Биржада шакар арзонлашди
Жамият
−
19 Март 2022
21083
Кеча, 18 мартда Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасида ўтказилган очиқ биржа савдолари натижаларига кўра шакарнинг барча категорияси бўйича шаклланган ўртача кунлик нархи аввалги савдо кунига нисбатан маҳсулотнинг бир тоннаси учун 11 921,9 минг сўмдан 10 101,3 минг сўмгача, яъни 15,3 фоизга пасайди.
Ўтган савдо кунида биржа савдоларига жами 2 100 тонна шакар қўйилган бўлиб, уларнинг барчаси сотилди. Бунда, биржа савдолари орқали "Хоразм шакар" МЧЖ томонидан 1 200 тонна ва "Ангрен шакар" МЧЖ томонидан 900 тонна шакар сотилди.
Шакар бўйича ўтказилган биржа савдоларида иштирок этган харидорларнинг сони 267 тага етди ва бу 17 мартга нисбатан 32 фоизга, 1 мартга нисбатан уч маротабага кўпдир.
Шакарнинг харид қилишда талаб даражасидан келиб чиққан ҳолда, ҳудудлар ўртасида мутаносиб тақсимот шаклланмоқда. Нисбатан етакчилик қилган ҳудудларга Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти (30% фоиз), Самарқанд вилояти (12фоиз), Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари (10 фоиздан), Андижон ва Бухоро вилоятлари (8 фоиздан) кирди.
Қайд этилишича, 17 март куни Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан шакарни биржа савдоларига кунлик 2 000 тоннадан кам бўлмаган миқдорда барчага тенг шароитда 1 тонналик лотларда қўйилишини ҳамда бир савдо сессиясида бир ҳаридор максимал 20 тонна шакар сотиб олиши кўрсатмаси берилган.