Актриса Яйра Абдуллаева вафот этди
Маданият-санъат
−
14 Май 2019
22099Бугун, 14 май куни таниқли актриса Яйра Абдуллаева 88 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.
Ўзбекистон халқ артисти Яйра Абдуллаева шифохонада оламдан кўз юмди. У жорий йил 14 август куни 89 ёшни қаршилаган бўларди. Яйра Абдуллаева бир қанча роллари билан танилган актриса Марям Ёқубованинг жияни бўлган.
Таниқли ўзбек актрисаси Яйра Абдуллаева 1930 йилда Тошкентда туғилган. Ижодий фаолиятини 1944—1945 йилларда Гавҳар Раҳимова раҳбарлигидаги хотин-қизлар ансамблида бошлаб, 1950 йилда А.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган.
1950 йилдан Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат (ҳозирги Ўзбек Миллий) академик драма театрида ишлаб, Гулнор (“Қутлуғ қон”), Гулбаҳор (“Бой ила хизматчи”), Қорасоч (“Юлдузлар жамоли”), Элейн (“Қонли сароб”), Катерина (“Момақалдироқ”), Мильфордхоним (“Макр ва муҳаббат”), Хемнолини, Камола, Хеменкори (“Ганг дарёсининг қизи”), Марям (“Жазоир – менинг Ватаним”) каби ўнлаб рангбаранг образларни яратди.
Келишган қадди-қомат, гўзал ташқи қиёфа ва ёқимли овозга эга бўлган Яйра Абдуллаева ўз ижодида юз ифодаси, имо-ишора, киноя, пичинг ва бошқа тасвирий воситалардан моҳирона фойдалана олган санъаткордир. Истеъдодли актриса томонидан яратилган Перция (“Юлий Цезарь”), Антигона (“Антигона”), Анита (“Ғариблар”), Нодирабегим (шу номли асар), Мамаева (“Ҳар тўкисда бир айб”), Гавҳаршодбегим (“Мирзо Улуғбек”), Сиёнхоним (“Жонимни ол, жонгинам”) ва бошқа етук образлар фақат Яйра Абдуллаева ижодидагина эмас, балки ўзбек театр санъати тарихида ҳам ўзига хос ўрин эгаллади.
Яйра Абдуллаева “Бой ила хизматчи” фильмидаги Гулбаҳор роли билан 1953 йилдан бошлаб ўзбек кино санъатида ўз фаолиятини бошлади, бирин-кетин “Опа сингил Раҳмоновалар” (1954), “Стадионда учрашамиз” (1956), “Ҳамза” (1960), “Виждон амри билан” (1967) каби фильмларда суратга тущди. У кинода яратган Гулбаҳор, Дилдор, Раъно, Саодат ва бошқа образлар ёрқинлиги, жозибаси билан алоҳида диққатга сазовордир. Бу образлар талқинида ҳам актриса ижодининг ўзига ҳос муҳим индивидуал қирралари ярқ этиб кўзга ташланиб туради.
Санъаткор ўзбек кино ва театр санъатида ўз ўрнига, ўз овозига эга бўлган диапозони кенг, қизиқиш доираси катта, маънавий жиҳатдан теран, тиниб-тинчимас, етук актрисадир. У бир неча ўн йиллардан бери Ўзбекистон телевидениесида ҳам фаолият кўрсатиб келмоқда. 1960 йилда яратилган биринчи ўзбек телефильми "Азизахон" даги бош роль, “Зайнаб ва Омон” (1957), “Еттинчи қадаҳ” (1977) телеспекталларидаги Зайнаб, Хоним образлари кенг санъат мухлисларига манзур бўлди. Яйра Абдуллаева 50-йиллардан бери республика радиосида қатнашиб “Театр микрофон олдида”, “Бир актёр театри” номли эшиттиришларда фаол иштирок этди.
Эврипиднинг “Медея”, Ш.Р.Рашидовнинг “Кашмир қўшиғи”, “Қудратли тўлқин”, А.С.Пушкиннинг “Дубровский” асарлари асосида тайёрланган радиоспектаклларда Медея, Баҳор, Мария образларини катта маҳорат билан ижро этди. Ибсеннинг “Нора” асари асосида тайёрланган радиоспектаклда у ҳам постановкачи режиссёр, ҳам актёр сифатида қатнашди.
Яйра Абдуллаеванинг сермазмун ва серқирра ижодий фаолияти юксак такдирланди. 1964 йилда актрисага “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвони берилди. В.Шекспирнинг “Қирол Лир” трагедиясида яратган Регина образи учун 1967 йилда Республика Давлат мукофотага сазовор бўлди.
Яйра Абдуллаева 1998 йилда “Дўстлик” ордени, 2011 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.
QALAMPIR.UZ таҳририяти марҳуманинг оила аъзолари, яқинлари ва дўстларига ҳамдардлик билдиради.
LiveБарчаси