“Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир”. Мирзиёев ИТБ анжуманидаги нутқида ҳадисдан иқтибос келтирди
Жамият
−
02 Сентябрь 2021
4808Хабарингиз бор, бугун, 2 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентда ўтаётган Ислом тараққиёт банки Бошқарув кенгашининг йиллик йиғилишида иштирок этмоқда.
Президент сўзи аввалида йиғилганларни Ўзбекистонда кўриб турганидан мамнунлигини билдирди.
“Банкнинг йиллик анжумани Тошкентда ўтказилиши ўзига хос рамзий маънога эга. Биз буни Ўзбекистоннинг ислом дунёси ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, мамлакатда сўнгги 5 йил давомида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг эътирофи деб ҳисоблаймиз”, деди Шавкат Мирзиёев.
Шавкат Мирзиёев пандемия шароитига қарамай анжуманни жонли шаклда ўтказиш имкони бўлганига тўхталиб, Имом Бухорий китобида келтирилган ҳадисдан иқтибос келтириб, шундай деди:
“Ўзбек халқининг буюк аждоди, бутун мусулмон оламининг улуғ намояндаси имом Ал-Бухорий ҳазратлари жамлаган “Саҳиҳи Бухорий” китобида зикр этилган ҳадиси шарифда айтилганидек, “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир”.
Барчамиз холис ният қилган эканмиз, Яратганнинг марҳамати билан бугун Ислом Тараққиёт Банки гуруҳининг йиллик учрашувини жонли равишда ўтказишга муваффақ бўляпмиз.
Таъкидлаш жоизки, мазкур тадбир пандемия бошлангандан бери дунёдаги халқаро молиявий институтлар орасида биринчи бўлиб ташкил этилган нуфузли анжумандир”.
Ўзбекистон Президенти Сулаймон Ал-Жассирни Ислом тараққиёт банкининг янги президенти этиб сайлангани билан табриклади.
“Менга берилган ушбу қулай имкониятдан фойдаланиб, Ислом Тараққиёт Банкининг барча аъзо давлатлари вакиллари номидан ҳурматли биродаримиз – Ал-Жассир жанобларини банк президенти лавозимида иш бошлагани билан муборакбод этаман.
Муҳтарам Ал-Жассир жаноблари! Бу юксак лавозимдаги фаолиятингизни Ўзбекистонга ташрифдан бошлаётганингиз чуқур рамзий маънога эга. Шу сабабли юртимиз билан ҳамкорлик Сизнинг масъулиятли ва шарафли фаолиятингизнинг муҳим қисмига айланади, деб ишонаман.
Мамлакатимиз тимсолида Сиз яқин ҳамкор ва садоқатли дўст топдингиз, десам, муболаға бўлмайди. Зиммангиздаги эзгу вазифани адо этишда Аллоҳ таоло Сизни ҳамиша қўлласин!” деди Мирзиёев.
LiveБарчаси