АҚШда кениялик эркак 11 сентябрь терактини такрорлашга уринишда айбланди

Олам

image

АҚШда Кения фуқароси Чоло Абди Абдулла 2001 йил 11 сентябрь терактини қайта амалга оширишга уринишда айбдор деб топилди. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлигига таяниб, “Daily mail” хабар берди.

Жанубий Нью-Йорк округи прокурори Дамиан Уильямсга кўра, 34 ёшли Абдулла “тарихдаги энг жирканч террорчилик ҳаракатларидан бирини” такрорлашга уринган. У Сомалида узоқ вақт давомида “Аш-Шабоб” гуруҳида тайёргарликдан ўтган ва йўловчи самолётини ўғирлаб, АҚШдаги бинога бориб уриш ниятида бўлган. Абдулла тижорат авиацияси учувчиси гувоҳномасини олиш арафасида турган ва бир вақтнинг ўзида йирик ҳужумни режалаштирган, шу жумладан, самолёт кабинасига кириш йўлларини ўрганиб чиққан. Адлия вазирлиги маълумотига кўра, Абдулла ўзининг “Аш-Шабоб”даги раҳбарига яширин хабарлар орқали тайёргарлик борасидаги натижаларни билдирган.

“Суд ҳайъати Чоло Абди Абдулла – “Аш-Шабоб" жангариси 11 сентябрь ҳужумига ўхшаш террор ҳаракати орқали америкаликларни ўлдириш учун тил бириктирган деган хулосага келди... Суд ҳукми Абдулланинг жиноятлари учун ўнлаб йилларни қамоқда ўтказишини кафолатлайди”, деди АҚШ Бош прокурори Меррик Гарланд.

Қайд этилишича, олтита айблов бўйича айбдор деб топилган Абдуллага АҚШ қонунчилиги бўйича 60 йилгача ёки умрбод қамоқ жазоси тайинланиши мумкин. Унинг ҳукми 2025 йилнинг 10 мартида чиқарилиши кутилмоқда.

Маълумот учун, “Аш-Шабоб” гуруҳи Сомалида фаолият юритиб, “Ал-Қоида” халқаро террорчилик ташкилоти билан яқин алоқаларга эга. Улар Сомалининг марказий ҳукуматига қарши қуролли кураш олиб бориб, БМТнинг гуманитар фаолиятига тўсқинлик қилади. АҚШ мунтазам равишда “Аш-Шабоб”нинг позицияларига зарбалар бериб келади.

2001 йил 11 сентябрь куни АҚШда “Ал-Қоида” жангарилари тўртта самолётни эгаллаб олган. Улардан иккитаси Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо марказининг эгизак минораларига урилган. Самолётларнинг учинчиси мамлакат пойтахти Вашингтон яқинидаги Пентагон биносига қулаган, тўртинчиси эса Пенсильвания штатида ҳалокатга учраган. АҚШ ҳукумати расмий версиясига кўра, терактни уюштирган Усома бин Лоден 2011 йилнинг 2 май куни Покистоннинг шимоли-ғарбида жойлашган Абботтобод шаҳридаги виллада махсус операция давомида йўқ қилинган. “Ал-Қоида” ҳам ушбу маълумотни тасдиқлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ 11 сентябрь теракти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг