Андижон вилоят ҳокимлиги изоҳи: “эҳтиросли жиҳатлар бўрттириб кўрсатилди”

Жамият

image

Андижон вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати Ш.Абдураҳмоновнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиоматериали бўйича изоҳ берди. 

"Ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган Андижон вилоятига оид мақолалар кўплаб муҳокамалар, мулоҳазаларга сабаб бўлмоқда. 

Жумладан, ҳудудда ташкил этилган дори воситалари ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг маҳсулотлари тиббиёт муассасаларига монопол тарзда  ўтказилаётганлиги билдирилмоқда. Бу хусусда қуйидагиларни айтиш мумкин: 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 ноябрдаги “Фармацевтика тармоғини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5229-сонли Фармонига кўра аҳоли ва давлат соғлиқни сақлаш муассасаларини дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникалари, шу жумладан, маҳаллий ишлаб чиқарилган дорилар, тиббиёт буюмлари билан таъминлаш, ички бозорни янада тўлдириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўзда тутилган эди.

Фармон ижроси доирасида 2018 йилнинг апрель ойида “GOLD GROWN PHARMA” МЧЖ томонидан ижтимоий аҳамиятга эга тиббий буюмлар рўйхатига киритилган тиббиёт қўлқоплари (перчатка) ишлаб чиқарувчи корхона ташкил этилди ва 150 та янги иш ўрини яратилиб, маҳаллий бюджетга ойма-ой 75 млн. сўмгача солиқ тўловлари амалга ошириляпти.  

Шунингдек, 2018 йил декабрь ойида “MAKRO FARM ANDIJAN” МЧЖ томонидан шприц ва инфузион системалар ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилди. 110 та янги иш ўрини яратилди. Ҳар ойда маҳаллий бюджетга 60 млн. сўмгача солиқ тўловлари келиб тушмоқда. 

Ушбу корхоналарда ҳар йили 24 млн. дона ностерил ва 54 млн. жуфт стерил хирургик тиббий қўлқоплар ҳамда 136 млн. дона шприцлар ишлаб чиқарилади. Нарх масаласига келсак, бугунги кунда давлат тиббиёт муассасаларига 2 мл. ҳажмдаги шприц 260-300 сўмдан, 5 мл. шприц 280-500 сўмдан, 10 мл. шприц 320-600 сўмдан харид қилинмоқда. Республика комиссияси томонидан улгуржи сотиш нархлари бир дона ностерил резина қўлқоплари учун 650 сўм ва бир жуфт стерил хирургик резина қўлқоплари учун 2500 сўм этиб белгиланган.

Ҳозирда, “MAKRO FARM ANDIJAN” МЧЖ томонидан 2 мл. ҳажмдаги шприц 220 сўмдан, 5 мл. шприц 245 сўмдан, 10 мл. шприц 310 сўмдан, “GOLD GROWN PHARMA” МЧЖ томонидан ностерил резина қўлқоплари 500 сўмдан, бир жуфт стерил хирургик резина қўлқоплари 1800 сўмдан давлат тиббиёт муассасаларига етказиб берилмоқда.

2019 йил давомида Андижон вилоятида фаолият олиб бораётган давлат тиббиёт муассасалари “GOLD GROWN PHARMA” МЧЖ билан
8,4 млн. дона ностерил қўлқоплар, 9,6 млн. жуфт стерил хирургик қўлқоплар харид қилиш учун ҳамда “MAKRO FARM ANDIJAN” МЧЖ билан 5 турдаги 11,2 млн. дона шприцларни харид қилиш учун шартномалар имзоланган ва изчил бажариб келинмоқда. 

Мазкур шартномалар имзоланиши ва тиббиёт буюмларини давлат тиббиёт ташкилотларига сифатли ва арзон нархларда етказиб берилиши ҳисобига тиббиёт қўлқоплари харидидан бюджет учун 6 млрд. 902 млн. сўм ҳамда шприц харидидан 2,1 млрд. сўм маблағлар иқтисод қилинган.

Шу тариқа ҳосил бўлган қўшимча 9 млрд. сўм маблағ эвазига 600 ўринли замонавий мактаб қуриб, жиҳозлаш мумкин. Ёки 2 та янги боғча барпо этиш имконияти мавжуд. Айнан юқоридаги сумма 4 та боғча ёки мактабни реконструкциясига кифоя қилади. 9 млрд. сўмга 3 та ҚВП ёки бутун бошли тиббиёт бирлашмасини замонавий кўринишда реконсрукция қилиб, жиҳозласа бўлади. Шу маблағга 90 та оила учун уй қуриш, ёки 60 километрга ичимлик суви тармоғини тортиш мумкин. Юқорида иқтисод қилинган маблағ 80 километр йўлни шағаллаш ёки 30 километр йўлга асфальт етқизиш харажатларини қоплайди. 

Шунингдек, 2019 йил 14 январдаги ПФ-5629-сонли Фармонга асосан Андижон тумани, Хортум қишлоғи, З.М.Бобур массиви ҳудудида жами 52 гектар ер мадонида “Андижон-фарм” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилмоқда.

