Бюджет ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш учун жамғарма ташкил этилади
Жамият
−
20 Июнь
8859Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси ташкил этилади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг тегишли низоми эълон қилинди.
Низомда келтирилишича, бюджет муассасалари ва ташкилотлари (тиббиёт муассасалари, барча турдаги умумтаълим мактаблари, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларидан ташқари) ходимларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси республикадаги бюджет муассасалари ва ташкилотларида меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг 15 фоизи миқдорида ташкил этилади.
Болалар, қариялар, ногиронларнинг “Мурувват” ва “Саховат” интернат-уйлари, жисмоний ривожланиш имконияти чекланган ва жисмоний нуқсонлари бўлган шахслар учун ихтисослаштирилган коллежлар, уруш ва меҳнат фахрийлари санаторийлари, ногиронлар реабилитация марказлари ва уйда ижтимоий ёрдам кўрсатиш хизмати ходимларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг 25 фоизи миқдорида ташкил этилади.
Бюджет муассасалари ва ташкилотларида меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасига базавий тариф ставкаси, лавозим маоши, меҳнатни рағбатлантириш коэффициенти, алоҳида меҳнат шароитлари учун тўлов, узоқ йил хизмат қилгани учун тўлов, махсус унвонлар учун тўланадиган устама, туман коэффициентлари учун тўланадиган устама, бюджетдан ажратиладиган икки ойлик меҳнат ҳақи фонди миқдоридаги мукофот, бир ойлик меҳнат ҳақи фонди миқдоридаги моддий ёрдам ва ижтимоий солиқ ҳисобланадиган бошқа тўловлар киради.
Моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси бюджет маблағлари ҳисобидан шакллантирилади. Махсус жамғарма маблағларига қонунчиликда белгиланган тартибда ва ўрнатилган ставкаларда ижтимоий солиқ ҳисобланади. Моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси маблағларидан амалга оширилган тўловларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисобланади, шунингдек қонунчиликка мувофиқ тегишли ушланмалар ушланиб қолинади.
Моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси маблағлари бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимлари иш ҳақига устамалар белгилаш ва ходимларни мукофотлашга йўналтирилади.
Бюджет муассасалари ва ташкилотларида хизмат вазифаларини ташаббускорлик ва виждонан бажарган юқори малакали ходимларни рағбатлантириш мақсадида, қонунчиликда белгиланган тартибда ишда эришган ютуқлари учун лавозим маоши (тариф ставкаси) ҳамда устамани (рағбатлантириш коэффициентини) ҳисобга олган ҳолда 50 фоизидан ошмаган миқдорларда шахсий устамалар белгиланади. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан молиялаштириладиган давлат бошқарув органларининг бошқарув ходимлари учун ушбу устамаларнинг энг юқори миқдорлари чегараланмайди.
Мазкур устамалар раҳбарга юқори турувчи ташкилот томонидан, бошқа ходимларга муассаса ёки ташкилот раҳбари томонидан белгиланади. Иш сифати ёмонлашганда, топшириқлар ўз вақтида бажарилмаганда, меҳнат ва ижро интизоми бузилганда устамалар бекор қилиниши ёки камайтирилиши мумкин.
Ходимларга мукофотлар тўлаш ҳисобот даври якуни бўйича ҳамда юбилей ва байрамларда амалга оширилади. Мукофотлар миқдори ишнинг умумий натижаларига уларнинг шахсий улушига қараб белгиланади ва юқори миқдорлари чегараланмайди.
Мазкур жамғарма ҳисобидан амалга оширилган тўловлар барча ҳолларда (таътил учун тўлов, пенсияни тайинлашда, вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ва бошқалар) ўртача иш ҳақини ҳисоблашда ҳисобга олинади.
LiveБарчаси