Аукциондан 3,5 млрдга бино олган тадбиркор кўчада қолди. Мулк дахлсизлиги қани?

Жамият

4 нафар одамни бир жойга тўплаб, янги тадбиркорлик йўлга қўйиш ва уни ривожлантириш осон иш эмас. Сизга атрофдагилар кўмакдош бўлса ҳам, бундай ишга катта сабр ва теран фикр керак. Аммо ёрдам ўрнига сизга зарар беришса ва халақит қилишса-чи? Навбатдаги мурожаатчи Жамшид Ҳакимов хорижга экспорт қилувчи текстил фабрика эгасидир. У аукционда қонуний мулк олган, бироқ маълум вақт ўтиб... Яхшиси барча ишлар ҳақида унинг ўзидан эшитсак: 

“Мен “Suntex prom” МЧЖнинг таъсисчиси бўламан. Корхонамиз 2009 йилда ташкил топган ва текстил маҳсулотлар ишлаб чиқиш билан шуғулланади. 2015 йилга келиб корхонамизда қўшимча маблағ борлиги сабабли аукционда савдо марказини сотиб олдик. Аукционда эканлигини реклама қилишганда, ҳалол бўлса керак деб тахмин қилибмиз. Бизга ғолиблик ҳужжатларини беришди. Кадастр ҳужжатлари қилинди.  

У жойни таъмирлаб, бир йилча фойдаландик, ишчи ўрин яратдик. Кейин суддан хабарнома келди. Хабарномада бизнинг жой ноқонуний сотилгани айтилган. Биринчи инстанция суди бизнинг иш тўғри қилинганини, ҳаммаси тўғри бажарилганини айтди. Кейин қарши томон апелляцияга берди. Яна судбозлик бўлди. Апелляция инстанцияси даъвогар фойдасига, яъни мулкнинг олдинги эгасига қайтариб берди. Биз ҳайрон бўлиб қолдик. Қонунга бўйсунишга мажбурмиз, жойни бўшатиб бердик. Суддан тушунтириш сўрасак, мулкни сотувга қўйишда нотўғри иш қилинган ва тугатиш бошқарувчиси жиноят ишида айблангани айтилди. Шу сабабли аукцион натижаси бекор қилинибди”, дейди мурожаатчи Жамшид Ҳакимов. 

Оқланса ҳам қулоқ солишмаяпти

Мурожаатчи билан суҳбатлашганимизда тугатиш бошқарувчига нисбатан жиноят кодексининг 205, 209 ва 190-моддалар доирасида жиноятда айбли деб топилгани аён бўлди. Бироқ, бу суд ҳукми бекор қилинган ва тугатиш бошқарувчиси 209 ва 190-моддалари билан оқланган. Айбланган Аҳмаджонов апелляцияга берган ва 205-моддаси бўйича айби қолган. 
205-модда мулкни сотишга тааллуқли бўлмаган дея қайтадан судга мурожаат қилишган. Аҳмаджоновнинг айбсизлиги исботланганлиги ўз-ўзидан ҳаммаси қонуний бўлганини кўрсатади дея суддан мадад кутишган. 

Аукционга ишонган тўғри тадбиркор зарари

“Бу инцидент энг асосийси вақтимизни олмоқда. Иккинчидан, иқтисодий томонидан оёққа болта урмоқда. Сабаби биз берган пулимизни ҳам ололмаяпмиз, мулкимизни ҳам беришмаяпти. Бугунги кунда Жиззах вилоятининг Арнарсой туманида 1200 ўринли катта фабрикани қуриб битказиб, ишга туширдик. Катта-катта шартномаларимиз бор. Лекин бемалол ишлашга қўйишмаяпти. Судбозлик, қонуний мулкимизни ололмаслигимиз каби ишлар “оёққа тепяпти”. Шунча ишчи ўрин яратдик, пулга жойни сотиб олдик, фабрика ишлари тўхтаб қолди. Юртбошимиз иккита ишчи ўрни яратганни қўлимда кўтараман деганлар. Биз 1200 та ишчи ўрни яратсак, бу амалдорлар шунақа қиляпти. 4 миллиард сўм кредит олганман. Ҳозир 1,4 миллиарди қолган. Уни қандай тўлайман? Хитой ва Россияга экспорт қиламиз. АҚШ билан шартнома қилиш арафасидамиз. Экспортчи тадбиркорга муносабат шунақа бўладими?”, дейди мурожаатчи кескин норозилигини билдириб. 

Ҳужжатларни кўриб чиқиб, тўғриси бу тадбиркорга ачиндик. Катта фабрикани ишга туширган ва қонуний тарзда Тошкентдан мулк сотиб олган. Ўзининг ҳалол мулкидан фойдаланай деганда, мана бундай “ўйинлар” бўлиб турибди. Ҳам мулкидан айрилган, ҳам вақтидан, ҳам давлатга бўлган ишончдан... Қонуний сотиб олинган мулкнинг дахлсизлиги шу-ми энди? 

Шу ўринда, мамлакатда қонунийликни таъминловчи органларга бир сўзимиз бор: таҳририятга тадбиркорлар томонидан йўлланаётган мурожаатларнинг ҳар иккитасидан бири мулк ҳуқуқи масаласидадир: бирининг ҳоким қарори асосида олган ери тортиб олинган, бирининг биноси... Қонунга ишонган одам давлат аукционларига ишониб мулк сотиб олади. Маълум вақт ўтиб эса мулк ноқонуний тендерга ёки аукционга чиқариб қўйилгани айтилади. Мулк қайтариб олинади. Харидор ҳам биносиз, ҳам пулсиз қолади. 

Бундай муаммолар юзага келмаслиги учун кимлар масъул? Давлат активларини бошқариш агентлиги, Мажбурий ижро бюроси, суд органлари! Тадбиркор ва мулкдорлар қачонгача бундай сарсон қилинади? Улар кимга ишонсин? Қонун ҳимоячиси бўлган прокурорлар бир мулк ноқонуний сотувга чиқмаслиги учун сизлар жавобгар эмасми? Қандай қилиб мулклар ноқонуний сотувга чиқарилмоқда?

Саволлар бисёр, жавоблар эса ҳозирча йўқ. Тез орада юқоридаги ташкилотлар томонидан мурожаат ижобий ҳал қилинишига умид қиламиз.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

359

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг