Коронавирус хавфи: Қўмита турагентликларга Хитойга турлар сотмасликни тавсия қилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш қўмитаси Хитойдаги коронавирус хавфи туфайли Ўзбекистондаги туроператорларга мурожаат қилиб, улардан ушбу мамлакатга турлар сотувини тўхтатиб туришни тавсия қилди.

Хитойнинг Хубэй провинцияси Ухань шаҳрида пайдо бўлган коронавирус бугунга келиб бутун мамлакат, Австралия, Вьетнам, Жанубий Корея, Малайзия, Непал, Сингапур, АҚШ, Таиланд, Франция, Япония, Филиппин, БАА ва қатор бошқа мамлакатларда аниқланган.

Коронавирус эпидемияси туфайли мамлакат ҳукумати маҳаллий туроператорларга ва турагентларга мамлакат бўйлаб ҳамда хорижга чипта сотишни тақиқлаган. Шу билан бирга, Россия, Малайзия, Филиппин, Грузия каби қатор давлатлар ҳам эпидемиологик вазият нормаллашувига қадар Хитойга ва Хитойдан амалга оширилувчи турларга тақиқлов белгилади.

Ўзбекистон ҳукумати ҳам коронавируснинг мамлакатга киришига йўл қўймасликка оид чоралар кўрмоқда. Шу муносабат билан Туризмни ривожлантириш қўмитаси мамлакатда фаолият юритаётган туроператор ва турагентларга қуйидагиларни тавсия қилди:

•    эпидемиологик вазият нормаллашувига қадар Хитойга турлар сотувини тўхтатиб туриш;

•    Хитойга сафар бўйича харид қилинган ёки сотиб олинган турларни санитар вазият нормал бўлган мамлакатларга алмаштириш;

•    қонунчиликка мувофиқ, сайёҳларни йўл олаётган мамлакатдаги эпидемиологик вазиятдан хабардор қилиш.

Шу билан бирга, жойлаштириш воситалари ва туроператорлар (турагентлар)дан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги сайёҳнинг саломатлиги ёмонлашган ҳолатда яқин орадаги тиббиёт муассасаси ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигини бохабар қилиш сўралган.

Жисмоний ва юридик шахслар Туризмни ривожлантириш қўмитасига мурожаат қилган тақдирда қуйидагилар тавсия қилинган:

•    омма йиғилган жойларда ҳамда таом истеъмолидан аввал қўлларни яхшилаб ювиш;

•    касалликнинг илк белгилари намоён бўлган тақдирда зудлик билан туроператорга, жойлаштириш воситаси ёки яқин орадаги тиббиёт муассасаси персоналига ёрдам сўраб мурожаат қилиш;

•    Ўзбекистон ҳудудида тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилинган тақдирда тиббиёт муассасалари персоналини келган вақти ва жойи ҳақида маълумот бериш;

•    нафас органлари ҳимоя воситалари (ниқоб)дан фойдаланиш;

•    бозорлар, ҳайвонот боғи, оммавий-маданий тадбирларга бормаслик;

•    фақат термал ишлов берилган таом ва бутилдаги сувни истеъмол қилиш.

Эслатиб ўтамиз, ҳозиргача янги коронавирусдан 213 нафар одам ҳалок бўлди. Вирус билан касалланганлар дунё бўйича 9816 нафарга етди.


Мақола муаллифи

Теглар

вирус Туризс қўмитаси

Баҳолаганлар

51

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг