Artemis II нинг энг қизиқ кузатуви: Ой аслида қандай рангда?

Бу қизиқ

image

NASA’нинг жорий йил апрель ойи бошидаги Artemis II миссияси кутилмаган кузатувлари билан илмий доираларда янги баҳсни очиб берди. Асосий масала Ойнинг асл ранги қандайлиги билан боғлиқ. Бу ҳақда “Space” хабар берди.

Artemis II миссияси доирасида Ой орқа томонини (кўринмайдиган юзини) кузатган тўрт астронавт Ерга қайтгач, Ой оддий кулранг жисм эмаслигини, балки кутилмаган ранглар ва тузилмаларга эга эканини айтган.

NASA томонидан геологлар ва вулканологлар тайёрлаган 90 саҳифалик махсус “Ой паспорти” орқали ўқитилган экипаж орбитадаги роботлардан фарқли равишда инсон кўзининг табиий идрокидан фойдаланиб, юзада жигарранг ва яшил тусларни ҳам қайд этган. Айниқса, Aristarchus (Аристарх) платоси ҳудудида кўринган яшил минераллар Ой ички қатламларидаги магма кимёси ҳақида муҳим маълумот берувчи оливин ёки пироксен каби моддалар бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Ой кулранг эмасми?

Олимлар учун астронавтларнинг суратларидан кўра, уларнинг оғзаки кундалик ёзувлари (аудио қайдлар) анча муҳим ҳисобланади. Роботлар ва орбитадаги қурилмалар маълумотларида баъзан сунъий йўлдош камера калибровкасининг хатолари бўлиши мумкин.

Аммо инсон кўзи Ой юзасидаги ранг ва ёрқинлик фарқларини реал вақтда аниқроқ ажрата олади. Астронавтларнинг кузатувлари Ойдаги қадимий вулқон фаоллиги ва юзанинг геологик тарихи ҳақида илгари сунъий йўлдошлар бера олмаган чуқурроқ маълумотларни тақдим этмоқда.

Ой юзасидаги бу “яширин ранглар палитраси” нафақат илмий қизиқиш уйғотади, балки Ер ва Қуёш тизимининг илк шаклланиш босқичларини тушунишда ҳам муҳим калит ҳисобланади. Ой юзасидаги улкан кратерлар ва лава оқимлари миллиардлаб йиллар давомида метеорит зарбалари ва геологик ўзгаришлар тарихини сақлаб қолган табиий архив вазифасини бажаради.

NASA мутахассислари астронавтларнинг бу “рангли” кузатувлари келажакда Ой ҳақидаги илмий конференцияларда энг кўп муҳокама қилинадиган мавзулардан бири бўлишини ва Ой тарихига оид ҳозирги қарашларни ўзгартириши мумкинлигини таъкидламоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хитойлик олимлар Ойдан олинган намуналар таркибида илгари номаълум бўлган иккита янги минерал борлигини аниқлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ой Artemis II қандай рангда?

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг