Чўлпонга топилмаган ўқ ёхуд миллат ойдинларини ютган зулмат тун

Таҳлил

image

4 октябрь куни дунёда Бутунжаҳон жониворларни ҳимоя қилиш куни ҳисобланади. Бу сана 1931 йилдан бери бутун дунёда нишонлаб келинади. Айнан шу вақтдан бошлаб ҳайвонлар ҳаётига ҳамжамият катта эътибор қарата бошлаган.

Бироқ ХХ асрнинг 30-йилларида Ўзбекистонда ҳайвонлар тугул инсонлар ҳаётининг ҳам заррача қадри йўқ эди. Бу давр тарихда қонли давр сифатида қолиб кетган. Айниқса, 1937-1939 йилларда қатағонлар авж олган бўлиб, бу вақт мобайнида Ўзбекистонда 43 минг кишига турли айбловлар қўйилган. Кўплаб манбаларнинг таъкидлашича, улардан 6920 нафари отиб ташланган бўлса, 37 мингдан ортиқ одам сургун қилинган ёки қамалган. 

Чунончи, 1938 йил 4-16 октябрь кунлари 507 нафар Ўзбекистон ССР фуқаросига суд ҳукми ўқилган. Ушбу ҳукм ўқилганлар ичида ўзбек халқининг маърифатпарварлари – Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Ғози Олим Юнус, Отажон Ҳошим, Худойберган Девоновлар ҳам бор эди.

Абдулла Қодирий

Абдулла Қодирий 1894 йил 10 апрелда Тошкент шаҳридаги Дўмбиробод маҳалласида туғилган. Қодирийнинг эслашича, унинг  асар ёзишига дадаси айтиб берган ҳикоялар туртки бўлган.
У отасини қуйидагича хотирлайди:

“Ҳар ҳолда бемавридроқ бўлса керак, камбағал, боғбонлик билан кун кечиргучи бир оилада...туғилғонман. Ёшим тўққиз-ўнларга борғондан сўнг мени мактабга юбордилар. Мактабда икки-уч йил чамаси эски усулда ўқиб, кейинги вақтларда оиламизнинг ниҳоятда қашшоқ кун кечиргани важҳидан ўн икки ёшимда мени бир бойга хизматчиликка бердилар. Хўжайиним ўзи савдогар киши бўлуб, ўрисча ёзув-чизув билатурғон одамга муҳтож эди. Шу таъма бўлса керак, мени ўрис мактабига юборди... 1912 йилда манфактур билан савдо қилувчи бир кишига йилига 50 сўм баробарига приказчик бўлуб кирдим...”

Дастлаб мусулмон мактабида билим олган Қодирий кейинчалик рус-тузем мактабида таълимни давом эттирган. Ўқиш давомида ота-онасига ёрдам бериш учун ишлаб ўқиган. Кейинчалик, 1912 йилдан унинг меҳнат фаолияти бошланган. Дастлаб озиқ-овқат комитетида котиб бўлиб ишлагач, 1913 йилдан газеталарга мақолалар ёзишни бошлаган. У Жулқун, Жулқунбой, Калвак махсум каби тахаллусларда ижод қилган.

Абдулла Қодирий нафақат ўзбек адабиётига, балки журналистикасига ҳам катта ҳисса қўшган. Масалан, у 1923 йил ташкил этилган машҳур “Муштум” журналининг таъсисчиларидан бири ҳисобланади. Журналдаги фаолияти ҳақида унинг ўзи шундай дейди:

“Шу ўтган етти йил орасида Шўролар ҳукумати ва фирқадан бир оғиз танбеҳ олмадим. Хулоса – бошқаларнинг хизмати дафтар билан собит бўлса, меним хизматларим матбуот билан равшандир... Ишчи-деҳқонлар ёзғон асарларимни суюниб ўқийдилар ва мени ёзувчилар қаторига киргаздилар ва мени ҳамон ўқирлар ва унутмаслар...”

Шу билан бирга унинг ўзбек адабиётига қўшган ҳиссаси ҳам беқиёс. У ўзбек адабиётига дастлаб “Жувонбоз” ҳикояси билан кириб келган бўлса, кейинчалик “Аҳволимиз”, “Тўй” каби шеърлари, “Бахтсиз куёв” пьесаси билан омма ўғзига тушди. 

У биринчи ўзбек романи муаллифи ҳам ҳисобланади. Адиб “Ўткан кунлар” романини 1920-йиллар бошида ёза бошлаган. Роман қисмлари илк бор 1922 йил “Инқилоб” журналида чоп этилган бўлса, 1926 йил алоҳида китоб ҳолига келтирилган. Ушбу асар XIX асрдаги сиёсий жараёнларни очиб берган. Асарда, шунингдек, кўпхотинлилик ёмон оқибатларга олиб келиши, сиёсий ўйинлар одамларнинг ҳам шахсий ҳаётига дахл қилиши очиқ-ойдин кўрсатилган.

Шунингдек, унинг “Меҳробдан чаён” романи ҳам оммага машҳур асар ҳисобланади. Мазкур романда XIX асрда Қўқон хонлигида рўй берган воқеалар, қипчоқлар қирғини, сиёсий жараёнлар одамлар ҳаётини қанчалик ўзгартириб ташлаши ҳақида сўз боради.

Дастлаб унга 1926 йил ёзилган “Йиғинди гаплар” мақоласи орқали айб қўйилган. У 1926 йил суддаги нутқида шундай деганди: 

“Мен тўғрилик орқасида, бош кетса “иҳ” дейдирган йигит эмасман. Муқаддимадаги сўзимда айтдим: мен ўша кун матбаага тушганимда, ёлғиз “Йиғинди гаплар”дагина эмас, балки бошқа материалларда ҳам областнинг штампаси йўқ эди. Энди бугун ҳайрон қоламан, бундаги штамплар қаёқдан келди, ёки бунда ҳам маним устимга бир юк ортмоқчи эдиларми?

…Сўзим охирида одил судлардан сўрайман: Гарчи мен турлик бўҳтон, шахсият ва сохталар билан, ҳам англашилмовчиликлар орқасида, иккинчи оқланмайдурғон бўлиб қораландим. Лоақал уларнинг, қораловчи қора кўзларнинг кўнгли учун бўлса ҳам, менга энг олий бўлғон жазони бера кўрингиз. Кўнглида шамси ғубороти, тескаричилик мақсади бўлмоғон содда, гўл, виждонлик йигитга бу қадар хўрликдан ўлим тансиқроқдир. Бир неча шахсларнинг орзусича, маънавий ўлим билан ўлдирилдим. Энди жисмоний ўлим менга қўрқинч эмасдир. Одил судлардан мен шуни кутаман ва шуни сўрайман”.

У 1938 йилда 4 октябрдан 5 октябрга ўтар кечаси Тошкентда СССР Ички ишлар халқ комиссарлиги махсус полигонида отиб ташланган.

Абдулҳамид Чўлпон

Абдулҳамид Чўлпон Марказий Осиё жадидларининг энг ёш вакилларидан бири ҳисобланади. 1898 йил Андижон вилоятининг Марҳамат туманида туғилган. Чўлпон ҳам дастлаб мусулмон мактабида, кейинчалик рус-тузем мактабида ўқийди. 

Адибнинг дастлабки асарлари “Садойи Туркистон”, “Садойи Фарғона” газеталарида нашр этилган. “Адабиёт надур?”, “Ўзбек ёзучиларимизға” мақолалари эса ўзбек адабиётида муҳим ўринга эга.

Шунингдек, академик Наим Каримовнинг ёзишича, у ўзидан олдинги шоирларнинг кўпини бир хилликда айблаган ва шеъриятга янгилик олиб киришга қарор қилган.

Унинг фаолиятида 1917 йилги инқилоб катта аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам Чўлпон Абдулла Қодирийга нисбатан сиёсий жараёнларда фаолроқ бўлган. Масалан, 1917 йил 27 октябрда Туркистон Мухторияти тузилганда у Мухториятга атаб “Озод турк байрами” шеърини ёзган ва бу шеър куйга солиниб, Туркистон Мухториятининг мадҳиясига айлантирилган. 

Чўлпоннинг энг маҳшур асарларидан бири “Кеча ва Кундуз” романидир. Асар икки қисмдан иборат бўлиб, у “Кеча” ва “Кундуз”га бўлинади. Унинг “Кеча” қисми мавжуд бўлиб, унда 1917 йилдан кейинги Туркистондаги муаммолар, большевиклар босқинининг Марказий Осиё аҳолисига таъсири, одамлар ҳаётидаги қийинчиликлар ҳақида ҳикоя қилинади. “Кундуз” қисми эса советлар даврида йўқ қилинган.