Ушбу ҳудудда (“GOLD GROWN PHARMA” МЧЖ ҳамда “MAKRO FARM ANDIJAN” МЧЖ ва бошқа ташаббускорларнинг) 2019-2020 йиллар давомида умумий қиймати 1 трлн. 20,6 млрд. сўм миқдоридаги, шундан хорижий инвесторлар маблағлари ҳисобига 84 млн. долларлик янги фармацевтика лойиҳалари ишга туширилиши ҳамда 1 415 нафар янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.
 
Вилоятда мазкур лойиҳаларни амалга оширишда 2019-2020 йиллар давомида импорт қилинаётган фармацевтика маҳсулотларини маҳаллийлаштириш ҳисобига 524,7  млн. дона дори воситалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, соҳанинг экспорт салоҳияти 15 фоизга ўсишига ҳамда дори воситалари ва тиббий буюмларнинг таннархи 30 фоизгача пасайишига эришилади.

Шу ўринда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга нисбатан билдирилаётган фикрлар хусусида тўхталсак. 

Ўзбекистон ҳудудининг юздан бир фоизини ташкил қилувчи вилоятда мамлакат аҳолисининг қарийб юздан ўн фоизи истиқомат қилади. Табиий ўсиш 53 минг кишига тўғри келади. Бу дегани аҳоли сони ҳар 12 ойда Хонобод шаҳри (42 минг) ёки Улуғнор тумани (54 минг) аҳолисига тенг миқдорда кўпаймоқда. Зичлик борасида нафақат мамлакатимизд ёки Осиёда, балки дунёда етакчи ўринларда турувчи Андижон вилоятида ижтимоий-иқтисодий муаммолар алоҳида долзарблик касб этиши табиий ҳол. 

Вилоят ҳокимининг қабул кунлари юзлаб фуқаролар мурожаат қиладилар. Эрталаб 8 дан бошлаб, кеч соат 22 гача давом этадиган очиқ мулоқотларда аҳоли муаммоларини ҳал қилиш бўйича чоралар кўрилади. Ҳокимнинг фейсбук, инстаграммдаги саҳифаларига, бевосита мобил телефонига келиб тушадиган мурожаатлар ҳам эътибордан четда қолмайди. Уларнинг ечимини топиш, юзага келадиганларининг олдини олиш юқори жадаллик билан ишлашни тақозо этади. Бир кун, ҳатто бир соатлик сусткашликнинг таъсири сезилади.

Шу ўринда бўлиб ўтган йиғилишнинг ижтимоий тармоқларда ёритилишига тўхталсак. Йиғилишнинг амалий самараси четда қолиб, айнан эҳтиросли жиҳатлари бўрттириб кўрсатилган. Вилоят ҳокими ўша дори воситалари атрофидаги муаммоларни аввал ҳам бир неча бор кўтарган. Мутасаддиларга уларнинг нарх-наво, сифат кўрсаткичларини таҳлил қилиш юзасидан топшириқ берган эди. Ижтимоий тармоқларда бу жиҳатлар тушириб қолдирилган. Бу каби ёндашувни шов-шув кўтариш, сохта обрў орттириш деб баҳолаш мумкин. 

Агар ушбу корхоналар фаолияти тўхтайдиган бўлса, унда 260 ишчи ўрни ҳамда 9 млрд. сўмни йўқотилиши, ойма-ой 135 млн. солиқ тўловчи тадбиркорнинг фаолиятига чек қўйилиши, энг аҳамиятли жиҳатларидан бири импорт ўрнини босувчи маҳаллий маҳсулотнинг тўхтатиб қўйилиши ҳар қандай одамни кайфиятига салбий таъсир ўтказишлиги ортиқча изоҳ талаб этмайди. 

Шу ўринда муҳтарам  Президентимизни ушбу фикрини келтиришни жоиз деб билдик. "Энг ёмони, бунинг оқибатида мавжуд иш ўринлари йўқотилмоқда. Маълумки, тадбиркор ўзининг бола-чақасидан қийиб, тўплаган пули, мол-мулкини янги иш очишга сарфлайди. Банкдан кредит олса, уни ҳам фоизи билан ўзи тўлайди. Унга ҳеч ким ҳар 15 кунда бюджетдан аванс ёки ойлик бермайди. Шунга қарамасдан, таваккал қилиб, ҳузур-ҳаловатдан кечиб, бор имконияти ва маблағини хавф-хатарга қўйиб, ўз иши учун кеча-ю кундуз жонини бериб ишлайди. Шу йўл билан нафақат ўз оиласини, балки эл-юртни ҳам боқади. Шу маънода тадбиркор бу ҳақиқий фидоий инсон. Шахсан мен бундай инсонларни, иккитагина иш ўрнини яратган тадбиркорни бошимга кўтаришга тайёрман".

Айнан аҳоли ичига кириб, унинг муаммоларини ҳал этишни устувор вазифа сифатида қабул қилган вилоят ҳокими, биринчи навбатда, оддий фуқароларга хизмат қилмоқда. Зеро, ўша ижтимоий тармоқларда иддао қилинган («Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир». Ўзбекистон Конституциясининг 7-моддаси) масалада собитдир.", дейилади вилоят ҳокимлигининг баёнотида. 

Бундан аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмоновнинг Соғлиқни сақлаш вазири ва вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғини ҳақоратлагани акс этган аудиоматериал тарқаб кетган эди. 

Орадан бир неча кун ўтиб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу аудиоматериал бўйича муносабатини билдирганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

68

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made