Бухорода юз берган табиий офатдан сўнг ҳозиргача қандай ишлар қилинди?
Жамият
−
07 Май 2020
6584Жорий йилнинг 27 апрель куни Бухоро вилоятида кучли шамол ва ёмғирли об-ҳаво кузатилди. Оқибатда вилоятдаги инфратузилма объектлари, турар-жойлар, жумладан, алоқа тизими, электр энергияси таъминоти жиддий зарар кўрди.
Табиий офат оқибатида 1816 та трансформатор ишдан чиққан, 4311 та таянч устун синган ёки пастга ағдарилган, 8160,3 километр узунликдаги электр узатиш тармоқларининг симлари узилган. Бу ҳақда Бухоро вилояти ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, талафот оқибатларини бартараф этишга 121 та таъмирлаш бригадаси, 188 та техника жалб этилган. Бунинг натижасида Вобкент, Ғиждувон, Когон, Қоровулбозор, Шофиркон, Бухоро туманлари ва Бухоро шаҳрида аҳоли электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш йўлга қўйилган. Таъкидланишича, Ромитан ва Пешкў туманларида бу борадаги юмушлар якунланиш арафасида.
“Офат Олот ҳамда Қоракўл туманларига энг кўп зарар етказди. Масалан, Олотда ҳаво электр линиялари 100 фоиз шикастланди. 1062 километр узунликдаги бу линияларнинг ҳозиргача 35 фоиздан зиёди таъмирланди. 324 та янги таянч устунлар ўрнатилди. Зарарланган 384 та трансформаторнинг 102 таси таъмирланди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 4663 хонадонга электр энергиясини етказиб бериш йўлга қўйилди”, дейилади ҳокимлик хабарида.
Қоракўл тумани бўйича 312 та янги таянч устуни ўрнатилган. Зарарланган 402 та трансформаторнинг 85 таси таъмирланган. 6302 хонадонга электр энергияси етказиб берилган.
LiveБарчаси