Деворни тўлдирган 440 пошнали туфли – бу қурбон бўлган 440 аёл қисмати

Бу қизиқ

image

Туркиялик график дизайнер устаси Ваҳит Туна аёллар билан боғлиқ жиноятларга жамиятнинг эътиборини қаратиш мақсадида янги усулдан фойдаланди. У Истанбулнинг Кабаташ ҳудудидаги санъат майдончаси сифатида қўлланиб келинган қаҳвахона деворига 440 жуфт аёллар пойабзалини жойлаштириб чиқди. Деворга илинган 440та пошнали туфли 2018 йилда жиноятлар қурбони бўлган 440 нафар аёл рамзий белгисидир. 

Пойабзаллар икки деворни тўлдириб турибди. Кўргазмага Ваҳит Туна “Исмсиз” деб ном берган. У бу кўргазмани ташкил этишдан мақсади аёлларга нисбатан зўравонликни акс эттириш эканини айтган. 

“Сўнгги йилларда аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари тобора кучайиб бораётганига эътибор қаратиш мақсадида кўплаб лойиҳаларни амалга оширдим. Шу боис одамлар гавжум бўлган кўчадаги бино деворларида аёлларга зўравонликни акс эттириш ва барчанинг диққатини тортишни истадим”.

Ваҳит Туна ўз кўргазмаси ҳақида гапираркан, аёлларга нисбатан зўравонликка давлат ва сиёсат миқёсида қарши туриш кераклигини қайд этади. Унинг фикрича, мамлакатда аёлларга нисбатан зўравонлик ишлатган жиноятчиларни жазолашда ҳеч қандай имтиёзлар бўлмаслиги керак. 

“Аёллар билан боғлиқ жиноятларнинг ортишига асосий сабаб жазолаш чоралари билан боғлиқдир. Фикримча, бундай жиноятчиларга ҳукм чиқаришда ҳеч қандай имтиёз бўлмаслиги керак”.

Лойиҳа муаллифи сўзида давом этаркан, айнан Туркияда гендер тенглигини таъминлаш муҳимлигини қайд этади. Унинг фикрича, гендер тенглиги Ҳукумат ёки давлат идораларида эмас, энг аввало оилада таъминланиши керак. Аёллар ҳуқуқлари оилада, улар болалигиданоқ таъминлаши зарур. 

“Ўйлайманки, яқин келажакда аёлларга нисбатан зўравонликлар унутилиш даражасида камаяди, йўқ бўлиб кетар, балки. Кун келиб зўравонликни кўрмасмиз. Бир санъат лойиҳаси сифатида амалга оширилган ушбу кўргазмада пойабзаллар ўрнига бошқа нарсалар ҳам бўлиши мумкин эди. Хўш, мен нега айнан пошнали туфлиларни танладим. Эркаклар кўпинча аёлларнинг пошнали туфлилари, уларнинг бир поғона баланд бўлиб туришига чидаб тура олмайдилар. Шу боис яна бир бор ҳаловатларига зарба беришни истадим. Мен пойабзалларни аёлларнинг озодлик ва хурлик ишораси ўлароқ қабул қилинишини истаяпман”, дейди санъат устаси.


Мақола муаллифи

Теглар

Пойабзал

Баҳолаганлар

144

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг