БМТ биноси яқинида яширин алоқа тармоғи аниқланди
Олам
−
23 Сентябрь 2025 6514 2 дақиқа
АҚШ Махфий хизмати Нью-Йоркда мобил алоқа ишига халақит бериш ва БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган электрон қурилмалар тармоғини йўқ қилди. Бу ҳақда хизматнинг пресс-релизида айтилган.
“Махфийликни ҳимоя қилишга қаратилган ушбу тергов давомида бир неча жойда 300 дан ортиқ биргаликда жойлаштирилган SIM-серверлар ва 100 мингта SIM-карта аниқланди”, дейилади ҳужжатда.
Махфий хизмат маълумотига кўра, бу қурилмалар аноним таҳдидларни юборишда, шунингдек, “телекоммуникацион ҳужумларнинг кенг доирасида”, жумладан, алоқа минораларини ишдан чиқаришда фойдаланилиши мумкин бўлган. Бундан ташқари, мазкур қурилмалар ёвуз ниятли шахсларга музокараларда анонимликни таъминлаб берган.
Ҳужжатда, шунингдек, ушбу қурилмалар айни пайтда БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси ўтказилаётган БМТ штаб-квартирасидан тахминан 55 км радиусда жойлаштирилгани қайд этилган. Хизмат “вақт, жой ва Нью-Йорк телекоммуникация тармоғи ишининг жиддий бузилиш эҳтимолини ҳисобга олиб”, тармоқни ўчириш бўйича тезкор чораларни кўрган.
АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги ва Махфий хизмат терговни давом эттирмоқда, гумонланувчиларнинг қўлга олингани ҳақида хабар берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған БМТ доирасида ўтказилган “Фаластин масаласига ечим топиш ва икки давлатли ечимни амалга ошириш” мавзусидаги халқаро конференциядаги чиқишида Ғазодаги ҳаракатлари учун Исроилни қоралай бошлаган пайтда унинг микрофони ўчириб қўйилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси