Азамат Зиё янгиланган лотин алифбосига қарши чиқмоқда
Жамият
−
23 Май 2019
8291Хабарингиз бор, Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти Тошкент давлат университети қошида тузилган “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ўзгартириш бўйича ишчи гуруҳ”нинг хулосалари эълон қилинган эди.
Бу хулосалар бугунги кунда омма томонидан кенг муҳокама қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Матбуот котиби лавозимида ишлаган, тарих фанлари доктори, профессор Азамат Зиё ҳам лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг янгиланган варианти хусусида ўз фикрларини билдирди.
“Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти Тошкент давлат университети қошида тузилган “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ўзгартириш бўйича гуруҳ”нинг хулосалари билан танишиш асносида ўйлаб қоласан киши. Биринчидан, “Давлат тили ҳақида” қонуни қабул қилинганига ўттиз йил, “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”қонуни кучга кирганига йигирма олти йил тўлаётгани шароитида шунча йилдан бери нима қилдик ўзи, нега бу ҳақида эндигина бош қотиряпмиз, сўроғи туғилмаслигининг ҳеч иложи йўқ. Демак, муаммо борлигини билиб туриб жим юрганмиз ёки, агар тилимизнинг куни шусиз ҳам ўтиб келган экан, бундан бу ёғига ҳам “осмон узилиб ерга тушмасди”. Кескин кетишимизнинг сабаби битта: лотин алифбомизни эпақага келтиргандан кейин тил масаласига яна эскича қарашларни сақлаб қоладиган бўлсак, билингки, ҳар чорак асрда битта хатони қайтараверамиз. Негаки, қанчалар аҳамиятли бўлишидан қатъи назар, алифбо бутун бир тизим маъносидаги тил дегани эмас, балки унинг бир бўлаги бўлмиш товушлар кўринишларининг йиғиндисидир, холос. Ундан ташқари мазкур тизимда сўз бойлиги ҳамда сўзлашув бўлакларининг тўғри қурилишини тартибга солишдек ўта муҳимлари ҳам борлиги сир эмас. Шу маънода, иккинчидан, лотин алифбомизда чиндан ҳам бор камчиликларни йўқотгач, “касал” тилимизга мукаммал лотин алифбомиздан тўн бичиб, бу ёғига яна карнай-сурнайлар товуши остида кетаверамизми?”.
Тўғри, қўйилаётган сўроқ гуруҳ вазифаларига алоқадор эмас. Аммо шундай саволни биз – барчамиз, айниқса, мутахассислар ўртага ташлашимиз ва унга оқилона жавоб беришимиз керак бўлади. Қолаверса, хулосадаги важ ва таклифларни ҳам бекаму кўст, деб бўлмайди. Чамаси, шунинг учун ҳам у умуммиллий тортишувга ташланмоқда. Бошқача бўлиши ҳам мумкинмас. Чунки гап бутун бир миллат товушларининг асосий белгилари – ҳарфлар ҳақида кетмоқда.
Бор алифбодаги муаммолар ва улар бўйича ечимларга келсак, бизга ёқмагани масалага компютерда Word дастурида ёзишда туғиладиган қийинчиликлар нуқтаи назаридан ёндашилгани билан боғлиқдир. Негаки сўроқ туғилади: ҳали компютерда ёзиш одамларнинг тушига ҳам кирмаган деярли юз бурунги пайтда қабул қилинган лотин алифбомизни сақлаб қолишнинг иложи бўлганида, худди кирилчадаги “Ў”ни Word дастурига киритиб ишлатаётганимиздек, бугун ҳам “Ɵ”ни қўллаётган бўлар эдикми-йўқми? Тўлиқ ишонч билан, ҳа, дея оламиз. Муаммони иккиламчи аҳамиятга эга важлар негизида ечишни олқишлай олмаймиз. “Ō (макронли O) ва Ḡ(макронли G) ҳарфининг кўриниши ҳозирги ёзма шаклга яқин, лекин Ḡ/ḡ ҳарфи UNICODE жадвалининг қуйи қисмида жойлашгани учун шрифтлар таркибида деярли учратмаймиз. Бу ҳол матба иши, умуман, иш жараёнида кўп муаммоларни юзага келтиради” қабилидаги тушунтириш Ўзбекистон дея аталмиш ҳар жиҳатдан кучли давлат ва миллатга ярашмайди. Ҳа, ҳа, айнан кучли! Негаки ҳозирги қийинчиликлар ўткинчигина эмас, балки давлат ва миллатимизни кучли қилиш йўлида босиб ўтишимиз, ортда қолдиришимиз, асрлар ичра дунёқарашимиз, билимимиз ва феъл-атворимизга кишанлик қилаётган нуқсонлардан қутилиш йўлидаги табиий ва онгли заруриятлардир. Мустақил турмушимизнинг 2016 йил кузида бошланган янги сифат босқичида қўйилган ҳар бир қадамимиз аслида бизни кучли қилиб бораётгани, бу кенг ва тор, мураккаб дунёда, ниҳоят, ўз ўрнимизни чиндан ва қаттиқ эгаллашимизга йўналтирилганига бизда шубҳа йўқ. Қолаверса, муаммо ва хатоларни очиқ-ойдин айтишга қодирлик, уларни бартараф этиш йўлларини билишлик, қандай қийин бўлмасин, фақат олға босиш кучли шахслар ва миллатга хос тенгсиз фазилатдир!
“Касал” тилимизга мукаммал лотин алифбомиздан тўн бичиб, бу ёғига яна карнай-сурнайлар товуши остида кетаверамизми?” сўроғини бежиз қайтармадик. Моҳият эътибори билан айтганда, тил билан боғлиқ асосий муаммомиз лотин ёки кирилда эмас! Фарзандларимизнинг бир бет нарсани эплаб ёзолмаслик даражасига тушиб қолганларида! Гапирамиз десак, гап – кўп. Мавзуга тегишли биттасига эътибор қаратамиз. Агар болаларимизни қўлда ёзиш, яъни ўзини қийнаш, тер тўкишни ўргатмас эканмиз, тил саводсизлигини йўқотолмаймиз. Лотин алифбосидаги муаммоларни ечишга айнан шу нуқтаи назардан ҳам ёндашиш энг тўғри ва оқилона бўлади, деб ишонамиз. Шу ўринда, Ō ва Ḡ қўлда ёзиш учун энг қулайдир, деб ишонамиз. Матба ва бошқа йўналишлардаги ишларга келсак, ахборот-технологиялари асрида бу “карнайчидан пуф” дегандек гап.
Ch ва Sh ҳарфий бирикмалари билан боғлиқ муаммоларни Эрнест Ҳэмингуэйнинг «Алвидо, қурол!»и ва инглиз тили орқали асослашни, тўғриси, тушунмадик. Мазкур солиштириш муаммо ечимини излашда тил эгаларига енгилллик ва қулайлик туғдиришдан кўра, қандай қилиб бўлса ҳам Ch ва Sh лардан қутулиш майли устунлик қилганини исботлайди, дея юртдошларимиздан олдиндан кечирим сўраб қўямиз. Қисқаси, бу икки белгидан воз кечишга биз ҳам тарафдормиз. Ўрнига C̄ ва S̄ ни таклиф этамиз. Шунда, Ō ва Ḡ лардагидек, бир хилликка эришамиз, энг муҳими, қўлёзма матнларда ҳар тўрт ҳарфни, аслида эса тўрт товуш кўриниши – белгисини сақлаб қолишни кафолатлаймиз. Тескари ҳолда, кўпчилик устки ва остки тирноқларни ё тушириб қолдиради, ё умуман қўймайди. Буни турк лотин алифбосида битилган матнларда яққол кўриш мумкин.
NG товушини кўрсатувчи бирикмадан воз кечиш бўйич таклифини қўллаймиз, лекин Ц ва С бўйича асослар ҳеч бир қуюшқонга сиғмайди, деб ўйлаймиз. Масалан, “Цой”ни кирилчада “Цўй” деб ёзолмаганимиз-ку майли, бўлар иш бўлди. Нега энди лотинчада “Sōy” деб ёзмаслигимиз керак. Сўймоқ феълининг ўзагига ўхшаса, нима қилибди? “Мини сўйиш корхонаси” деб ёзиб ётибмиз-ку. Мана шуниси уятлироқ эмасми аслида? “Цискаридзе”ни қандай ёзамиз энди, деб ўтирсак, ўзимизни ерга уриш бўлмайдими. Ўзбек давлатининг бошкенти, худо хоҳласа, Шарқ дарвозаси номига эришгур Тошкент гуржичасига ტაშკენტი ёзилиб, “Ташкенти” ўқилишидан хабарларингиз борми? Нега Тошкент деб ёзмайсизлар, охиридаги “и”га нима бор, деб, ҳеч бўлмаса, ясама дўқ қиладиган ботир топиладими? Топилганда ҳам, оғайни, ахир бу гуржи тили, буюк Руставелий тили, сен ўзингча ёз, мен ўзимча, жавобини берса, ҳақ бўлади. Балки адашаётгандирмиз, илойим шундай бўлсин ҳам: ҳамма бало “цех”нинг лотинчасида! Бунга ишорани хулоса сўнггидаги “имло тузатилмас экан, реклама ва кўча-кўйдаги ёзувларга талаб қўйиб бўлмайди” баҳонаси тагидаги косача ичидагидан ҳам илғаш мумкин. Аввало, ташқи ёзувлар бўйича шу кунлардаги бош муаммо уларнинг давлат тилининг кирилчасида эмаслигида! Олдин шуни эплаб турайлик, лотинчаси ҳам бир гап бўлар. Бутун алифбомизни битта “цех”чалик қадри йўқми? Ўрнига шу сўздан воз кечайлик – вассалом! Ҳамма айб ўзимизда! Ибн Синони ғарбликлар ўз тиллари хусусиятидан келиб чиқиб “Avicenna” тарзида ёзадилар, худди шу йўлни тутган руслар эса “Авиценна” дейдилар. Биринчилари “с”, иккинчиси “ц (тс)” орқали ўқийдилар. Биз эса кези келганда “Авиценна” қабилида ўқиш ёки ёзишдан ор қилмаймиз. Ўз “с”имизни “ц”га арзон-гаровга сотамиз. Ҳолбуки, бизда “тс” товуши йўқ-ку! Эндиликда роса урфга кирган “имиж”нинг асли (?) “имидж”дан келиб чиқиб, “дж” товушига мос бирон белгини ҳам бир йўла киритиб кета қолайлик. Нима қиламиз икки марта овора бўлиб?
Ўзбек тили жуда узоқ ва оғир йўлни босиб ўтган. Минг йиллар ичида мана эндигина алифбо ва давлат тили масаласи росмана чиғириқдан ўтмоқда. Энг муҳими, бу иш унинг эгаси – миллатимиз қатнашуви ва назоратида кечмоқда. Тушунган одам учун энг катта ютуғимиз ҳам аслида шу билан ўлчанади. Ушбу муқаддас ва савобли, минг йилларга татигулик вазифани оқилона бажаришда шошма-шошарлик, енгил-елпиликка берилмасдан, етти минг марта ўлчаб, бир марта узил-кесил кесишимиз кераклигига қаттиқ ишонамиз”, дейди Азамат Зиё.
LiveБарчаси