Аввал келинларимиз кўчаларда сув сепар эди – Президент (видео)
Жамият
−
26 Декабрь 8704 1 дақиқа
Аввал қизлар ва келинлар кўчаларда сув сепар эди. Ҳозир эса сепишга сувнинг ўзи йўқ. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаётган мурожаатномасида маълум қилди.
“Дунёда сув танқислиги муаммоси тобора долзарб бўлиб бормоқда. Шу боис, ислоҳотларимизнинг илк кунлариданоқ сувдан оқилона фойдаланишни давлат сиёсати даражасига олиб чиқдик”, деди Шавкат Мирзиёев.
Президентнинг айтишича, сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш тадбирларига 2026 йилда жами 3 триллион 300 миллиард сўм йўналтирилади.
Шунингдек, 1 минг 300 километр йирик магистраль каналлар бетон билан қопланади. Бу қўшимча равишда йилига 500 миллион куб метр сувни иқтисод қилиш имконини беради.
Бундан ташқари, жойлардаги очиқ дренаж ва коллекторларни ёпиқ тизимга ўтказиш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади. Каналларни ёпиқ тизимга ўтказиш бўйича ҳам катта лойиҳалар бошланади.
Пойтахт, вилоят марказлари ва шаҳарларда “яшил” ҳудудларни кўпайтириш учун суғориш, дренаж тизимларини қайта тиклаш зарур.
Бунинг учун 160 миллион долларлик катта дастур доирасида Тошкент шаҳрида 150 километр ёпиқ дренаж тизими барпо этилади, 197 километр канал ва коллекторлар таъмирланади, 63 километр янги каналлар барпо қилиниб, шаҳарда салқин микроиқлим яратилади.
Live
Барчаси