Ёш жадид 1938-йил 5-октябрда отувга ҳукм қилинган. Бироқ, 4-октябрь куни  ўлдирилиб, 5-октябрда ўлдирилган деб расмийлаштирилган.

Адабиётшунос Наим Каримов эса унинг отиб эмас, чопиб ташланганини ёзади. “Чўлпонга ўқ етмай қолганиданми, ёки тўппонча отилмаганиданми, жаллодлар уни ўша кеча отмасликка қарор қилади. Аммо шоир “Ўлдиринглар! Мен сенларнинг давлатингда, замонингда яшашни истамайман! Сенларни кўргим йўқ”, деб бақиради. Шунда Чўлпонни болта билан чопиб ўлдиришган”, дейди у

Абдурауф Фитрат

Абдурауф Фитрат нафақат ўзбек адабиётида, балки Ўзбекистон тарихида катта ўринга эга. У адабий асарлар ёзишдан ташқари, сиёсий ҳаётда, шунингдек, Ўзбекистон давлатининг тузилишида ҳам муҳим ўринга эга. Қолаверса, у Марказий Осиёдаги жадидчиликнинг муҳим вакилларидан бири ҳисобланади.

Фитрат 1886 йил Бухорода туғилган. Унинг отаси савдогар бўлган ва кўпроқ чет мамлакатларда юргани сабабли уни кўпроқ онаси тарбиялаган. Шунингдек, у дастлаб оддий мактабда, кейинчалик Мир Араб мадрасасида таҳсил олган. Мадрасадан кейин Ҳаж сафарига борган ва чет мамлакатларни кўрган. Шунингдек, Туркияда ҳам таҳсил олган.

У коммунизм ғояси Марказий Осиё минтақасига кириб келгунигача Туркия андозасидаги давлат қуришга ҳаракат қилган. Шунинг учун сиёсий жиҳатдан Туркияга интилган. Фитрат Бухорода ислоҳотлар қилишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилган.

Масалан, 1917 йил апрелда бўлиб ўтган Бухородаги ислоҳотлар учун намойишда намойишчиларнинг бошчиларидан бири бўлган. Намойишчилар амирдан ислоҳотлар ўтказишни сўрашган. Намойиш бостирилгач, у Бухорода амир ҳукуматига қарши бўлиб қолган.

Шу билан бирга, адиб 1917 йил 27 ноябрь куни Туркистон Мухторияти тузилишида ҳам катта роль ўйнаган. У шу кунни “Миллий лайлатурқадримиз” деб атаганди. Бундан ташқари, Фитрат дастлаб большевикларга қатъиян қарши чиққан. “Русияда янги бош кўтарган бало – Большевик балоси” деганди. Марказий Осиё бўйича тадқиқотчи олим Адиб Холиднинг ёзишича, Абдурауф Фитрат демократиянинг Марказий Осиёдаги дастлабки тарафдорларидан бўлган ва Ғарбга интилган.

Бироқ, кейинчалик у фаолияти давомида большевиклар билан ишлашига тўғри келган. Масалан, Бухоро амирлиги тугатилганидан тузилган Бухоро Халқ Советлар Республикасида Фитрат бир неча давлат лавозимларида ишлаган. Бундан ташқари, 1924 йил 27 октябрь куни Ўзбекистон ССР тузилганидан кейин ҳам сиёсий ҳаётда фаол бўлган.

Унинг фаолияти анча серқирралиги билан ҳам ажралиб туради. Адиб филолог олим сифатида биринчи ўзбек профессори ҳам ҳисобланади. Фитрат, шунингдек “Ҳинд сайёҳи қиссаси”, “Мухтасар ислом тарихи”, “Мунозара” каби бадиий ва илмий асарлар муаллифи ҳам ҳисобланади. У тарихий тадқиқотларда ҳам жуда кўп иштирок этган.

У 1938 йил Англия ва Германия билан ҳамкорлик қилиб, Туркистон минтақасида советлар ҳокимиятини тугатиш учун улардан ёрдам сўраганликда айбланган. Фитрат ҳам кўплаб жадидлар қатори 1938 йил 4 октябрь куни Тошкентда отиб ташланган.

Авазбек Мўйдинов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг