АҚШдаги отишмада ўзбекистонлик талаба ҳалок бўлди (видео)

3-саҳифа

image

Жорий йилнинг 13 декабрь куни Америка Қўшма Штатларининг Род-Айленд штати Провиденс шаҳрида жойлашган Браун университетида содир бўлган отишмада икки талаба ҳалок бўлди, етти киши эса жароҳат олди. Вафот этганлар орасида Ўзбекистон фуқароси, 2007 йилда туғилган Муҳаммадазиз Умурзоқов ҳам бор. QALAMPIR.UZ марҳумнинг яқинлари билан боғланди.

Қайд этилишича, Америка Қўшма Штатларининг энг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири саналган Браун университетидаги отишма оқибатида камида 2 нафар киши ҳалок бўлгани ва 7 нафар шахс оғир жароҳат олгани тасдиқланган. Вафот этганлар орасида ўзбекистонлик талаба ҳам бўлган. Марҳумнинг оила аъзолари АҚШда истиқомат қилиб келган.

“Муҳаммадазиз ўткир ақли, меҳрибонлиги ва бошқаларга ёрдам беришга доим тайёрлиги билан қадрли эди. У камтар ва очиқкўнгил инсон бўлиб, атрофдагилар томонидан чуқур ҳурматга сазовор бўлган. У иқтидорли талаба, севимли ўғил, ука ва дўст сифатида хотираларимизда қолади”, дейди Муҳаммадазизнинг яқинларидан бири.

Айни пайтда марҳум учун ҳайрия акцияси бошланган. Ушбу маблағлар юридик масалалар ва жаноза тадбирлари билан боғлиқ харажатлар учун йўналтирилиши айтилмоқда.

Ушбу фожиа ортидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги ваколатхоналари вакиллари марҳумнинг қариндошлари билан доимий алоқада бўлиб, АҚШнинг тегишли идоралари билан ҳамкорликда барча масалалар юзасидан яқиндан иш олиб бораётгани маълум қилинди.

24 ёшли Бенжамин Эриксон отишмани содир этишда гумонланиб қўлга олинган. У АҚШ Қуролли кучларида ҳарбий бўлган ва снайперлик тайёргарлигидан ўтгани ҳақида маълумотлар бор.

QALAMPIR.UZ марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдиради.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Нью-Йоркдаги байрам зиёфати пайтида хотинига камида икки марта пичоқ уриб, жиддий жароҳат етказган 46 ёшли Жамшид Неъматов полиция томонидан отиб ўлдирилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ отишма ўзбекистонлик талаба Муҳаммадазиз Умурзоқов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг