Дунё бўйлаб изоляцияга олинганлар сони 1 миллиардга етди
Олам
−
22 Март 2020
6868Дунё бўйлаб бир миллиардга яқин одам коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун изоляцияга олинди. Бу ҳақда 21 март кунги ҳолатга асосланиб, AFP агентлиги хабар бермоқда.
Aгентлик маълумотига кўра, дунёнинг 35 мамлакатида бир миллиардга яқин одам уйида ўтиришга мажбур бўлган. Уларнинг 600 миллиони ҳукумат томонидан тақиқлангани сабабли изоляцияга олинган.
Европанинг Италия, Франция, Бельгия, Испания ва Австрия каби давлатларида бу борада жуда қаттиқ чекловлар амал қилмоқда.
AҚШ Президенти Дональд Трамп мамлакат коронавирусга қарши "урушда ғалаба қозонмоқда", деган сўзларига қарамай, баъзи штатлар чекловларни кескин кучайтирди. Нью-Жерси, Калифорния ва Иллинойс штатларида яшовчиларнинг барчаси ўз уйларида изоляцияга олинди.
COVID-19 кекса одамларга ва сурункали касалликларга чалинган одамларга таҳдид солиши сир бўлмай қолди. Аммо Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу инфекция ёшлар учун ҳам хавфли эканлигини таъкидлади.
“Бугун ёшларга айтадиган гапим бор: сиз хавфдан йироқда эмассиз. Ушбу вирус сабаб бир неча ҳафта шифохонада ётиб қолишингиз ва ҳатто, нобуд бўлишингиз мумкин”, деди ЖССТ раҳбари Тедрос Аданом Гебрейсус.