Аҳмаджонов: “Ўзбекистонни футбол фабрикасига айлантиришимиз лозим”
Спорт
−
19 Февраль 2019
4298“Иқтидорларни тарбиялаш орқали Ўзбекистонни футбол фабрикасига айлантиришимиз лозим”, дейди Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов вилоят футбол федерациялари ва футбол академиялари раҳбарлари иштирокида ўтган йиғилишда.
Бугун, 19 февраль куни Миллий олимпия қўмитасида вилоят футбол федерациялари ва футбол академиялари раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ҳам иштирок этди.
“Тарбияланган футболчиларни сотиш орқали академиялар ўзини қоплаши ва даромад кўриши керак. Ишлаб топилган маблағ орқали ҳудудда футболни янада ривожлантириш мумкин бўлади. Биз биргаликда ана шу тизимни яратиб олишимиз лозим. Режалар ҳар бир вилоят учун алоҳида ишлаб чиқилади”, дейди Аҳмаджонов.
Йиғилиш давомида мутасаддилар ўз вилоятларида футболни оммалаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берган. Шунингдек, академиялар фаолиятини ривожлантириш, мураббийлар малакасини ошириш, мухлисларни стадионга жалб қилиш ва бошқа масалалар кўриб чиқилган.
МОҚ раҳбари футбол академияларини замонавий кўринишга келтириш бўйича тегишли лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича кўрсатма берди. Унга кўра, яқин кунларда академиялар инфратузилмасини ривожлантириш, иш тизимини ташкил этиш бўйича лойиҳалар тайёрланади.
Йиғилишда Суперлига учрашувлари давомида мухлисларни стадионга жалб қилиш, оммавийликни ошириш масалалари ҳам кенг муҳокама қилинди. Мутасаддилар бу борада ўз таклифларини, фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.
LiveБарчаси