“Akfa”, “Artel” va “UzAirways”... “Танка”си борларга берилган имтиёзлар юки кимнинг бўйнида?
Жамият
−
17 Январь 2022
167452021 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича бир қатор компанияларга солиқ имтиёзлари берилган. Улар том маънода энг бой ва энг даромадли корхоналар ҳисобланади. Солиқ имтиёзи берилган йирик компаниялар орасида биз “Artel” корхоналари тармоғи, “Акфа”, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АЖ, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва бошқа номдор компанияларни ҳам кўришимиз мумкин. Хўш, улар тўламайдиган триллионлаб солиқлар кимларнингдир елкасига тушиб қолмаяптими? Иккинчидан, уларга нима учун солиқ имтиёзи берилган? Учинчидан, солиқ имтиёзи берилган компанияларнинг балансида умумий қанча мол-мулк бор? Qalampir.uz журналисти Юлдуз Абдурашидова шу ва бошқа саволларга жавоб топиш учун Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиевга юзланди.
“Охирги саволга жавоб бермайман: балансида қанча мол-мулк борлиги солиқ сири бўлади. Буни билмайман ҳам, билганимда ҳам жавоб бермасдим.
Кимнинг елкасига тушяпти, деганда савол нотўғри қўйиляпти. Ҳеч кимнинг елкасига тушгани йўқ. Давлат фискал ва молия сиёсати доирасида қайсидир соҳаларни ривожлантириш учун солиқ имтиёзларини беради. Агар биз ўша солиқ имтиёзларини яшириб, эълон қилмаганимизда, Солиқ қўмитасига айбдор сифатида қарашингиз мумкин эди. Биз ҳаммасини очиқчасига эълон қиляпмиз. Агар ҳақиқатан ҳам Artek корхоналар тармоғига ҳам солиқ имтиёзи берилган бўлса, демак буни кўришимиз керак. Юлдузхон, энг асосий принцип шундаки, булар эълон қилиняпти, беркитилмаяпти, сир сақланмаяпти”, деди Шерзод Қудбиев.
Давлат солиқ қўмитаси раиси сўзида давом этар экан, Молия вазирлигининг барча тузилмаларидаги ходимлар жисмоний шахсларнинг даромад солиғидан озод қилингани ҳақидаги хабарларни ҳам инкор қилди. Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам даромад солиғи тўлаётганини таъкидлади.
“Биринчидан, кимга солиқ имтиёзи берилган бўлса, ҳаммасини эълон қилиб боряпмиз.
Иккинчидан, Молия вазирлигининг барча тузилмаларидаги ходимлар жисмоний шахсларнинг даромад солиғидан озод қилингани қайд этилган, ундай эмас. Солиқ кодексида белгиланганидек, охирги икки йилдан бери, ҳатто, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам даромад солиғи тўлаяпти, ким қанча даромад солиғи тўлагани ҳақида аниқ рақамлар бор.
Учинчидан, якуний бўлмаган ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йилда 1 трлн 190 млрд сўмлик товар айланмаси қайд этилган, шундан 17 фоизи нол даражадаги, 13 фоизи эса имтиёзли товар айланмаларидир. Умумий, солиққа тортиладиган айланма 833 трлн сўмни ташкил қилган, шундан 125 трлн ҚҚС ҳисобланган, 105 трлн “зачет”га ҳисобланган. Солиқ имтиёзлари ҳам бир муаммо бўлиши мумкин, аммо биз учун энг асосий муаммо – адолатли ҳисобот берилишини таъминлашдир”, деди у.
Қўмита раҳбари мол-мулк солиғидан ҳеч ким озод бўлмаслигини ҳам қўшимча қилди.
“Кейинги масала, мол-мулк солиғидан озод қилинганлар ҳақида. Аниқ айта оламанки, Ўзбекистонда ҳеч ким мол-мулк ва ер солиғидан озод бўлиб қолмайди. Озод бўлганлар ҳам, белгиланганидек, 1 фоизлик тўловлар тўлайди”, – деди Шерзод Қудбиев.
Молия вазирининг ўринбосари Дилшод Султоновнинг таъкидлашича, янги Солиқ кодексининг қабул қилиниши мамлакат учун олдинга катта қадам ташлаш бўлган. Шунингдек, кимларга солиқ имтиёзи берилганини очиқлаш ҳам хато бўлган.
“Аввало, 5 ёки 10 йил ортга қайтайлик. Аввал имтиёзларнинг ваколатлари кенг эди. Имтиёзни уч поғонага эга одамла, яъни ҳокимият, Вазирлар Маҳкамаси ва Президент бера олган. Янги кодексимиз жорий қилинганидан кейин, 2020 йилдан бошлаб, фақатгина Қонунчилик палатаси, Олий мажлис, Сенат тасдиқланганидан кейин имтиёзларнинг кучга кириши табиий бўлди. Тўғри тушунинг, бу мамлакатимиз учун олдинга катта қадам бўлди. Солиқ кодексининг 483-моддасига мувофиқ вақтинчалик имтиёзлар яратилган.
Ҳаммани қизиқтираётган шу 20 та ёки 50 та ташкилот тўғрисида гапирадиган бўлсак, бу ерда айб Солиқ бу нарсани эълон қилгани бўлди”, дея таъкидлади Дилшод Султонов.
Молия вазирлигидан келган вакилнинг сўзларига кўра, иккита мамлакатдан ташқари барча мамлакатларда банк молиявий хизматлар учун солиқ тўламайди. Тўғри, Султонов айтгандек банклар молиявий хизмат кўрсатаётгандир, аммо “Artel” корхоналар тармоғи, “Ўзбекистон темир йўллари”, “Uzbekistan Airways” каби монопол ташкилотларга кимнинг ва ниманинг ҳисобига имтиёз берилди? Ё уларнинг “шохи борми” ёки давлат бу бизнесларнинг илдиз отишининг кафилини олганми?
Дилшод Султонов кимга нима учун имтиёз берилгани ва ким қанақа имтиёзга эга эканлиги ҳақида батафсил маълумот бериш учун 1 ҳафта вақт сўради. Кўрамиз ва 1 ҳафта кутамиз.
Маълумот учун, 2022 йил бошланиши билан Солиқ кодексига киритилган қатор ўзгаришлар тадбиркорларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. 2021 йил 47 мингдан зиёд компания ва ташкилотларга солиқ имтиёзи берилган. Улар орасида сиз Akfa, Амирсой, Тўпаланг ва бир қатор банк номларини кўришингиз мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь