Дунёдаги энг йирик электрокема сувга туширилди
Технология
−
08 Май 8172 2 дақиқа
Жорий йилнинг 2 май куни Австралиянинг Ҳобарт портида дунёдаги энг йирик электрокема сувга туширилди. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берди.
Аниқлик киритилишича, кеманинг узунлиги 130 метрни ташкил этади. Incat компанияси томонидан ясалган бу кема Hull 096 деб номланган. У Жанубий Америка паром оператори Buquebus томонидан лойиҳалаштирилган ва Аргентинанинг пойтахти Буэнос-Айрес ҳамда Уругвай ўртасида Ла-Плата дарёси бўйлаб қатнайди. Кеманинг лойиҳавий сиғими – 2100 йўловчи ва 225 та транспорт воситаси.
Hull 096 бутунлай электр энергиясида ишлайди. Аккумуляторларнинг умумий оғирлиги 250 тоннани, ўрнатилган қуввати эса 40 мегаватт-соатдан ортиқни ташкил этади. Кема қурилишидаги вакиллар Hull 096’ни ўзларининг энг жасоратли, энг мураккаб ва энг муҳим лойиҳаси деб атаган.
Маълумот учун, ҳозирги вақтда денгиз транспортида энг кенг тарқалган ёқилғи тури бу мазут бўлиб, у хом нефтни қайта ишлашдан қолган қолдиқлардан олинади ва таркибида олтингугурт миқдори юқори бўлади. Амонияк, метанол ва водород каби муқобил ёқилғи турлари ҳозирча фақат чекланган миқёсда қўлланмоқда. Сўнгги йилларда ёрдамчи елканли ҳаракатлантирувчи қурилмалардан фойдаланиш бўйича тажрибалар ҳам ўтказилмоқда. Бундай технология билан жиҳозланган бир неча юк кемалари аллақачон океанларда қатновни бошлаган.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, жаҳон миқёсидаги юк ташишнинг 85 фоизгача бўлган қисми (йилига 10 миллиард тоннадан ортиқ) денгиз транспорти орқали амалга оширилади. Шу билан бирга, кемалар глобал карбонат ангидрид (CО₂) чиқиндиларининг жуда катта қисмини, яъни 2,5-3 фоизини ташкил этади.
Live
Барчаси