“Аср авиаҳалокати”да Россия айбдор деб топилди
Таҳлил
−
12 Июль 15548 8 дақиқа
Россиянинг 11 йиллик жиноятига ҳукм
Ҳавода юз берган фалокатлар ҳақида гап кетганда, бугунги кунда кўпчиликнинг кўз олдига фақат Грозний осмонида шикастланиб, Ақтауда қулаган Озарбайжон самолёти ёки бир неча ой олдин Ҳиндистонда юз берган авиҳалокат келиши мумкин. Аммо бундан 11 йил муқаддам Россиянинг Украина шарқидаги сепаратистлари томонидан уриб туширилгани иддао қилинадиган Малайзия фуқаролик самолёти ва ундаги 298 кишининг ўлими ҳали ҳам анча-мунча инсонларнинг ёдидан кўтарилмаган. 2014 йил Россиянинг Украинадаги инсониятга қарши жиноятлари авжига чиққан маҳал, 17 июль куни Малайзияга тегишли 17 рейс Амстердамдан Куала-Лумпурга қараб йўл олади. Мазкур Boeing 777 йўловчи самолёти Украина шарқидаги қишлоқлардан бирининг устидан учиб ўтаётган пайтда Москва томонидан бошқариладиган бўлгинчи исёнчилар Россияда ишлаб чиқарилган ракета ёрдамида уни уриб туширгани даво қилинади. Унинг ичидаги барча 298 йўловчи ва экипаж аъзолари ҳалок бўлади. Ҳеч ким тирик қолмайди. Вафот этганларнинг катта қисми, аниқроғи 196 нафари Нидерландия фуқаролари эди. Айнан шунинг учун ҳам бу жиноят 11 йилдан буён қайта-қайта эътибор марказига чиқаверарди. Бугунга қадар бу иш юзасидан кўплаб тергов ва суд жараёнлари ташкил этилди. Агар самолётда ҳалок бўлган фуқароларнинг аксар қисми Малайзияга тегишли бўлганда ушбу авиаҳалокатнинг таги бу қадар суриштирилардими ёки йўқ буниси номаълум. Аммо энди орадан 11 йил ўтиб унда ҳалок бўлганларнинг яқинлари, оила аъзолари ҳеч бўлмаганда маънан ғалабага эришди, қайсидир маънода ўзлари ва марҳум яқинлари учун адолатни тиклашди. Бугун шу дахшатли ҳалокатнинг тафсилотларини баён қилиш ва эслаш учун ортга 2014 йилнинг 17 июль кунига қайтишга ҳаракат қиламиз. Жорий йил Ҳиндистондаги самолёт қулагунга қадар XXI асрнинг энг ҳалокатли қулаши бўлган бу воқеа қандай содир бўлди? Уни ким қилди? Ижрочилар ортида ким турганди?
Воқеа қандай содир бўлганди?
2014 йил 17 июль куни соат 10:31да Malaysia Airlanes авиакомпаниясига тегишли 17-рейс Амстердамнинг Шифол аэропортидан Куала-Лумпурга қараб йўл олди. У мунтазам равишда режалаштирилган рейс эди. Унда 15 кишидан иборат экипаж ва 283 йўловчи бўлиб, умумий ҳисобда 298 нафар инсон учаётганди. Шуларнинг 193 нафари нидерландиялик эди. Парвоз маршрути бутун Украина ҳудуди, шу жумладан, Россия томонидан қўллаб-қувватланаётган айирмачилар ва ҳукумат кучлари ўртасида тўқнашувлар кетаётган мамлакатнинг шарқий қисмини қамраб олганди. Бу пайтда Қрим аллақачон аннексия қилинган, Украина шарқида эса Россия кураторлиги остидаги сепаратистлар қўзғалганди. 17-рейс Украина авиация маъмурлари томонидан ўрнатилган минимал баландлик чекловига мувофиқ, тахминан 10,000 метр баландликда ушбу минтақа устидан учиб ўтаётган эди. Ҳудди шу куни Украина ҳарбий транспорт самолёти пастроқ масофада парвоз қилаётганда уриб туширилганди.
Ўша куни Малайзия лайнери ёлғиз эмас эди. У билан деярли бир пайтда яна 3 та хорижий йўловчи самолёти ҳам шу радар назорати секторида бўлган. 17-рейс Россия чегарасига яқинлашганда, салон экипажи Днепропетровск, Украина ва Ростов-на-Дону шаҳарларидаги ҳаво ҳаракатини назорат қилувчилар билан тушки соат 13:20га қадар мунтазам алоқада бўлди. Шундан сўнг, 17-рейсдан оғзаки алоқа тўхтатилди, аммо ҳеч қандай фавқулодда сигнал олинмади. Соат 13:26дан бироз олдин самолёт радарлардан ғойиб бўлади. Гувоҳларнинг хабар беришича, ҳавода портлаш содир бўлганди. Самолёт вайроналари 50 квадрат километр майдонга тарқалиб кетади. Энг катта ҳалокат парчалари айирмачилар назорати остидаги Украина шарқидаги Донетск вилоятининг Ҳорливка туманида жойлашган Храбове қишлоғидаги қишлоқ хўжалиги ерларида ва аҳоли пунктларида топилади. Қутқарувчилар воқеа жойига зудлик билан етиб келишади, аммо бу пайтда самолётда бўлган инсонларнинг бирортаси омон қолмаганди. 15 нафар экипаж аъзоси, 193 нафар нидерландиялик ва бошқа яна 10га яқин миллатга мансуб йўловчилар, барча-барчаси ҳалок бўлганди.
Айирмачилар самолёт овози ва маълумотларини қайд қилувчи қурилмалар, жумладан, қора қутини Малайзия расмийларига топширгани маълум қилинади. Бироқ кейинчалик узоқ давом этган қуролли можаро мазкур иш бўйича терговни анча мураккаблаштирди. Нидерландия Мудофаа вазирлиги томонидан ташкил этилган миссия воқеа содир бўлганидан уч ярим ой ўтгач, ноябрь ойигача воқеа жойига етиб бора олмайди. Аммо ҳалокатга сабаб бўлган айбдорларни аниқлаш ишлари барибир давом этди.
11 йилга чўзилган ўрганишлар
Дастлабки ўрганишлар давомида мутахассислар ёзиб олинган маълумотлар ва қолдиқларни таҳлил қилишди. Самолётнинг фюзеляж яъни тана қобиғи қисман реконструкция қилинди. Ноқулай об-ҳаво, учувчи хатоси, механик носозлик ёки бортдаги ёнғин ва портлаш эҳтимоллари истисно қилинди. Якунда эса улар авиаҳалокат Россияга тегишли Бук номли, шунингдек, СА-11 деб ҳам аталадиган ер-ҳаво тизимидан учирилган ракетанинг портлаши натижасида содир бўлган деган хулосага келишди. Мазкур ракета 17-рейснинг баландлигига етиб боришга қодир эмас эди. Аммо унинг жанговар каллаги бир неча фут узоқликда портлаган ва унинг шрапнеллари фюзеляжга етиб борган деган хулосага келинди. Натижада самолёт экипажи бир зумда ҳалок бўлган, унинг олдинги қисми узилиб қолган. Қанотлар, йўловчилар бўлинмаси ва думи бир-биридан ажралиб, ерга камида бир дақиқадан кўпроқ вақт ўтиб қулаган.
Ҳалокатдан сўнг дарҳол Украина ҳукумати россияпараст бўлгинчилар самолётни уриб туширгани ҳақида гапирган аудиоларни тарқатди. Айирмачилар ва уларнинг россиялик қўллаб-қувватловчилари бу айбловни рад этди. Кейинроқ Россия БМТнинг воқеа учун айбдор бўлган трибунал яратиш тўғрисидаги резолюциясига вето қўйди. 2016 йилнинг сентабрида Нидерландия бошчилигидаги прокуратура гуруҳи самолётни уриб туширган ракета Украинадаги сепаратистлар назорати остидаги ҳудудда Россиядан олиб келингани ҳақида далилларни тақдим этди. Кейинги йили халқаро прокурорлар гуруҳи ишда гумон қилинувчи ҳар қандай шахс Нидерландияда суд қилинишини эълон қилди. Бироқ, гумонланувчиларни экстрадиция қилиш имконсиз эди. Шунга қарамай, 2019 йилнинг 19 июнида Голландия прокуратураси 17-рейснинг уриб туширилиши муносабати билан тўрт кишига – уч нафар россиялик ва бир украиналикка қарши айблов қўйди. Уларнинг ҳаммаси Украина шарқидаги Россия томонидан қўллаб-қувватланаётган ҳарбий амалиётга алоқадор бўлган ва уч нафар россиялик Россия разведка идоралари билан алоқада бўлгани айтилди. Энг кўзга кўринган гумонланувчи Игор Гиркин бўлиб, прокурорлар уни Россия Федерал Хавфсизлик Хизматининг собиқ полковниги деб эълон қилди.
Маълумотларга кўра, Гиркин Донетскда Россия томонидан қўллаб-қувватланган қўшинларга қўмондонлик қилган. 17-рейс ҳалокатга учраганидан бир ой ўтиб эса Россияга қайтган. Голландия тергов гуруҳи лайнерни уриб туширган “Россия ракета учиргични тақдим этганини кўрсатувчи далиллар”га эга эканлигини қатъий таъкидлаган. 2022 йилнинг ноябрида Нидерландия суди Гиркин ва яна икки кишини қотилликда айбдор деб топди. Суд, шунингдек, самолётни вайрон қилган ракета Россиядан келгани ва у Россия томонидан босиб олинган ҳудудда Россия бошчилигидаги қўшинлар томонидан учирилган деб қарор чиқаради.
11 йиллик жиноят учун адолатли қарор
Европанинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий суди 9 июль куни Киев ва Нидерландия томонидан Украинадаги ўн йилдан ортиқ давом этган ваҳшийликларда Россияни айбловчи тўртта иш бўйича ҳукм чиқарди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди судьялари Россияни халқаро ҳуқуқнинг кенг миқёсдаги бузилиши каби ҳолатлар, жумладан, қотилликдан тортиб, қийноқлар, зўрлаш, фуқаролик инфратузилмасини вайрон қилиш ва кенг кўламли босқинидан сўнг украиналик болаларнинг ўғирлаб кетилишигача айбдор эканини қайд этди. Эътиборли жиҳати шундаки, бу айбловлар ичида нақд 11 йилдан буён муҳокама қилинадиган Россиянинг ҳаводаги энг йирик жиноятларидан бири деб ҳисонланадиган – 2014 йилда Malaysia Airlines авиакомпаниясининг Нидерландиядан қайтаётган 17-рейсини Донетск осмонида уриб тушириш воқеаси ҳам ўрин олди. 501 саҳифадан иборат суд қарорида Россиянинг суд жараёнида иштирок этишдан бош тортиши ҳам суднинг асоси бўлган Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг бузилиши экани қайд этилган. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ҳукм ҳақидаги саволга “Россия унга бўйсунмаслигини” билдирди. Malaysia Airlines авиакомпаниясининг 17-рейсидаги ҳалокат қурбонларининг оилалари бу қарорни 11 йиллик адолат йўлидаги курашда муҳим босқич деб ҳисобламоқда. Судьялар Россиянинг MH17 рейсидаги ҳалокатга алоқадорлигини тан олишдан бош тортиши ҳам халқаро ҳуқуқнинг бузилиши деб топди.
Бу яқингача “аср авиаҳалокати” эди
Тарихда жуда кўп авиҳалокатлар содир бўлган. Улар ичида энг аянчлилари, албатта, XX асрда рўй берган. Бу эса кўп жиҳатдан асрда авиация соҳасидаги хавфсизлик етарли даражада таминланмагани билан боғлиқ. 1985 йилда Ирландия осмонида қулаган Ҳиндистонга тегишли самолётда ҳалок бўлган 329 киши, 1974 йилда Париж четида қулаган Туркияга тегишли самолётда жон берган 346 нафар инсон воқеалари шулар жумласидандир. Аммо XX асрдаги энг дахшатли авиаҳалокатлар 1985 йил Японияда ва 1977 йилда Канар оролларида содир бўлган. Япониядаги ҳалокат 505 кишининг умрига зомин бўлган бўлса, Канардаги мудҳиш воқеада 583 киши ҳаётдан кўз юмганди.
XXI асрдаги турли соҳаларда кузатилган ривожланиш динамикаси осмонни инсоният учун хавфсиз ҳудудга айлантира олмади. Аср давомида юз берган авиаҳалокатлардаги қурбонлар сони ўтган юз йилликдагисига қараганда анча камайган бўлса-да, бу ҳаво ҳудуди тинч бўлди дегани эмас. XXI асрнинг дастлабки чорагида ер шари аҳолиси кўплаб жиддий авиаҳалокатларни бошдан кечирди. Аммо улар ичидаги энг дахшатлиси ва энг кўп инсон қурбон бўлгани узоқ йиллар давомида юқорида муҳокама қилинган Донетскдаги аянчли ҳалокат бўлиб келди. 7 ой олдин Озарбажон самолётини уриб туширганликда айбланаётган Россия эса бу ишда ҳам узоқ йиллар давомида асосий гумонланувчи бўлиб келди. Якунда эса у мазкур “аср авиаҳалокати”да расман айбли деб топилди.
2025 йилгача аср давомида содир бўлган ҳеч бир авиаҳалокатда 298 киши қурбон бўлмаганди. Албатта, 2001 йил 11 сентабрдаги иккита теракт бундан мустасно. Аммо жорий йилнинг 12 июнь куни Ҳиндистоннинг Гужарат штати Аҳмадобод шаҳрида содир бўлган ҳодиса оқибатида самолёт бортида бўлган бир йўловчидан бошқа барча 241 киши, шунингдек, учоқ қулаган талабалар ётоқхонасидаги 35 киши – жами ҳисобда эса 316 нафар одам ҳалок бўлди. Шундан сўнг айни асрнинг энг аянчли ва энг кўп қурбон олиб келган авиаҳодисаси айнан шу бўлиб қолди.
Live
Барчаси