Ўзбекистон ҳар бир талаба учун йилига қанча пул сарфлаётгани айтилди

Жамият

image

Ўзбекистонда ҳар бир талабани олийгоҳда ўқитиб, мутахассис қилиб тайёрлаш учун давлат йилига 25-30 миллион сўм сарфламоқда. Бу ҳақда бугун, 8 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида олийгоҳлар битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича кенгайтирилган йиғилишда маълум қилинди.

Йиғилишда охирги 7 йилда олий таълимда қабул 4,5 баробар ошиб, қамров 42 фоизга етган бўлсада, кадрлар тайёрлаш тизими реал эҳтиёжга мос эмаслиги қайд этилди. Мисол учун, йилига 20 минг автомобиль чиқараётган заводда 100 та бўш иш ўрни бор. Шунинг тўртдан бири – робототехника ва бўёқлаш, роботларни дастурлаш муҳандислари.

Заводда кадр етишмаётгани учун хориждан 80 нафар мутахассис келиб ишламоқда. Завод 4-5 йилда тўлиқ қувватга ўтиб, йилига 500 минг автомобиль чиқаришни бошласа, 4 минг нафар олий малакали кадрлар керак бўлади.

“Бу – битта лойиҳа бўйича ҳисоб-китоблар. Яқин 3-4 йилда ишга тушадиган 83 миллиард долларлик йирик лойиҳалар ҳисобига саноатни ўзида 500 мингга яқин кадр зарур”, деди давлат раҳбари.

Йиғилишда олийгоҳлар тайёрлаётган кадрлар билан иш берувчиларнинг талаби ўртасида фарқ катта экани кўрсатиб ўтилди. Мисол учун, енгил саноатнинг ўзида 4 минг нафар олий тоифали кадрларга эҳтиёж бор. Бу йўналишда йилига ўртача 2,5 минг талаба битиргани билан, улар корхоналардаги замонавий ускуналарда ишлашни билмагани учун 42 фоизи ишга жойлаша олмаяпти. Оқибатда тадбиркорлар четдан тайёр мутахассис жалб қилишга мажбур бўлмоқда.

Давлат раҳбари ишга жойлашишни ҳисоб-китоб қилишдаги камчиликларни танқид қилди. Бу йилги 231 минг олийгоҳ битирувчисидан 125 минги иш топди, деб ҳисобот берилаётгани билан ишли бўлганларнинг 42 минги ўзини ўзи банд қилгани аниқланган.

Билдирилишича, ҳар бир талабани олийгоҳда ўқитиб, мутахассис қилиб тайёрлаш учун давлат йилига 25-30 миллион сўм сарфламоқда. Лекин, тўрт йил олийгоҳда ўқиб, диплом олган ёшларнинг ярмидан кўпи кам малака талаб этадиган ишларда банд.

Эслатиб ўтамиз, 30 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашувда Ўзбекистонда сўнгги етти йилда бошқарув кадрлари таркиби анча ёшариб, 40 ёшгача бўлган раҳбарлар улуши 37 фоиздан 65 фоизга ошганини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев олийгоҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг