Байден Хиросимадаги портлаш учун узр сўрамайди – Жейк Салливан
Олам
−
18 Май 2023
9005АҚШ Президенти Жо Байден “Катта еттилик” саммити чоғида Япониянинг Хиросима шаҳри портлатилгани учун узр сўрамоқчи эмас. Бу ҳақда Америка етакчисининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан брифинг чоғида маълум қилди.
Айтилишича, Байден узр сўрамаслиги сабабини “бу икки томонлама учрашув эмас” дея изоҳлаган. Салливаннинг таъкидлашича, G7 етакчилари тарихга ва Хиросимада туғилган Япония Бош вазири Фумио Кисидага ҳурмат бажо келтириш учун келган.
Эслатиб ўтамиз, Япония ҳукумати G7 саммити иштирокчиларининг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларидаги Америка атом бомбаларидан омон қолган японияликлар билан учрашувини ўтказиш имкониятини кўриб чиқаётганини маълум қилганди.
Учрашув жорий йилнинг 19-21 май кунлари Хиросимада бўладиган G7 саммити доирасида давлат раҳбарларининг Хиросимадаги портлаш оқибатларига бағишланган Тинчлик музейига ташрифи чоғида ташкиллаштирилиши мумкин.
Хиросимадаги фожиа
1945 йил 6 августда Хиросимада Америка атом бомбасининг портлаши оқибатида 70 мингдан 100 минггача одам бир зумда ҳалок бўлган, кўплаб тирик қолганлар кейинчалик радиация касаллиги ва бомбардимоннинг бошқа оқибатларидан вафот этган. Сўнгги маълумотларга кўра, Хиросимада атом ҳужуми қурбонларининг умумий сони 308 минг кишидан ошди. Нагасаки 1945 йил 9 августда АҚШ томонидан бомбардимон қилинган. Портлаш пайтида унинг 70 мингга яқин аҳолиси ҳалок бўлган, шаҳар ер юзидан супирилиб ташланган. Ушбу фожиа қурбонлари сони 175 минг кишидан ошган.
LiveБарчаси