“Давлатимиз қашшоқлашиб қолмайди”. Олимпиадада медаль олмаган спортчиларга ҳам 5 минг доллар берилади
Жамият
−
13 Август 2021
11753Aввал хабар берганимиздек, бугун, 13 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Токио Олимпиадаси совриндорлари, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашди.
Давлат раҳбари учрашувда ғолиб ва совриндорлар билан бир қаторда уларнинг устозлари ҳамда барча иштирокчиларни муносиб тақдирлаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Қарорга кўра, Президент Олимпиадада иштирок этган спортчиларнинг кўп йиллик меҳнатини инобатга олган ҳолда уларнинг ҳар бирини 5 минг AҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантиришга қарор қилди.
Шунингдек, Олимпиадада олтин медаль олганлар – 200 минг AҚШ доллари, бронза медалини қўлга киритганлар – 50 минг AҚШ доллари миқдорида мукофот пули билан тақдирланади.
Олимпия чемпионларининг мураббийлари – 40 минг AҚШ долларидан, бронза медаль соҳибларининг мураббийлари эса 20 минг AҚШ доллари билан мукофотланади.
Маълумот ўрнида, мукофотланган мураббийлар сафидан Тўлқин Қиличев, Павел Хан, Фарҳод Мирзажанов, Нурали Қобулов, Музаффар Aбдураҳмонов жой олди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Халқаро олимпия қўмитаси сайтида Токио-2020 да Ўзбекистондан 67 нафар вакил иштирок этгани кўрсатилган. Беш нафар спортчи медаль соҳиби бўлганини ҳисобга олсак, 62 нафар олимпиячи 5 минг доллардан мукофот олади.
LiveБарчаси