Халқ совуқдан қийналмоқда! – Ғаниев Энергетика вазирлиги раҳбариятидан истеъфо сўради

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев Ўзбекистонда кузатилаётган кенг миқёсли энергия инқирозига муносабат билдириб, Энергетика вазирлиги раҳбариятидан истеъфо сўради.
 

“Сўнгги йилларда мамлакатимизда кўплаб ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда, барча муаммолар бирданига ҳал этилмаган бўлса-да, секин-аста бартараф этиб борилмоқда. Мисол учун, бир неча йиллар аввал пластик карточкадаги пулни нақдлаштириш катта муаммо бўлган бўлса, ҳозир буни муаммо деб бўлмайди ёки конвертация, яъни валюта айрибошлаш, онлайн давлат хизматларини жорий этилиши, ОВИР, прописка тизимларини ислоҳ қилиниши, банк тизими ислоҳотлари... Санасак,  етарлича давом этишимиз мумкин. Лекин...

Бугун Ўзбекистон бўйлаб энергия инқирози кечмоқда. Айнан, ўта оғир кечган 2020 йилдан сўнг, ҳар йилгиданда совуқ келган қиш мавсумида энергия инқирози барчани қийнамоқда! Бу ҳолат нафақат аҳоли орасида кескин норозилик, ижтимоий инқирозни келтириб чиқармоқда, балки иқтисодий фаолликни сусайтирмоқда ҳамда мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир ўтказмоқда. Энг ачинарлиси, энергетика соҳасидаги муаммолар охирги йилларда олиб борилган барча ижобий ўзгаришларни “ювиб юборябди”.

Энди ўйлаб кўринг, совуқ қиш, катта оила, на газ, на электр бор! Оиланинг кекса инсонлари ёки чақалоқлар совуқдан қалтираб ўтирса, оиланинг ёшлари ҳар қанча уринмасин уйини иситишга, уларни фаровон ҳаётини таъминлашга имконияти бўлмаса, бундай одамларга ислоҳотларнинг нима кераги бор?  Бу одамлар учун ҳар қандай ислоҳотлар, ҳар қандай қонунлар, қўпол қилиб айтганда, 1 тийин!!! УЛАР СОВУҚДАН ҚИЙНАЛИШМОҚДА. Бундай ҳолатда уларга фақат бир нарса керак, ЭНЕРГИЯ ТАЪМИНОТИ! 

Шу кунларда менга сайлов округимдан бўлаётган ҳар 10 та мурожаатдан 9 таси айнан электр ва газ муаммоси тўғрисида бўлмоқда. Мурожаатлар бўйича шаҳар, вилоят, республика мутасаддилари кимни айблашни билмайди, бир-бирига солади! Энг охирги жавоб эса, қаердадир авария бўлган ва яқин кунларда ҳаммаси яхши бўлади, деган ваъда билан чекланилади!

Энергетика вазирлиги эса 30 йилдан бери соҳага инвестиция киритилмаганлиги ҳақида дардини достон қилади. Ундай бўлса, 2020 йил 3-чорак якуни бўйича  Энергетика соҳасига йўналтирилган давлат ташқи қарзининг 28 фоизи ёки 5,1 миллиард доллар маблағ қани? Уларни қандай сарфлашмоқда? 

Мисол учун умумий қиймати 1.2 млрд. доллар бўлган Намангандаги Тўрақўрғон ИЭС ишга туширилса, водийда электр таъминотида муаммо қолмайди, деб ҳаммани ишонтиришганди. Лекин Тўрақўрғон ИЭСи ўтган йили ишга тушган бўлса-да, водийда электр таъминотида ижобий ўзгариш бўлмади-ку?!

Тўғри, мен бу соҳанинг мутахассиси эмасман, эҳтимол, тушунмасман. Лекин наҳот охирги 4 йил давомида соҳада сезиларли ижобий ўзгариш қилиб бўлмаса? Аҳолининг талаби кундан-кунга ўсиб бормоқда, нима учун йил давомида шунга қараб ҳаракат қилмаймиз? Электрон ҳукумат, онлайн хизматлар, рақамли иқтисодиёт деймиз, лекин энергия бўлмаса булардан нима наф? Қайси ислоҳот эффект беради бу ҳолатда? Бундай ҳолат олдимиздаги сайлов йилида рўй беришини қандай тушуниш мумкин? Ёки бу давлат раҳбарининг олиб бораётган сиёсатига қарши атай уюштирилаётган “саботаж”ми? Саволлар кўп, жавоб эса кўпдан бери йўқ ... Саволларга жавоб бера олмаётган раҳбарлар эса, доимгидек жим”, деб ёзади депутат.

Шунингдек, Ғаниев мамлакатдаги бу ҳолатда энергия инқирози юз беришига сабаб бўлган раҳбарлар истеъфоси энг тўғри йўл бўлишини қайд этган.

“Аслида, бу ҳолатга биз депутатлар ҳам қисман айбдормиз, чунки Энергетика вазирлигининг раҳбариятини ўзимиз тасдиқлаб берганмиз. Мамлакатдаги бу ҳолатда энергия инқирози юз беришига сабаб бўлган раҳбарлар истеъфоси энг тўғри йўл бўлади. Аслида демократик давлатларда бундай инқирозлар ортидан раҳбарлар ўз ихтиёри билан истеъфо беради. Лекин бундай қила олиш учун эса, биринчи навбатда, раҳбарда орият бўлиши керак. Бизнинг энергетика соҳа раҳбарларида эса энергетика таъминоти каби орият ҳисси ҳам ”инқирозда”, деб ёзади у.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

850

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг