Бухорода “жиннихона”даги 15 ёшли соғлом қиз уйига қайтарилди
Жамият
−
04 Апрель
41460Бухорода соғлом бўлса ҳам, руҳий касалликлар диспансерида қолаётган 15 ёшли қиз уйига қайтарилди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Қайд этилишича, омбудсманга Бухоро вилояти Руҳий-асаб касалликлари диспансери маъмуриятидан мурожаат келиб тушган.
Мурожаатда 2009 йилда туғилган М.Я (қиз бола) руҳий-асаб касалликлар диспансерига жойлаштирилгани, лекин бугунги кунда у фаол даволанишга муҳтож эмаслиги, ҳозирда ўсмир қиздан ҳеч ким хабар олмаслиги, онаси билан телефон орқали гаплашилганда у қизини олиб кетолмаслиги баён қилинган.
Болалар омбудсмани вояга етмаган М.Я.нинг оиласидаги ижтимоий ҳолат баҳоланиши ва унинг шифохонадан чиқарилиб, соғлом ҳаётга мослашуви юзасидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига сўров юборган.
Агентлик томонидан мазкур ҳолат атрофлича ўрганилган.
"Жумладан, агентликнинг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан вояга етмаган қизнинг оиласи ижтимоий вазияти ўрганилиб, унинг онаси билан учрашилди ва тушунтириш ишлари олиб борилди. Натижада фарзанди М.Я. жорий йилнинг 19 март куни Бухоро вилояти Руҳий-асаб касалликлари диспансеридан чиқарилиб, яшаш манзилига олиб кетилди", дейилади хабарда.
Бундан ташқари, ўсмир қиз ҳозирда ўқишини Бухоро шаҳридаги 8-сонли умумий ўрта мактабда давом эттира бошлагани айтилмоқда.
LiveБарчаси