“Даҳшатли томоша”. Трамп Бразилиядаги сайловларни танқид қилди
Олам
−
09:28 1015 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Бразилияда бўлиб ўтган президентлик сайловларини танқид қилиб, уларнинг натижалари сохталаштирилган сайловни эслатганини айтди. Бу ҳақда РБК хабар берди.
“Менимча, бу даҳшатли кўринди. Ростини айтсам, бу яна бир сохталаштирилган сайловга ўхшади. Мен ҳеч кимнинг тарафини олмадим, аммо бу томоша даҳшатли эди”, деган Трамп.
Маълумот учун, Бразилияда президентлик сайловларининг иккинчи босқичи жорий йилнинг 25 октябрь куни бўлиб ўтганди. Унда амалдаги давлат раҳбари Луис Инасиу Лула да Силва 51,79 фоиз овоз билан ғалаба қозонган. Унинг рақиби, собиқ президент Жаир Болсонаронинг ўғли Флавио Болсонаро эса 48,21 фоиз овоз тўплаган.
Флавио Болсонаро сайловда мағлуб бўлган. Маълумотларга кўра, у ва унинг отаси Дональд Трампнинг тарафдорлари ҳисобланади. Жаир Болсонаро ҳатто “тропик Трамп” лақабини олган.
Жорий йил май ойида Трамп Флавио Болсонарони Оқ уйда қабул қилган. Учрашувдан кейин бразилиялик сиёсатчи АҚШ Президенти унинг номзодини очиқ қўллаб-қувватламаганини айтган. Бироқ июнь ойида Трамп у билан тушган суратини эълон қилиб, Флавиони “ўз мамлакатини жуда яхши кўрадиган ақлли йигит” деб таърифлаган.
Лула эса Бразилиянинг BRICS доирасидаги манфаатларини фаол ҳимоя қилиши ва АҚШдан мустақилроқ сиёсат юритиш тарафдори экани билан танилган.
Нашрга кўра, Луланинг қайта сайланишидан кейин Бразилия фонд бозори кескин тушиб кетган. Асосий фонд индекси 10 фоиздан ортиқ пасайгани сабабли биржада савдолар вақтинча тўхтатилган.
“Bloomberg” хабарига кўра, бозорнинг пасайиши мамлакатнинг энг бой банкирларига ҳам катта зарар келтирган. Улар биргаликда қарийб 10 миллиард доллар йўқотган. Жумладан, Banco BTG Pactual асосчиси Андре Эстевеснинг бойлиги 4,4 миллиард долларга, Nubank компаниясини назорат қилувчи Дэвид Велеснинг бойлиги эса 2,6 миллиард долларга камайган.
Бундан ташқари, Лотин Америкасидаги энг йирик банклардан бири Itaú Unibanco’ни назорат қилувчи Педро ва Фернандо Морейра Саллесларнинг жами бойлиги қарийб 2 миллиард долларга қисқарган. “Bloomberg” ҳисоб-китобларига кўра, Бразилиянинг энг бой 10 нафар миллиардери акциялар нархи тушиши ортидан жами 15 миллиард доллар зарар кўрган.
Live
Барчаси26 Октябрь
26 Октябрь