Ашхободда 5 Президент иштирокида Каспий саммити бўлиб ўтди

Олам

image

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Ашхободдаги VI Каспий саммити йиғилишида сўзлаган нутқида Каспийни имкониятлар денгизи деб атади. Унинг сўзларига кўра, Каспий денгизидаги ҳамкорликнинг сўзсиз устувор йўналиши иқтисодий соҳа, жумладан, транспорт, логистика, коммуникация, энергетика ва бошқа соҳалардир. 

“2019 йил ёзида Туркманбоши шаҳрида биринчи марта чақирилган Каспий иқтисодий форуми каби ҳамкорлик форматининг яратилиши муҳим қадам бўлди. Ўшанда қабул қилинган қарорлар ва келишувлар Каспий денгизида ва биринчи навбатда, транспорт соҳасида иқтисодий фаолиятни стратегик режалаштиришга асос бўлди. Каспий денгизи Евроосиёда Шарқ-Ғарб ва Жануб-Шимол йўналишлари бўйлаб транспорт ва транзит оқимлари учун боғловчи марказ сифатида имкониятлар денгизи бўлиб қолмоқда”, дейди Бердимуҳамедов. 

Бердимуҳамедов Каспийнинг аҳамияти янада ошишига ишонч билдирди. Шу боис, қирғоқбўйи мамлакатлари порт инфратузилмасини қуриш ва модернизация қилиш, минтақани халқаро товарлар ва хизматлар оқими учун жозибадор маконга айлантириш учун барқарор, ишончли ва самарали логистика схемаларини шакллантириш бўйича жиддий иш олиб бориши керак. 

Туркманистон раҳбари, шунингдек, Ашхободнинг Каспий денгизида илмий тадқиқотлар ўтказиш тўғрисидаги шартномани ишлаб чиқиш ташаббусини эслатиб ўтди, бу эса ушбу йўналишдаги қўшма фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган. 

Бердимуҳамедов ўз нутқида коронавирус пандемияси даврида ҳам ўзини намоён қилган яхши қўшничилик ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш анъаналарини давом эттираётган Каспий бўйи мамлакатлари ўртасидаги гуманитар алоқаларни ривожлантиришга эътибор қаратди. 

Маданий мулоқотни фаоллаштириш мақсадида маданият соҳасида ҳамкорлик тўғрисида беш томонлама шартнома ишлаб чиқиш таклиф этилди. Туркманистон сайёҳлик ва круиз ташиш соҳасида минтақавий ҳамкорлик ташаббусларини ҳам қўллаб-қувватлайди. 

Сердар Бердимуҳамедов, шунингдек, беш томонлама кун тартибининг устувор йўналишлари бўйича ташқи ишлар идоралари раҳбарлари даражасида мунтазам учрашувлар ўтказиш тарафдори эканлигини таъкидлади. 

Саммитда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раиси, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев иштирок этди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Каспий саммити

Баҳолаганлар

341

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг