Бухорода карантин чоралари кучайтирилади
Жамият
−
30 Июнь 2020
7235Кеча, 29 июнь куни Бухоро вилоятида коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича вилоят комиссиясининг фавқулодда йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда кейинги пайтларда аҳоли ўртасида коронавирус инфекцияси билан касалланиш кўпайганлиги, ҳатто, ўлим ҳолати қайд этилганлиги сабабли комиссия қарори билан жорий йилнинг 30 июнь кунидан номаълум муддатга қадар:
1. Вилоят ҳудудида жамоат транспортлари (автобус) ҳаракати тўлиқ тўхтатилади.
2. Бухоро шаҳар ҳудудида соат 22:00дан 06:00гача шахсий автотранспорт воситаларининг заруратсиз (зарур иш юзасидан, дори-дармон воситаларига бўлган эҳтиёж, шифохонага бориш-келиш бундан мустасно) ҳаракатланиши чекланади.
3. Йўналишсиз такси фаолиятида йўловчи ташиш учун белгиланган карантин қоидаларини бузган ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилади ва автотранспорт воситаси жарима майдончасига киритилади.
4. Ички ишлар бошқармаси, Миллий гвардия вилоят бошқармаси, санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошқармаси билан биргаликда жамоат жойларида санитария-эпидемиология талабларига риоя этилиши устидан назорат тадбирлари (рейдлар) мунтазам равишда кучайтирилган тартибда ташкил этиб борилади. Шунингдек, жамоат жойларида тиббий ниқобсиз юрганлик учун маъмурий жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш чоралари кўрилади.
5. “Қизил” ҳудуд тоифасига киритилган туманлар (Ғиждувон, Шофиркон, Вобкент, Жондор)дан келиб, Бухоро шаҳридаги бошқарма, корхона ва ташкилотларда фаолият кўрсатувчи ишчи-ходимлар масофавий иш усулига ўтказилади ва ушбу тоифага кирган туманларда карантин қоидалари янада кучайтирилади.
6. Мулкчилик шаклидан қатьий назар ҳар бир корхона-ташкилотда карантин тартиб-қоидаларига риоя этилмайдиган бўлса, санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошқармаси хулосасига кўра, ўша корхона-ташкилот фаолияти тўхтатилади.
7. Ҳудудларда карантин талабларини таъминламаганлиги туфайли коронавирус инфекцияси тарқалишига йўл қўйган раҳбарларга лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий таъсир чоралари қўлланилади.
8. Ишчи гуруҳ хулосасига кўра, вилоятдаги барча буюм бозорларидаги шарт-шароитлар карантин тартиб-қоидаларига мутлақо жавоб бермайди. Шу боис, бозорлар ҳудуди тўлиқ карантин талабларига мос ҳолга келтирилиб, ишчи гуруҳининг ижобий хулосасидан сўнг фаолият бошлашига рухсат берилади.
LiveБарчаси