АҚШнинг Афғонистондан чиқиши шармандалик – Ҳамид Карзай
Олам
−
15 Август 2022
11402АҚШ ҳарбийларининг ўтган йили август ойида Афғонистондаги ҳарбий миссияни тугатиб, мамлакатни тарк этиши шармандалик бўлган. Афғонистоннинг собиқ Президенти Ҳамид Карзай DW медиакомпаниясига берган интервьюсида шундай фикр билдирди.
Карзай АҚШни Афғонистонни ёлғиз қолдириб, мамлакат тарк этгани ва шу тариқа ҳокимиятни “Толибон”га топширгани учун танқид қилган.
“Бу жуда ачинарли. Қўшма Штатларнинг Афғонистондан чиқиб кетиши усули шармандалик эди. Биз учун ҳақоратли ва Америка халқи учун оғриқли”, деган у.
“Карзай “Толибон” ҳокимиятга қайтиши фонида афғонларни бирлашишга ва ўз ҳуқуқлари, жумладан, қизлар ва аёлларнинг таълим олиш ҳуқуқи учун курашишга чақирди. У мамлакатни тарк этиш эҳтимолини инкор этиб, қийин пайтларда ватан ташлаб кетилмаганини айтган.
“Бу бизнинг мамлакатимиз. Бу бизнинг уйимиз. Қийин бўлганда уйларини тарк этишмайди. Сиз уйда қолинг ва уйингизни тартибга келтиринг. Қисқа ва аниқ”, деган собиқ Президент.
Ҳамид Карзай “Ал-Қоида” етакчиси Айман аз-Завоҳирийнинг америкаликлар томонидан йўқ қилиниши Афғонистонни яна халқаро терроризм ҳомийсига айлантириши мумкин деган фикрга қўшилмайди.
“Афғонистон ҳеч қачон глобал террор ҳомийси бўлмаган. Афғонистон глобал террор қурбони бўлди. Афғон халқи терроризмнинг энг катта қурбони бўлди. Афғонлар бутун дунё бўйлаб террор қурбонларига ҳамдардлик билдиради, чунки биз ўзимиз бундан ҳам кўпроқ жабр кўрдик. Афғонистонликлар 11 сентябрь фожиаси қурбонларига чуқур ҳамдардлик билдиради, чунки биз биринчилардан бўлиб жабр кўрдик”, деган у.
Карзай афғонлар террор қурбони бўлгани ҳолда, унга қарши кураш қурбонига ҳам айланганини қайд этди.
“Шунинг учун биз террор билан ҳеч қандай алоқамиз бўлишини хоҳламаймиз. Аз-Завоҳирий билан бўлган воқеага келсак, америкаликлар уни ўлдирганликларини маълум қилишди. “Толибон” аз-Завоҳирийнинг Қобулда бўлганидан бехабар эканлигини ва бу борада тергов олиб боришини билдирди. Шундай экан, тергов натижаларини кутамиз”, деган Карзай.
Маълумот учун, Ҳамид Карзай 2004–2014 йилларда Афғонистон Президенти бўлган.
LiveБарчаси