Эрон ядро дастури бўйича келишувдан чиқди

Олам

image
Трампнинг эсанкиратувчи қарори: Сулаймоний қандай йўқ қилинди north_east

Трампнинг эсанкиратувчи қарори: Сулаймоний қандай йўқ қилинди

Кеча, 5 январь куни Эрон Ислом Республикаси ядро дастури бўйича “Ҳамкорликдаги умумий ҳаракатлар режаси”да (ҲУҲР) белгиланган сўнгги муҳим чекловдан ҳам воз кечиб, келишувга амал қилишни тўхтатишини маълум қилди.

“Эрон ядро келишуви бўйича, биринчи навбатда центрифугалар сони бўйича, чекловлардан батамом воз кечади. Шу тариқа Эрон ядро дастури бўйича ишлаб чиқариш борасида, жумладан уранни бойитиш қуввати ва бу соҳада тадқиқотлар ўтказиш ва дастурни янада ривожлантиришда ҳеч қандай чекловларга эга бўлмайди”, деб айтилган Эрон ҳукумати баёнотида.

Шунга қарамай, Эрон Атом энергетикаси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) билан ҳамкорликни давом эттириш ниятида. Эронга қарши санкциялар бекор қилинса ҳамда унинг манфаатлари кафолатланса, ядро келишуви бўйича ўз мажбуриятларини бажаради.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Аббос Мусавийнинг таъкидлашича, расмий Теҳрон ҲУҲРни имзолаган бешта давлат билан музокараларни давом эттиради. Аммо бу АҚШ генерал Қосим Сулаймонийнинг қотиллиги учун жавоб берганидан кейин амалга ошади.

ҲУҲР 2015 йилда Эрон ва 6 та давлат – АҚШ, Россия, Хитой, Франция, Буюк Британия, Германия ўртасида имзоланган. Келишувда Эронга қарши халқаро санкциялар бекор қилиниши эвазига Теҳроннинг ўз ядро дастурини чеклаши кўзда тутилган эди. Бироқ 2018 йилда АҚШ Президенти Дональд Трамп келишувдан чиқиб, Эронга қарши иқтисодий санкцияларни тиклаганди. Шундан кейин расмий Теҳрон ҲУҲР бўйича ўз мажбуриятларини босқичма-босқич қисқартиришни бошлаган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 январь куни кечаси Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпусининг "Қудс" махсус бўлинмаси қўмондони Қосим Сулаймоний Бағдодда АҚШ ҳаво ҳужуми натижасида ўлдирилганидан кейин икки давлат муносабатлари уруш ёқасига келиб қолди.


Мақола муаллифи

Теглар

ядро дастури АҚШ-Эрон Қосим Сулаймоний

Баҳолаганлар

244

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг