Америкача услуб: Хитой АҚШни очиқликка чақирди
Олам
−
28 Февраль 2023 9743 2 дақиқа
Аввал хабар берганимиздек, Америка Қўшма Штатларининг Огайо штатида заҳарли моддалар олиб кетаётган поезд рельсдан чиқиб кетган ва портлаш юзага келганди. Эндиликда Хитой ҳукумати АҚШ расмийларидан халқаро ҳамжамиятни мазкур ҳолат юзасидан хабардор қилишини кутмоқда. Бу ҳақда бугун, 28 февраль куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мао Нинг маълум қилди.
“Биз буни эътиборга олдик. Кўпчилик огайоликлар бу ҳудудда ҳайвонлар нобуд бўлганини айтишди. Заҳарли газнинг сизиб чиқиши инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга узоқ муддатли зарар етказиши, ҳатто экологик муҳитни йўқ қилишга олиб келиши мумкин. Умид қиламизки, АҚШ очиқлик ва ошкораликни сақлаган ҳолда халқаро ҳамжамиятга ушбу воқеа бўйича масъулиятли, тезкор ва ҳар томонлама ҳисобот беради”, деган Мао Нинг.
Унинг сўзларига кўра, кимёвий моддалар тўкилишининг оқибатлари фақат АҚШ билан чекланмайди, чунки ифлосланган маҳсулотлар бошқа мамлакатларга экспорт қилиниши мумкин. Бундан ташқари, ҳодиса АҚШда истиқомат қилувчи чет эл фуқароларининг саломатлиги ва хавфсизлигига таҳдид солади.
Эслатиб ўтамиз, Огайода кимёвий моддалар ортилган поезд ҳалокатга учрагандан сўнг, бутун штат бўйлаб тутун булути тарқалган ҳамда маҳаллий аҳолидан ҳудуддаги сув ҳавзаларидан фойдаланмаслик ҳамда истеъмол қилаётган маҳсулотларга эътиборли бўлиш сўралганди.
Айтиш жоизки, АҚШ каронавирус пандемияси тарқалиши, “жосус шар”лар аниқланиши каби ҳолатларда ҳар доим Хитойни айбдор қилиб кўрсатиб келган. Хитой эса барча айбловларни рад қилишдан чарчамаяпти. Эндиликда Хитой ушбу услубни АҚШга қарши қўллаб, уни дунё ҳамжамияти олдида ҳисоб беришга чақирмоқда.
Алибек Бейжанов
Live
Барчаси