Брекет – тишсим, миксер – қорғич: 41 та сўз ўзбекчалаштирилди
Жамият
−
13:00 2082 3 дақиқа
Бренд – хосном, дедлайн – сўнгмуддат: 41 та хорижий ўзлашма сўзларга ўзбекча муқобил таклиф қилинди. Янги атамалар орасида кундалик нутқда ишлатиладиган эможи, хештег, ҳостел каби сўзларга ҳам ўзбекча вариантлар берилган. Бу ҳақда Атамалар комиссияси хабар берди.
Қайд этилишича, турли соҳаларда кенг қўлланилаётган хорижий атамалар таҳлил қилиниб, уларнинг ўзбекча муқобиллари ишлаб чиқилган. Янги вариантлар ўзбек тилининг қоида ва меъёрлари асосида шакллантирилиб, уларни расмий муомалага киритилиши тавсия этилмоқда.
Рўйхатдан бир қатор кундалик ва касбий соҳаларда ишлатиладиган атамалар ўрин олган.
Бунда 41 та хорижий атаманинг ўзбекча муқобили тасдиқланган. Жумладан:
аккомпанемент – жўрнавоз;
антракт – танаффус;
арьерсцена – саҳнаорти;
АСКУЭ – ЭҲНАТ (Энергия ҳисоби ва назоратининг автоматлаштирилган тизими);
банкет – зиёфат;
башмак – бошмоқ;
БГС – ДҚУ (Доналаб қуритиш ускунаси);
БПЛА – УҲА (Учувчисиз ҳаво аппарати);
брекет – тишсим;
бренд – хосном;
вебинар – вебйиғин;
датчик – сезгич;
дедлайн – сўнгмуддат;
декорация – саҳнабезак;
ДПО – МЯБ (Майдалаш-янчиш бўлинмаси);
ЕЭС – ЯЭТ (Ягона электр тизими);
инвентаризация – хатлов;
интерактив – интерфаол;
КВФ – АВФ (Айланма вакуум фильтри);
комментарий – изоҳ;
миксер – қорғич;
ЛВФ – ТВФ (Тасмали вакуум фильтри);
палатка – чодир;
негатив – салбий;
пенопласт – пўкак;
пеноблок – пўкак ғишт;
полигон ТБО – ҚМЧ майдони (Қаттиқ маиший чиқиндилар майдони);
пробел – бўшлиқ;
раковина – чаноқ;
распродажа – арзонсотув;
рубильник – узгич;
симптом – белги, аломат;
СБ (Сушилка барабанная) – БҚ (Барабанли қуриткич);
суфлёр – шивирчи;
тренинг – машғулот;
фитосанитария – фитоҳимоя;
фрилансер – эркин ишчи;
эможи – ҳисбелги;
хештег – калитсўз;
шпалер – токустун;
ҳостел – қўноқуй.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган. Бунда 2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш концепциясида илмий асосланган янги сўз ва атамаларни мунтазам равишда расмий муомалага киритиб бориш вазифаси белгиланган.
Мазкур вазифа доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссияси томонидан турли соҳа ва фаолият йўналишларига оид атамалар таҳлил қилиниб, уларнинг ўзбек тили қоидалари ва меъёрларига мос муқобиллари ишлаб чиқилмоқда.
Маълум қилинишича, ушбу йўналишдаги ишлар доирасида турли фан ва фаолият соҳаларида қўлланаётган атамалар таҳлил қилиниб, уларнинг ўзбек тили меъёрларига мос муқобиллари ишлаб чиқилмоқда.
“Бу жараён ўзбек тилининг илмий ва расмий услубдаги имкониятларини кенгайтириш, терминологик тизимни миллийлаштириш, атамаларнинг ягона меъёр асосида қўлланишини таъминлаш ҳамда давлат тилининг нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 июль куни “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилган эди.
Live
Барчаси