Дам олиш кунлари кучли ёғингарчилик ва шамол бўлиши кутилмоқда

Бу қизиқ

image
0:00
0:00
download

Дам олиш кунлари республика бўйича жала ёмғирлар ёғиши ва шамолнинг кучайиши кутилмоқда. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази хабар берди.

Бугун, 20 май куни Ўзбекистон бўйича ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди, фақат Фарғона водийси вилоятларида куннинг иккинчи ярмида ва Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида кечга томон конвектив булутлар ривожланишида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Тоғолди ва тоғли ҳудудларда ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлиши мумкин. Кундузи ҳаво ҳарорати 27-32 даража бўлади.

Эртага республика ҳудудларига Кавказ ҳудудларидан нам ва нисбатан салқин ҳаво массалари кириб келиши бошланади. Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Фарғона водийси вилоятларида ва кечга томон Бухоро, Навоий, Қашқадарё вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Республиканинг қолган ҳудудларида ҳарорат 27-32 даража атрофида бўлган қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.

Якшанба куни нам ва нисбатан салқин ҳаво массалари кириб келиши республикамизнинг барча ҳудудларига тарқалади. Кўпчилик вилоятларда жала ёмғирлар ёғади, тоғолди ва тоғли ҳудудларда кучли бўлади. Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида ёғингарчилик кутилмайди, Бухоро, Навоий вилоятларида эса эрталаб ёмғир тўхтайди. Ҳаво ҳарорати кундуз куни 18-23 даражагача пасаяди, бу меъёрдан 4-6 даражага пастдир.

20-22 майда республика бўйича шамол 15-20 м/с гача кучайиши кутилмоқда, 21 майда шимолда ва чўл ҳудудларида, 22 майда республика бўйича баъзи жойларда 23-28 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон кузатилиши мумкин.

23 май душанба куни республиканинг деярли барча ҳудудларида кам булутли ва қуруқ об-ҳаво кузатилади, фақат Фарғона водийси вилоятларида кечаси ва эрталаб баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.

Кечаси ва эрталаб ҳаво ҳарорати сезиларли даражада пасаяди ва 10-13 даража атрофида бўлади, кундуз куни эса қуёш нурлари ҳавони 23-28 даражагача иситади.

20-23 майда республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

об-ҳаво

Баҳолаганлар

179

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг