Британия ва Германия Эронга қарши урушда Исроилга ёрдам бермоқчи
Олам
−
01 Март 3229 3 дақиқа
НАТО давлатлари амалда Эронга қарши операцияга қўшилаётганликларини эълон қилмоқда. Хусусан, Британия ва Германия Исроилга ёрдам кўрсатиш учун ўз кучларидан фойдаланишга тайёр эканликларини эълон қилди.
Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер ҳукумати эълон қилган хабарда айтилишича, Британия Ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари ва Ҳарбий-денгиз кучлари кемалари Эрон ракеталари ҳамда дронларини тутиб қолиш учун қўлланилади. Германия канцлери Фридрих Мерц идорасининг маълум қилишича, Германия ҳам худди шундай йўл тутмоқчи.
Ушбу хабарлар бир томондан АҚШ ва Исроил, иккинчи томондан Эрон ўртасидаги навбатдаги ўзаро зарбалар тўлқини фонида янгради. Эрон ракеталари яна Америка авиабазалари томон учмоқда, шу билан бирга Ямандаги ҳусийлар ҳам Эронга ёрдам бермоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, эндиликда Ямандан ҳам Исроил томон дронлар учирилган.
Қайд этиш жоиз, Британия ва Германиянинг “Исроилни ҳимоя қилиш” операциясига қўшилиши Исроил Эроннинг қатъий жавоб чоралари сифатида йўллаётган барча зарбалар тўлқинига якка ўзи қаршилик кўрсата олмаётганидан далолат бериши мумкин, айниқса агар уруш узоқ давом этадиган бўлса.
Шу билан бирга, Дубайдан келаётган хабарларга кўра, Италия Мудофаа вазири Гвидо Крозетто у ердан учиб кета олмаяпти. Дубай аэропорти ёпилган, Эрон БАА ҳудудидаги Америка ҳарбий объектларига ҳужум қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Исроил ва АҚШнинг Эронга уюштирган ҳужумларини қоралаб, Ислом Республикаси томонидан минтақа давлатларидаги нишонларнинг ўққа тутилишини “қабул қилиб бўлмас” деб атаган эди.
АҚШ–Исроил–Эрон уруши
Бугун, 28 февраль куни Исроил кутилмаган вақтда Эронга қарата ҳаводан зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – Президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинмоқда. Эроннинг “Mehr” ахборот агентлиги Теҳрондаги Эрон разведка биносига ҳам ҳужум қилинганини ёзган. Исроил томонидан старт берилган операция “Еҳуда қалқони” деб номланган. Дастлабки манбаларга кўра, Эронга ўттиздан ортиқ ракеталар йўлланган бўлиши мумкин.
Орадан бироз вақт ўтиб Исроил Мудофаа кучлари Эронга ҳужумни расман тасдиқлаган. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Исроил фуқароларидан хавфсиз жойга яширинишни сўраган. Мамлакатда шошилинч равишда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
Шу орада АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон бўйича операциялар ҳақида 8 дақиқалик баёнот берган ва унда Эронга қилинган ҳужумда АҚШнинг иштирок этганини тасдиқлаган. Унинг қайд этишича, Эронга қилинган ҳарбий опреациялар Америка халқини ҳимоя қилиш учун амалга оширилмоқда. У ўз баёнотида эронликларни амалдаги тузумни ағдаришга чақирган. Трамп Эрон ҳарбий хизматчиларига таслим бўлишни ва бунинг эвазига «иммунитет» олишни таклиф қилди ёки “муқаррар ўлим”ни танлашлари мумкинлигини айтган.
Қолаверса, барча воқеаларни бир четдан кузатиб турган Эрон собиқ валиаҳд шаҳзодаси Ризо Паҳлавий ҳам Эрон халқига мурожаат қилиб, мамлакат учун ҳал қилувчи лаҳзалар келганини таъкидлаган. Шунингдек, у бу сўнгги жанг эканини ва унда Эрон халқи Ислом Республикаси тузуми устидан ғалаба қозонишини таъкидлаган.
Орадан кўп вақт ўтмай энди Эрон Исроил давлати ҳудудига қарата зарба йўллашни бошлади.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам ҳужумларни тасдиқлаб, баёнот берган. Унга кўра, Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши қўшма операцияси Эрон террор режими келтириб чиқараётган таҳдидни бартараф этишга қаратилган. Нетаньяху махсус мурожаатида сўнгги 47 йил давомида Эрон раҳбарияти Исроил ва АҚШга қарши очиқ таҳдидлар қилган ҳамда минтақада зўравонлик сиёсатини юритганини айтган.
Live
Барчаси