Арипов ва Умурзоқов биноларнинг 1-қаватидаги кафе ва дўконларни бузиш бўйича кўрсатма бергани рад этилди

Жамият

image

Тармоқларда пойтахт Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган айрим дўконлар, умумий овқатланиш шохобчалари бузилаётганидан норозиликни акс эттирган ахборотлар тарқалди. Хабарлар юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати муносабат билдирди.

Тарқалган хабарларга кўра, Тошкетнинг Мирзо Улуғбек тумани Марказ-1 (С1) даҳасида жойлашган 27, 28, 30, 31-сонли турар-жой биноларининг пастки қаватларида тадбиркорлик субъектлари томонидан ташкил этилган дўкон, умумий овқатланиш шохобчалари бузиб ташланиши ҳақида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов қарор чиқаргани айтилган.

Шунингдек, Марказ-1 даҳасида истиқомат қилувчи фуқаролар ўзлари яшаб турган уйларнинг пастки қаватларида ташкил этилган объектларнинг фаолиятидан норозилигини билдириб, уларнинг шовқини, таомларнинг ҳиди, уларга қатнайдиган аҳолининг транспорт воситалари қатор ноқулайликларни келтириб чиқараётганидан арз қилган.

Ҳокимлик муносабатида келтирилишича, ушбу мурожаатлар асосида вазият шаҳар ҳокимлиги ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси томонидан ўрганилган. Тадбиркорлик субъектлари томонидан шаҳарсозлик нормаларининг қўпол бузилгани, ўзбошимчалик билан ноқонуний тарзда биноларнинг конструкцияларида ўзгартиришлар киритилгани ва шаҳарсозлик нормаларига зид равишда қурилишлар амалга оширилгани аниқланган.

“Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, ушбу вазиятни ўрганиш ва тегишли чораларни кўриш Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан амалга оширилган. Мазкур жараёнда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мутасаддилари иштирок этмаган ва кўрсатма бермаган”, дея урғуланган ҳокимлик баёнотида.

Тегишли мутахассислар қарорига кўра, турар-жой биноларига доир Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг 6.2. бандида келтирилишича, кўп квартирали турар-жой уйларнинг ички туташтириб қурилган хоналарида қуйидагиларни жойлаштиришга йўл қўйилмайди:

•  35 ўриндан кўп бўлган, очиқ қўра ва мангал ишлатиб иссиқ овқат тайёрлайдиган, мусиқа жўрлигига эга овқатланиш корхоналари;

•  соат 22:00 дан кейин ишлайдиган барча хизмат кўрсатиш корхоналари;
•  жараёнлари шовқинли ва енгил алангаланувчан материаллар қўлланиладиган маиший хизмат корхоналари.

Бундан ташқари, Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг кўп хонадонли уйларда хоналарни реконструкция қилиш, ўзгартириш ва қайта ускуналаш бўйича бинолар хавфсизлигини таъминлаш қисмининг 7.3. бандига мувофиқ кўп хонадонли турар жой биноларида:

•  реконструкция қилинаётган хоналарда ораёпма плиталарига ва зинапоя сатҳларига таъсир қилувчи меъёрий юкланишларни ортиб кетишига сабаб бўлувчи қурилма ва асбобларни қўллаш;

•  туташ ва юқоридаги (пастдаги) хоналарга зарар етказилишининг олдини олувчи махсус тадбирларсиз ишлаш;

•  эвакуация йўлларини, бошқа умумий фойдаланиш жойларини (зинапоя майдончалари, умумий йўлаклар, подъезд, айвон ва бошқа хоналар), шунингдек, турар жой биноси атрофидаги ҳудудни тўсиб қўйишга йўл қўйилмайди. Кўп қаватли биноларга ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар киритилиши унинг сейсмик мустаҳкамлиги ҳамда зилзилабардошлигига жиддий салбий таъсир ўтказади.

Ҳокимлик баёнотида бинолар бузилиши ёки бузилмаслигига аниқлик киритилмаган. Фақатгина ушбу объектларда юқорида саналган шаҳарсозлик нормалари бузилгани сабабли амалдаги қонунчилик асосида тегишли чоралар кўрилиши айтиб ўтилган.

“Юқорида келтирилган манзилдаги объектларда ушбу нормаларнинг барчаси бузилган, шу сабабли мазкур объектлар шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқлаштирилмоқда. Яъни тадбиркорларга нисбатан ҳеч қандай ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар қилингани йўқ, балки Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги асосида тегишли чоралар кўрилмоқда”, дейилади ҳокимлик муносабатида.

Нурмуҳаммад Файзуллаев 


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг