Интернет портлади: Юлдуз Усмонова Ички ишлар органлари ходимларини қаттиқ ҳақоратлади
Маданият-санъат
−
04 Май 2020
84054Интернетнинг ўзбек сегменти Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг навбатдаги чиқиши билан портлади. Санъаткор Instagram’даги жонли эфир мулоқотида мамлакат Ички ишлар ходимларини аёвсиз танқид қилиб, ҳақоратлаган.
Маълумки, Юлдуз Усмонова ўзининг Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида жойлашган хонадонида “Сардоба” сув омбори ёрилиши натижасида жабрланган сирдарёликларга кўнгиллиларнинг хайрияларини тўплаётган эди. Албатта, норасмий шаклдаги ушбу хайрия штабидан “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ҳамда Маданият вазирлиги ҳам хабардор бўлган.
Усмонова ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали мухлисларини хайрли ишга бош қўшишга таклиф қилган. У пул ва маҳсулотлар кўринишидаги хайрияларини уйига олиб келиб беришларини сўраган. Кеча, 3 май куни хайрияларни тўплаш ўзининг энг юқори чўққисига чиқди. Манбаларга кўра, Усмонованинг маҳалласига автомобилларда кириш, ҳаракатланиш қийинлашди.
Юлдуз Усмонова 2 май куни Instagram’даги жонли эфир мулоқотида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларига юзланиб, хайрия мақсадида ҳаракатланаётган автомобилларни ўтказиб юборишларини сўраган эди.
Хоним Усмонова интернетни портлатган янги видеосида Ички ишлар органлари ходимини номардликда айблаган. У ўзи билан мулоқотда бўлган йўл патруль хизмати ходими сўзининг устидан чиқмагани айтади. Усмонова Мирзо Улуғбек тумани ЙПХ ходимларидан биридан автомобилларни бошқариш бўйича ёрдам сўраган. Ходим ваъда берган. Аммо Усмонованинг маҳалласига ЙПХ ходими бормаган.
Усмонова сўзида давом этаркан, такрор ва такрор лаънат айтади ва айни вақтда халқ бирлашгани, аммо ЙПХ ходимлари халқнинг ёнида турмаганини айтади. У турк лаҳчасида ҳайфсан ишорасини ишлатади. Қолаверса, “Тфу ГАИларга” дейди.
“Асло рози эмасман. Халқ эшитсин. Юрт-олам эшитсин”, дейди Усмонова. Санъаткор ҳиссиётга берилиб, “милиция абсолютно не работает” сўзларини қўллайди. “Ҳозир Каримов даврида яшамаяпсизлар клизма олгани, шунчалик ҳам клизмага ўрганиб қоласизларми?”, дейди Усмонова.
У сўзида давом этаркан, қўл соатига ишора қилиб ходимлар ухлаб ётганини айтади.
“Уят борми, виждон борми? Халқни “налог”идан ойлик оляпсанлар, нима қиляпсанлар? Биттангни топиб бўлмаяпти, ҳамманг ухлаб ётибсан”, дейди Юлдуз Усмонова.
Видео сўнгида Юлдуз Усмонова Ички ишлар ходимлари халқ меҳрини меҳнат билан қозониши кераклигини айтаркан, журналистлардан ушбу воқеаларни нашрларда эълон қилишни сўрайди.
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова бунгача бир неча бора айнан интервьюлар ва суҳбатлардаги гаплари ортидан “запрет”га тушган. Яқиндагина унинг диний масалалардаги чиқишлари жуда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлганди. Усмонованинг сўнгги “запрет”и ҳам айнан Ислом Каримов раҳбарлиги даврига тўғри келади. 2006 йилдан бошлаб Усмонованинг давлат тадбирларида ва давлат телеканалларда чиқиши тақиқланган бўлса, 2007 йилда “Халқлар дўстлиги” санъат саройида охирги концертини тақдим этгач, барча радио ва телеканалларда унинг қўшиқларига буткул тақиқ ўрнатилди. Шундан сўнг у “Америка овози” радиосига интервью берди ва мамлакатдаги сиёсий вазиятни қоралади. Бундан кейин Усмонова ижодини Туркияда давом эттирди. Орадан 11 йил ўтиб, Ўзбекистонда Юлдуз Усмонова Фаррух Зокиров, Шерали Жўраев каби хонандаларга қўйилган тақиқлар олиб ташланди.
Юлдуз Усмонова навбатдаги чиқиши учун тахминимизча, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддасига кўра жавобгарликка тортилиши мумкин. Ҳолат юзасидан “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси, Маданият вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги расмий муносабат билдиргани йўқ.
LiveБарчаси