Алонсо Йилдиз учун исталган қурбонликка тайёр – манба
Спорт
−
25 Октябрь 2025 2247 2 дақиқа
Испаниянинг “Реал Мадрид” жамоаси бош мураббийи Хаби Алонсо ёзги трансфер ойнасида “Ювентус” футболчиси Кенан Йилдизни қўлга киритишни раҳбариятдан сўраган. Бу ҳақда италиялик футбол агенти Жованни Бранчинига таяниб, AS нашри хабар берди.
21 ёшли футболчи “Ювентус”нинг асосий жамоасида етакчи ўйинчилардан бири сифатида Европанинг бир қатор грант клублари эътиборини тортмоқда. Турин клуби эса уни жамоа атрофида янги лойиҳанинг марказий фигураларидан бири сифатида кўради, бироқ яхши таклифлар “Ювентус”ни ўйлаб кўришга мажбур қилиши мумкин. Унинг трансфер нархи камида 100 миллион еврога баҳоланмоқда.
“Хаби Алонсо Йилдизни “Реал Мадрид”га олиб келишни хоҳламоқда. У Мбаппедан ташқари ҳаммани бу трансфер учун қурбон қилишга тайёр. Ҳозирда “Ювентус” 100 миллион евро сўрамоқда,” дейди Жованни Бранчини.
Алонсо илгари “Бавария”да ўйнаган пайтда Йилдиз клубнинг ёшлар тизимида фаолият юритган ва улар ўша даврдан яхши муносабат сақлаб қолишган. “Ювентус”га қарши ўйин олдидан Алонсо футболчи ҳақида илиқ фикрлар билдирди:
“Ювентус” жуда яхши футболчиларга эга, Йилдиз улардан бири. У ажойиб ўйин кўрсатмоқда. Мен уни “Бавария”да ўйнаган пайтимдан биламан ва унинг ҳозирги муваффақиятини кўриб, жуда хурсандман”, дейди Алонсо
Маълумот учун, Кенан Йилдиз жорий мавсум А Серияда 7 та учрашувда майдонга тушиб, 1 та гол ва 3 голли узатма муаллифи бўлган. Ҳозирда унинг “Transfermarkt”даги баҳоси 75 миллион евро ҳисобланади.