижасида пайдо бўлган “сув рақси” ҳар доим ҳам эътибор марказида бўлган. Ер юзидаги ҳар бир шаршара бетакрор. Уларнинг кўпчилиги ташриф учун жуда ноқулай ҳудудларда жойлашган бўлса-да, бир қанчаси эса аллақачон сайёҳларнинг севимли масканига айланиб бўлган. QALAMPIR.UZ ана шундай шаршараларнинг энг чиройли ва ажойибларини жамлаб, уларга қандай бориш ҳамда томоша қилиш қанчага тушиши ҳақидаги маълумотларни тўплади.

Игуасу шаршараси

Романтик саёҳатлар ишқибози бўлсангиз, Игуасу шаршарасига албатта ташриф буюринг. Тропик ўрмон билан ўралган ушбу шаршара сеҳрли хотираларга бой унутилмас лаҳзаларни тақдим этади. Исталган вақтда ташриф буюришингиз мумкин, масалан, агар қиш ойларида борсангиз, Игуасу энг кучли оқимга эга бўлади, аммо ҳаво нам ва ёмғирли бўлиши мумкин. Март-апрель ва август-сентябрь ойларида эса қуруқ иқлим кузатилади, лекин сайёҳлар кўпроқ бўлиши мумкин.

Ташриф буюрувчилар шаршара остида қайиқда сайр қилиш имкониятига ҳам эга. Игуасуга Аргентина ёки Бразилиядаги яқин шаҳарлар орқали етиб олиш мумкин. Автобус ва таксилар эса кириш жойигача олиб боради. Кириш нархи қайси давлат фуқаролигига қараб ўзгаради, лекин одатда бу ўртача 10-30 АҚШ доллари атрофида.

Виктория шаршараси

Виктория – дунёдаги энг машҳур шаршаралардан бири. Техник жиҳатдан энг баланд ёки энг кенг бўлмаса-да, сув ҳажмига кўра у дунёдаги энг катта шаршара ҳисобланади.
Унинг кенглиги 1708 метр бўлиб, энг баланд нуқтаси 108 метр. Зимбабве ва Замбия ўртасидаги Замбези дарёсида жойлашган мазкур шаршара маҳаллий тилда “Гумбурлаган тутун” деб ҳам аталади.

Бу табиий мўъжиза сайёҳларни бир умрлик хотира учун ҳайратланарли сафарга чорлайди. Бу ерда қайиқда сузиш ёки вертолётда парвоз каби адреналинни оширувчи имкониятлар мавжуд.

Викторияга саёҳат учун энг мақбул мавсум мартдан августгача, яъни осмон энг тиниқ бўлган пайт. У ерга бориш учун Замбиядаги Ливингстон ва Зимбабведаги Виктория шаҳарларига учиш, сўнгра автомобилдан фойдаланиш мумкин. Шаршара ҳудудига кириш нархи Зимбабве томонидан тахминан 30 доллар, Замбия томонидан эса 20 доллар.

Ангел шаршараси

Венесуэлада жойлашган Ангел шаршараси дунёнинг энг гўзал шаршараларидан бири бўлиши билан бирга дунёдаги энг баланд шаршара ҳам ҳисобланади. Унинг баландлиги 979 метр.  Венесуэлада таътилни режалаштираётган ҳар ким бу гўзал шаршарани, албатта, кўриши керак. Узоқ ҳудудда жойлашгани учун у ерга етиб бориш бироз мураккаб бўлиши мумкин, аммо бу шунга арзийди.

Мамлакатга киргач, дастлаб Каракасдан Канайма паркига парвоз, сўнг қайиқ ва камида уч соатлик пиёда юриш орқали манзилга етиш мумкин. Шаршара жойлашган миллий боғга кириш нархи ўртача 25 доллар.

Ниагара шаршараси

Ниагара дунёдаги энг машҳур шаршаралардан бири ҳисобланади. У энг баланд бўлмаса-да, ўзининг кенглиги ва шиддати билан, шубҳасиз, ҳайратланарли.
Бу шаршара Канада ва АҚШ чегарасида жойлашган бўлиб, Эри ва Онтарио кўллари унда туташади.

Ниагара Ҳорсшу, Америка ва Келин либоси номли уч алоҳида шаршарадан иборат. У ҳар икки мамлакатнинг турли нуқталаридан кўриниб туради. Бу ерга Канаданинг Торонто ёки АҚШнинг Буффало шаҳридан машина ёки поездда ташриф буюриш мумкин. Ҳар икки шаҳар ҳам тахминан 1 соатлик масофада жойлашган.

Шаршарани кўриш бепул, лекин “Маid of the Mist” кемасидаги саёҳат ёки “Journey behind the falls” сайри тахминан 25-30 доллар атрофида баҳоланади. Ниагарага ташриф учун энг яхши вақти июнь-август ойлари бўлиб, кемада саёҳат қилиш ва кечки шоулардан баҳраманд бўлиш мумкин.

Бан Гиок – Дэтянь шаршараси

Хитой ва Вьетнам чегарасида жойлашган Бан Гиок шаршараси Осиёдаги энг катта шаршаралардан бири ҳисобланади. Бу шаршарани икки мамлакатни ажратиб турувчи Куайшон дарёси озиқлантиради. Дэтянь ёки Бан Гиок деб аталувчи бу шаршара, айниқса, ёмғирли мавсумда дунёдаги энг гўзал шаршаралар қаторига киради.

Турфа хил ўсимликлар, баланд тоғлар ва очиқ водий билан ўралган бу шаршара бетакрор манзара тақдим этади. Ташриф буюриш учун энг мақбул пайт сентябрь-октябрь ойларига тўғри келади. Шаршара Вьетнамнинг Ҳаной шаҳридан автомобилда 7 соатлик масофада жойлашган ва унга кириш нархи ўртача 2 доллар.

Кайетур шаршараси

Гайанадаги Кайетур дунёдаги энг шиддатли шаршаралардан биридир. Унинг баландлиги 226 метр, кенглиги эса ёмғир мавсумида 100 метргача етади. Амазон ўрмонлари билан ўралган бу шаршара сайёҳларга олтинранг қурбақа ва қушлар каби ёввойи табиатнинг бетакрор жозибаларини бахш этади.

Гайананинг Жоржтаун шаҳридан махсус рейс билан Кайетур миллий боғига парвоз орқали етиб бориш мумкин. Ҳудудида шаршара жойлашган мазкур боғга кириш нархи ўртача 10 доллар.

Деттифосс шаршараси

Ватнайёкюдль миллий боғида жойлашган Деттифосс Европадаги энг шиддатли шаршара бўлиб, 44 метр баландликка эга. Деттифоссдан чиққан туман ва Исландиянинг ғайриоддий манзараси саёҳатчиларга ўзга дунё муҳитини беради. Шаршарага етиб бориш учун автомобилда Акюрейри шаҳридан тахминан 1,5 соат ёки Рейкьявикдан 6–7 соат йўл босиш талаб этилади.

Бошқа шаршаралардан фарқли ўлароқ Деттифоссни томоша қилиш бепул.Ташриф учун энг яхши вақт июнь-август ойлари ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ниагара Виктория шаршаралар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг