Биринчи Президентнинг набираси Буюк Британиядан сиёсий бошпана сўради
Олам
−
13 Февраль 2020
16556Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг набираси – Сенат раиси Дариға Назарбоеванинг ўғли Ойсултон Назарбоев Буюк Британиядан сиёсий бошпана сўради.
“Мен Буюк Британиядан сиёсий бошпана сўрайман. Менинг сўнгги 5 йилим кулранг чизиқлар билан қопланган. Одамлар аслида нима бўлгани ва нима учун эканини билиб олиш вақти келди”, деб ёзади Ойсултон ўзининг ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифасида.
Ойсултон Назарбоев ўз сўзларини давом эттирибЮ, оиладаги қийин вазиятлар ҳақида гапирди:
“Бу сафар улар мени тутиб, зўрлик билан психотроп моддаларни киритишди ва мени даволаниш баҳонаси билан қамоқхонага юборишди. У ерда мен 14 ой яшадим”.
Кичик Назарбоев Москва яқинидаги ноқонуний қамоқхонада 14 ой сақлангани, ҳибсдалигининг 12-ойида онаси Дариға Назарбоева ундан хабар олгани келгани, орадан кўп ўтмай, Россия махсус хизматлари, хусусан Алнур Мусаев ёрдамида у ердан чиққанини айтади.
“Менинг қайнотам, мен ёрдам берган Қайрат Боранбоев ҳам мендан юз ўгирди. Олмаотага келганимдан кейин мени яна бир бор Нурсултон Назарбоев, хусусан онам билан учраштиришди", деб ёзади Ойсултон.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил октябрида Ойсултон Назарбоев Лондонда полициячига ҳужум қилгани учун синов муддати учун ҳукм қилинган эди. Жазо синов муддати, гиёҳвандлик бўйича даволаниш, жамоатчилик хизмати ва жаримани ўз ичига олган.
Гиёҳванд моддалар таъсири остида у полицияга қаршилик кўрсатган, улардан бирини урган.
Ойсултоннинг онаси – Назарбоевнинг тўнғич қизи, айни вақтда мамлакат Парламенти раиси Дариға Назарбоева. У аллақачон турмуш ўртоғи Роҳат Алиев билан ажрашган. Аслида барча воқеаларнинг дебочаси шу. Улар 2008 йилда ажрашишган. Куёв бўлмиш Алиев 2015 йилда Aвстрия қамоқхонасида ўлик ҳолда топилган. Ўшанда у “Нурбанк”нинг икки нафар топ-менежерини ўлдирганликда айбланган. Қозоғистонда унга ҳокимиятни эгаллаб олишга зимдан тайёргарлик кўриш, жиноий гуруҳга раҳбарлик қилиш каби айбловлар қўйилган ва сиртдан 40 йил озодликдан маҳрум қилинган. Қозоғистон Австрияга унинг экстрадицияси ҳақида икки марта сўров юборган, аммо рад жавобини олган эди.
Ойсултон Назарбоев Британиянинг қироллик ҳарбий академиясини битирган ва Қозоғистоннинг ҳарбий разведкасида фаолият олиб борган. У болалигидан футбол ишқибози бўлган ва бир вақтлар Қозоғистон футбол федерацияси вице-президенти лавозимида ҳам ишлаган. 2017 йилда у бобоси Мухтор Алиев вафоти ва отасининг ўз жонига қасд қилганидан кейин гиёҳванд моддалар истеъмол қилаётганини тан олган.
2013 йилда Ойсултон Назарбоев “ҚозРосГаз” раҳбари Қайрат Боронбоевнинг қизига уйланган. Уларнинг бир нафар қиз фарзанди бор.
Собиқ совет мамлакатларининг Биринчи Президентлари оила аъзолари, набиралари орасида тилга тушган иккинчи шахс Ойсултон Назарбоев бўлди. Бундан аввал Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов BBC ва бошқа кўплаб оммавий ахборот воситаларига интервью берган, ижтимоий тармоқлар орқали оила сирларини ташқарига олиб чиққан, опа-сингиллар Гулнора ва Лола муносабатларини таҳлил қилган ва улар орасидан оламушук ўтишида бобосини айблаган эди.