Бермуд учбурчаги: афсонами ёки ҳақиқат?

Бу қизиқ

image

Бермуд учбурчаги Атлантика океанининг шимоли-ғарбий қисмидаги тахминан Майами, Бермуд ва Пуэрто-Рико билан чегараланган ҳудуддир. Аниқ статистика юритилмаса-да, ўтган бир неча асрлар давомида кўплаб кема ва самолётлар шу учбурчак ҳудудда изсиз ғойиб бўлгани тўғрисида маълумотлар мавжуд.

"National Geographic" нашрининг ёзишича, бу ҳудуднинг ғайриоддий хусусиятлари анча илгари қайд этилган. Христофор Колумб  ўз кундалигида бу жойдаги ғалати компас йўналишлари ҳақида ёзган. Аммо бу минтақа 1964 йилнинг августига қадар ҳозирги номи билан аталмаган. Журналист Винсент Гаддис ўзининг “Argosy” журналида чиққан АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг 19 рейси йўқолиши ҳақидаги мақоласида “Бермуд учбурчаги” атамасини энг биринчи бўлиб ишлатган. Ушбу мақолани афсоналар яратиш бўйича бутун бир “саноат”ни бошлаб берган деса ҳам бўлади. Масалан, йўқолган кема ва самолётларга нима бўлганини тушунтириш мақсадида улкан денгиз махлуқлари, кальмарлар ва ҳатто ўзга сайёралик мавжудотлар иштирокидаги кўплаб ғайриоддий назариялар пайдо бўлган.

Баъзи назарияларга кўра, бу ҳодисаларга океаннинг “газ чиқариши”, яъни метан газининг кутилмаганда сув юзасига отилиши сабаб бўлган. Аммо кўпчилик ҳақиқат бундан анча жўнроқ деб ҳисоблайди: баъзан табиат бебошлиги, инсоний хатолар, сифатсиз ишлаб чиқариш ёки шунчаки омадсизлик – кўплаб йўқолишларни тушунтиришга етарли.

19 рейс

Бермуд учбурчаги билан боғлиқ шов-шувли воқеалардан бири 1945 йил 5 декабрь куни содир бўлган АҚШ денгиз флотининг 19 рейси ҳалокати ҳисобланади. Ўша куни соат 14:10 да бортида 14 киши бўлган бешта бомбардимончи самолёт Флорида штатининг Форт-Лодердейл шаҳридаги АҚШ денгиз-ҳаво базасидан машғулот парвози учун ҳавога кўтарилган. Парвозга лейтенант Чарлз Тейлор раҳбарлик қилган. Улар учбурчак шаклидаги йўналиш бўйлаб учиб, бомба ташлаш машқларини бажариши керак эди. Аммо GPS мавжуд бўлмаган ўша даврда Тейлор бомбардимон машқидан сўнг адашиб қолади. Ўша йилларда сув устида учаётган учувчилар фақат компас ва вақт ҳисобига таянар эди: улар қайси йўналишда қанча вақт ва қандай тезликда учаётганларини билиш орқали йўл топишарди.

Тейлор самолётидаги иккала компас ҳам носоз бўлиб, сақлаб қолинган парвоз радиоқайдларидан маълум бўлишича, учувчилар соат ҳам тақмаган. Океан ўртасида эса ҳеч қандай йўл кўрсатувчи белги йўқ эди, қуёшли кун эса қоронғи ва бўронли кечага айланган. Тейлор режа тузган: биринчи самолётнинг ёнилғиси 10 галлон (38 литр)гача камайгач, бешта самолётнинг барчаси денгизга қўниши керак эди. Улар ўтирган Avenger самолёти ўта мустаҳкам қурилма сифатида танилган. Денгиз тарихчиси Марк Эванснинг сўзларига кўра, учувчилар уларни “темир қушлар” деб атаган. Аммо улар жуда оғир эди: 4,5 тоннадан ортиқ. Шунинг учун денгизга қўниш пайтида самолётлар тезда чўкиб кетган.

Кенг миқёсли қидирув ишлари олиб борилганига қарамасдан на жасадлар ва на самолёт қолдиқлари топилган. Қутқарувга жалб қилинган самолётлардан бири ҳам 13 кишилик экипажи билан бирга ғойиб бўлган. Бу самолёт “Martin Mariner” деб номланган бўлиб, “учувчи ёқилғи баки” лақабини олган: кичкина учқун ёки гугурт ёқилиши ҳам портлашга сабаб бўлиши мумкин эди. Ҳудуддаги бир кема айнан ўша пайтда улкан олов шарини кўрганини хабар қилган – бу “Martin Mariner” бўлиши керак бўлган вақт ва жой билан мос эди.

Денгиз флотининг якуний ҳисоботида 19 рейс йўқолиши учувчи хатоси деб баҳоланган. Аммо Тейлорнинг оиласи бунга норозилик билдирган ва бир неча марта кўриб чиқилгандан сўнг ҳукм “сабаблари номаълум” деб ўзгартирилган.

Бермуд учбурчагида содир бўлган баъзи шов-шувли ҳодисалар

Сўнгги 500 йил ичида Бермуд учбурчагида 50 дан ортиқ кема ва 20 га яқин самолёт сирли тарзда йўқолган, кўпинча ҳеч қандай из, парча ёки жасад топилмаган. Ушбу ғойиб бўлишларнинг бир қанчасини санаб ўтсак.

“Эллен Остин” (1881). Афсонага кўра, 60 метрлик “Эллен Остин” номли кема Ливерпулдан Нью-Йоркка кетаётганида Бермуд учбурчаги ҳудудидан сузиб ўтаётиб, ташландиқ кемага дуч келади. Экипаж сирли кемани назоратга олишга уринган ва бир неча киши унга ўтади. Бироқ тўсатдан пайдо бўлган бўрон икки кемани узоқлаштириб юборади. Улар яна учрашганида эса ташландиқ кемага ўтган одамлар ғойиб бўлганди. Кейинги уринишда қалин туман тушиб, ҳаракатни тўхтатган, туман тарқалганида эса ташландиқ кема кўздан йўқолган.

“Циклоп” кемаси (1918). АҚШ ҳарбий денгиз флоти кемаси "Циклоп” улкан ёқилғи ташувчи кема бўлиб, 309 кишилик экипаж билан Кариб денгизидан Балтиморга кетаётган пайтда йўқолган. Кема ҳеч қандай техник муаммога дуч келмаган, ёрдам сигнали ҳам юбормаган. Кенг миқёсли қидирувлар ўтказилган, аммо на қолдиқ ва на из топилган. Бу ҳалокат ҳанузгача АҚШ ҳарбий денгиз флоти тарихидаги энг катта сир сифатида қолмоқда.

“Протеус” ва “Нереус” (1941). 1941 йилда ҳарбий юк кемаси “Протеус” 58 кишилик экипажи билан Сент-Томас оролидан АҚШ шарқий қирғоқларига руда ташиётган пайтда йўқолган. Орадан бир ой ўтиб, унга ўхшаш “Нереус” кемаси худди шу йўналишда 61 одам билан ғойиб бўлган. Иккала кема ҳам топилмаган, уларнинг йўқолиш сабаблари эса ҳануз номаълум.

DC-3 самолёти (1948). 29 йўловчи ва 2 экипаж аъзоси бўлган DC-3 тижорий самолёти Майамига етишига атиги 80 км қолганида ғойиб бўлган. Учувчи Роберт Линдквист қўниш учун рухсат сўраб радио орқали мурожаат қилган, бироқ тўсатдан алоқа узилган ва самолёт изсиз йўқолган.

Бермуд учбурчаги: афсона ва ҳақиқат

Кейинги йилларда ҳам бу учбурчак ҳудудда яна кўп маротаба сирли йўқолишлар содир бўлди ва унинг “даҳшатли обрў”си ошиб борди.
Бермуд учбурчаги Ер юзидаги икки сирли нуқтадан биридир. Иккинчиси – Япониянинг шарқий қирғоғидаги “Шайтон денгизи” деб аталувчи ҳудуд бўлиб, у ҳам шунга ўхшаш сирли воқеаларга шоҳид. Ҳар икки ҳудудда компас “ақлдан озади”.

Шунингдек, дунёдаги энг чуқур сувости жарликларидан баъзилари Бермуд учбурчагида жойлашган. Шунинг учун ҳам ҳалокатга учраган кема ёки самолёт қолдиқлари океан тубининг минглаб метр чуқурлигидаги “сувости қабристони”га ғарқ бўлади. Бермуд учбурчагининг катта қисми 6 минг метргача чуқурликда жойлашган. Унинг жанубий чеккасида эса Пуэрто-Рико жарлиги 8,2 минг метр чуқурликкача етади. Бермуд учбурчаги жойлашган ҳудудни онлайн харитада томоша қилиш учун ҳаволани босинг.

Тан олиш керак, Бермуд учбурчагида ҳануз ўз изоҳини топмаган кўплаб ҳалокатлар содир бўлган. Шундай бўлса-да, мутахассислар бу ҳудуддаги ҳалокатлар бошқа сувлардан кўплигини исботловчи фактор йўқ деб ҳисоблайди. Уларнинг фикрича, Бермуд учбурчаги сирли жой эмас, балки шунчаки географик жиҳатдан океаннинг бир қисми, у ерда табиий хавфли шароитлар мавжуд бўлиши ҳам нормал. Масалан, иқлим жиҳатидан, бу ҳудудда тропик бўронлар, кутилмаган довуллар ва сув кўтарилишлари тез-тез учрайди. Баъзида содир бўладиган Gulf Stream (жуда кучли денгиз оқими) кема ёки самолёт ҳалокати қолдиқларини тезда кўздан ғойиб қилишга қодир. Баъзи жойларда магнит шимол ва ҳақиқий шимол бир чизиққа тўғри келади, бу эса компаснинг нотўғри ишлашига сабаб бўлади. Қолаверса, навигация хатолари, йўлдан адашиш, ускуналар носозлиги ва ҳатто чарчоқ каби инсон омилларини ҳам инкор этиб бўлмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Бермуд учбурчаги “Эллен Остин” “Циклоп” “Протеус” “Нереус”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар