Анталиядаги “Андижон” ҳамон қарзини узмади
Спорт
−
13 Февраль 2023 13718 3 дақиқа
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси 3 март санасида старт олади. 15 февраль куни тунда эса қишки трансфер ойнаси якунига етади. “QALAMPIR.UZ” ўз манбасига таяниб хабар берди.
Маълум бўлишича, “Андижон” футбол клубининг Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси олдида 600 миллион сўмдан зиёд қарзи мавжуд. Лига 2022 йилги мавсум бошидан буён футбол клубини бу борада огоҳлантириб келган, бироқ қарздорлик ҳозирги кунга қадар бартараф этилмаган. Ўзбекистонда қишки трансфер ойнаси 15 февраль куни 23:59 да ёпилиши инобатга олинса, “Андижон” билан шартнома имзолаган янги футболчилар рўйхатдан ўтказилишга улгурилмаслиги эҳтимоли юқори.
Ваҳоланки, ўтган йилнинг 18 ноябрь куни “Андижон” футбол клуби матбуот хизмати барча қарздорлик бартараф этилгани юзасидан маълумот берган эди.
Шу куни Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов клуб бош директори сифатида Улуғбек Мирзаевни расман жамоатчиликка таништирган бўлиб, йиғилишнинг ўзида мавсумнинг энг яхши футболчиси дея эътироф этилган Илдар Маматказинга уй, фан-клуб раҳбарига эса Tracker автомашинаси совға қилган.
“Андижон” клуби билан боғлиқ қарздорлик 2022 йилнинг 31 декабрь санасига қадар бартараф этилиши юзасидан вилоят ҳокимлиги 16 ноябрь куни Ўзбекистон Профессионал футбол лигасига кафолат берган. Шу куни Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон миллий терма жамоалари ўртасида халқаро ўртоқлик ўйини ўтказилган бўлиб, ЎзПФЛ вакиллари хизмат сафари билан “Андижон”да бўлган ҳамда вилоят ҳокими билан учрашув ўтказган. Суперлига талабидан келиб чиқиб, “Бобур арена” стадионининг суғориш, дренаж ва ёритиш тизими, шунингдек, майдон майсаси алмаштирилиши юзасидан келишувга эришилган. Декабрь ойида стадионда иш бошланган бўлса-да, номини ошкор қилишни истамаган манбанинг таъкидлашича, стадионда ҳозирча иш тўхтаб турибди. Шунингдек, ҳокимликнинг клуб қарздорлигини ёпиш масаласи ҳам ҳозиргача ҳал этилмаган.
Шунга қарамай, ЎзПФЛ клубни яна икки марта огоҳлантирган. Жумладан, “Андижон” футбол клуби қишки ўқув-йиғин машғулотларини ўтказиш учун Анталияга йўл олиши маълум бўлгач, ЎзПФЛ аввал мавжуд қарздорликни бартараф этиш лозимлигини таъкидлаган. Трансфер ойнаси ёпилишига 2 кун вақт қолган бир пайтда клуб бош директори жамоаси билан Анталияда бўлиб турибди.
Маълумот учун, “Андижон” футбол клубини сўнгги икки мавсум давомида тадбиркор Журъатбек Қувватов эгалик қилувчи компаниянинг молиявий ёрдамида жамоа Суперлига йўлланмасини муддатидан аввал қўлга киритган эди. Кейинроқ 18 ноябрь куни эса вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов клуб аъзоларини тўплаб, бундан буён жамоага ҳокимликнинг ўзи ёрдам беришини билдирганди.
Live
Барчаси