Арманистон мажбуриятларига содиқ эмас – Расмий Баку
Олам
−
30 Ноябрь 2022
1850Арманистон томонининг Озарбайжон Президенти ва Арманистон Бош вазири ўртасидаги учрашувда Франция Президенти Эммануэль Макроннинг ҳам иштирок этиши бўйича талаби арман томони ўз мажбуриятларига содиқ эмаслигини яна бир бор кўрсатади. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) томонидан берилган баёнотда сўз боради.
Баку Арманистон Ташқи ишлар вазири Арарат Мирзояннинг Арманистон матбуотига берган интервьюси муносабати билан баёнот берди.
“Арменпресс” ахборот агентлигига берган интервьюсида Арманистон Ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги музокаралар, тинчлик битимини тайёрлаш, делимитация жараёни, мина таҳдиди, шунингдек, ҳудудий яхлитликни тан олиш жараёнининг моҳиятини чалғитишга ва бузиб кўрсатишга уринди ва бу мутлақо асоссиз ҳамда қабул қилиб бўлмасдир”, дейилади Озарбайжон ТИВ баёнотида.
Қайд этилишича, Арманистон томонидан Франция Президентининг Озарбайжон ва Арманистон раҳбарларининг навбатдаги учрашувида мажбурий иштирок этиши ҳақидаги шарти арман томони ўз мажбуриятларига содиқ эмаслиги ва худди шундай форматдаги навбатдаги учрашув бўйича келишувга Прагада эмас, 31 август куни Брюсселда эришилганини унутганидан далолат беради.
“Навбатдаги учрашув бўйича Брюссел келишувига қарамай, афсуски, Озарбайжоннинг Прагадаги учрашувга виждонан розилиги ва Франция Президентининг Европа Кенгаши Президенти Шарль Мишель билан бирга иштирок этишидан кейинчалик нотўғри фойдаланилди. Аслида, бу Франция томони холис ва адолатли воситачи эмаслигини кўрсатди. Арманистондан фарқли ўлароқ, Озарбайжон етакчилар ўртасидаги музокаралардан воз кечмади ва Брюссел келишувига мувофиқ музокараларни давом эттириш тарафдори”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, расмий Баку делимитация жараёнининг асослари тўғрисидаги келишувга ҳам тўхталган.
“Арманистон Ташқи ишлар вазирининг даъвосига зид равишда Прага ва Сочи йиғилишлари баёнотларида делимитация Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми ва Олма-Ота декларациясида қайд этилганидек, ҳудудий яхлитлик ва суверенитетнинг ўзаро тан олиниши асосида амалга оширилиши режалаштирилган. Умуман олганда, БМТ Низоми ва Олмаота декларациясида зикр этилган тамойиллар контекстида ҳавола қилинган ва Арманистон томонига яхши маълумки, бу учрашувларда делимитацияни амалга оширадиган хариталар ҳақида ҳеч қандай қоидалар йўқ. Делимитация жараёни барча юридик аҳамиятга эга ҳужжатларни таҳлил қилиш асосида амалга оширилиши керак”.
Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги жорий йилнинг сентябрь ойида Арманистон томонининг миналар ўрнатиши ва Озарбайжон ҳарбийлари позицияларига қарши провокациялар натижасида, шу йилнинг сентябрь ойида содир бўлган тўқнашувда Озарбайжон Арманистон ҳудудини ишғол қилгани ҳақидаги баёнотларни асоссиз деб атади.
“Озарбайжон ҳудудларини қарийб 30 йилдан бери босиб олган Арманистоннинг ҳозиргача Озарбайжоннинг 8 қишлоғини ишғол остида ушлаб туриши, Озарбайжон ҳудудидан қўшинларини тўлиқ олиб чиқмагани, ҳарбий провокациялари ва мина таҳдидларини давом эттираётгани Арманистоннинг Озарбайжон чегарада Арманистон позицияларини эгаллагани ва шу тариқа комиссия ишига тўсқинлик қилаётгани ҳақидаги айбловлари мантиққа зид эканини исботлайди.
Шуни унутмаслик керакки, 2020 йилги Ватан урушидан кейин айнан Арманистон узоқ вақт давомида Озарбайжоннинг чегараларни делимитация қилиш таклифига жавоб бермаган”, дейилади баёнотда.
Озарбайжон ТИВ ўз зиммасига олган мажбуриятлардан бўйин товлаш, Уч томонлама баёнот қоидаларини нотўғри талқин қилиш, бузғунчи ҳаракатлар нафақат минтақада тинчликни тиклашга хизмат қилмаслиги, балки биринчи навбатда Арманистоннинг ўзига қарши қаратилганини таъкидлади.
LiveБарчаси