БП фуқаро ИИБда ўласи қилиб калтакланиши бўйича очилган жиноят иши ҳақида маълумот берди
3-саҳифа
−
17 Сентябрь 2020
8501Андижонда ички ишлар ходимлари томонидан ИИБда қийноққа солиниб, сўнг шифохонада вафот этган йигит иши бўйича тергов ҳаракатлари октябрь ойигача ниҳоясига етиши кутиляпти.
Бош прокуратура Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, жиноят иши октябрь ойигача судга юборилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 май куни Андижон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг 4-сонли Ички ишлар бўлимига қимматбаҳо тош ўғрилигида гумон қилинган фуқаро А.Абдукаримов олиб келинган ва қийноққа солинган. Фуқаро ўлар ҳолга келганда шифохонага олиб борилган. 2 ҳафтага яқин шифохонада ётган Абдукаримов 11 июнь куни вафот этган.
Бу мудҳиш ҳодисадан кейин 4-сонли ИИБ жиноят-қидирув гуруҳининг уч нафар тезкор вакили — катта лейтенант Ф.Ҳусанбоев, катта лейтенант Э.Райимжонов ва катта лейтенант Қ.Қодиров ички ишлар органларидан бўшатилган. 1 июнь куни уларга нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) ҳамда 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) билан айб эълон қилиниб, суд қарори билан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган эди.
Кейинроқ, яна икки киши — 4-сонли ИИБ бошлиғи подполковник П.Мамажонов ҳамда мазкур бўлим жиноят-қидирув гуруҳининг яна бир тезкор вакили ҳам қамоққа олинганди.
Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 206, 234, 235 ҳамда 227-моддалари (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) билан айб эълон қилинган.
Андижон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи подполковник Содиқ Усмонов лавозимидан озод этилганди.
Олий суд раисининг Матбуот котиби Азиз Абидов мазкур иш бўйича судлов алолатли ва шаффоф ўтишини, суд мажлисида ОАВ ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этиши кафолатланишини айтиб ўтганди.
“Ушбу иш бўйича очиқ суд жараёни ўтказилиб, суд мажлисларида матбуот, ОАВ ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этиши мумкин бўлади. Уларга суд жараёнини тўлиқ ва ошкора ёритишга барча шарт-шароитлар яратиб берилади”, деганди Азиз Абидов.
Бу воқеа Ўзбекистонда тергов органларидани қийноқлар масаласи қанчалик чуқур илдиз отиб кетганини кўрсатди. Жамоатчилик ва сиёсий элтиа яна қийноқлар масаласига жиддий эътибор қаратди.
LiveБарчаси