Америкада Абдулла Орипов ҳақида фильм суратга олинмоқда 

Бизнес

image

Ўзбекистон Кинематография агентлиги буюртмасига биноан Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси томонидан Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, давлат мадҳияси муаллифи Абдулла Орипов ҳақида бадиий фильм суратга олинмоқда.

Бадиий фильмни яратиш ғояси Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган бўлиб, ҳозирда фильмнинг тасвирга олиш жараёнлари кетмоқда. Ижодий гуруҳ томонидан Ўзбекистондаги тасвирга олиш ишлари якунланди ва жараён Америка Қўшма Штатларида давом этмоқда.

“Замонавий техникалар билан хорижда фильм суратга олиш имкониятини яратиб бергани учун Президентимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бу Давлатимиз раҳбарининг кино соҳасига, киноижодкорларга қаратаётган алоҳида эътиборидан далолат беради. Ўзбек киноижодкорларининг Голливудда ўз қаҳрамонлари ҳақида фильмлар яратишини тасаввур қилиш қийин эди, энди эса бу ҳақиқат. Шунингдек, ушбу лойиҳани амалга оширишда ёрдам ва кўмак кўрсатаётган Ўзбекистон Кинематография агентлигига алоҳида миннатдорчилик билдираман”, деди “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” ДУК раҳбари, фильм сценарий муаллифларидан бири Фурқат Усмонов.

Фильм режиссёри Музаффархон Эркинов Голливудда фильмнинг қайси эпизодлари суратга олинаётгани ҳақида батафсил тўхталиб:

“Абдулла Орипов ҳаётининг сўнгги ойлари АҚШда ўтган. У Техас штатининг Хьюстон шаҳрида яшаган. Шу сабаб шоирнинг қизи Мавлуда Орипова хонадонида, шунингдек, шоир сайр қилишни жуда яхши кўрган Тинч океани соҳилларида эпизодлар суратга оляпмиз. Биз бу эпизодларни Голливудда суратга олдик. Фильмда шоирнинг набираси ҳам ўз образини ўзи гавдалантирмоқда”, деб қайд этди.

Суратга олиш ишлари АҚШнинг Хьюстон, Лос-Анжелес ва Нью-Йорк шаҳарларида олиб борилмоқда. Фильмда Абдулла Ориповнинг кексалик даврини Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, Сурхондарё театри актёри Қудратилла Бурхонов, шоирнинг рафиқаси Ханифа Мустафоева ролини эса Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамилова ижро этмоқда. Бундан ташқари, кинокартинада “Дўстлик” ордени соҳиби, шоир Шодмонқул Салом, маҳоратли ёш актриса Райҳон Асадова ва бошқа маҳоратли актёрларни ҳам кўриш мумкин. 

Фильм бош продюсери Фирдавс Абдухолиқов, сценарий муаллифлари Минҳожиддин Мирзо, Муқаддас Усмонова ва Фурқат Усмонов, постановкачи режиссёр Музаффархон Эркинов, постановкачи оператор Равшан Мирзакамолов.

Жорий йил якунида фильм премьерасини ўтказиш режалаштирилган.

Telegram каналимизга аъзо бўлинг

"Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси" ДУК


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

52

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг